Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Давлетов ҳам тан олди: ЖПКнинг 297-моддаси айбсизлик презумциясига зид!

Давлетов ҳам тан олди: ЖПКнинг 297-моддаси айбсизлик презумциясига зид!

Фото: Адлия вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 297-моддасида «суриштирувчи, терговчи, прокурор жиноят ишини тергов қилиш чоғида жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаб чиқиб, тегишли давлат органига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига, жамоат бирлашмасига, жамоага ёки мансабдор шахсга ана шу сабаб ва шарт-шароитларни бартараф қилиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритиши» белгилаб қўйилган (тақдимноманинг нусхаси иш материалларига қўшиб қўйилади).

Муайян жиноят иши терговининг якуни — ҳали айбланувчи қип-қизил жиноятчи дегани эмас. Олдинда суд турибди. Конституцияга кўра: «жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди» (26-модда).

Хўш, муаммо нимада?

Гап шундаки, прокурор (суриштирувчи, терговчи) киритган тақдимнома тегишли ташкилот ёки бирлашма томонидан дарҳол кўриб чиқилиши керак. Тақдимнома муҳокамаси жараёнида эса «иши» э-энди судга ошган шўрлик «жиноятчидан олиб, жиноятчига солиниши»нинг эҳтимоли жуда катта. Ваҳоланки, унинг айби суд томонидан аниқланмагунча жиноятчи деб бўлмайди.

Жиноят қонунчилигидаги айни меъёрлар айбсизлик презумпциясига, демакки, шахснинг конституцион ҳуқуқига дахл қилмаяптими?

Бугун Адлия вазирлигида ўтган очиқ мулоқотда янграган айни саволга жавобан вазир Р.Давлетов «аравани қуруқ олиб қочмади». Икки оғиз гап билан савол ўринли эканини айтди-қўйди.

Бундан англашиладики, ЖПКнинг 297-моддасига ўзгартириш ёки қўшимча киритишнинг вақти етган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг