Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

01 Июн, 2019

Ҳотамжон Кетмонов партия раислигидан кетгани айтилмоқда

Жамият 01/06, 13:01 0 3099

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани айтилмоқда. Бу ҳақда «Human.uz» хабар берди.

Маълум қилинишича, унинг ўрнига Наманган давлат университети ректори лавозимида ишлаб келаётган Улуғбек Иноятов тайинланди.

Маълумот ўрнида, Ҳ.Кетмонов ХДПни 2013 йилдан буён бошқариб келган. У.Иноятов эса 2018 йил июн ойида ректорликка тайинлангунга қадар, халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келган.

22 Май, 2019

Сарвар Отамуродов «Миллий тикланиш» партиясидан кетди

Жамият 22/05, 13:52 0 3493

Сарвар Отамуродов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан «Миллий тикланиш» партияси раҳбарлигидан кетган. Бу ҳақда «Davletovuz» канали хабар берди.

Ушбу хабар юзасидан «Миллий тикланиш» партияси матбуот хизмати билан боғландик. Матбуот хизмати ходими бу ҳақда ҳали хабари йўқлигини билдирди.

Қайд этилишича, Сарвар Отамуродов «Ўзагросуғурта» компанияси раҳбари этиб тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Сарвар Отамуродов 2016 йилнинг декабрида ўтказилган Ўзбекистон президентлиги сайловида «Миллий тикланиш» партиясидан номзод сифатида иштирок этган.

 

21 Май, 2019

Молия вазирига биринчи ўринбосар тайинланди

Иқтисодиёт 21/05, 22:33 0 2916

Айтишларича, Тимур Ишметов молия вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. Бу ҳақда телеграмдаги «davletovuz» канали хабар берди.

У бунгача 2017 йилнинг июль ойидан буён Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди. Ундан аввал эса Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

Тимур Ишметов 1979 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 2000 йили Тошкент Молия институтининг Молия ва кредит факультетини, 2005 йили Бирмингем университетининг International Money and Banking йўналиши бўйича магистратурасини, 2007 йили Тошкент Давлат Юридик институтининг «Ҳуқуқшунослик» факультетларини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2000 йили Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида иқтисодчи вазифасида бошлаган.

2017 йил апрель ойига қадар турли лавозимларда ишлаб, Марказий банкнинг Монетар операциялар департаменти, Халқаро резервларни бошқариш департаменти, Ички валюта бозоридаги операциялар департаменти, Валютани тартибга солиш ва назорат қилиш департаментларига раҳбарлик қилган.

10 Май, 2019

Президент ташрифидан сўнг Учтепа ҳокими ва уч сектор раҳбарлари бўшатилгани айтилмоқда

Иқтисодиёт 10/05, 23:47 0 5639

Бугун, 10 май куни президент Шавкат Мирзиёев Учтепа туманида бўлиб, туман раҳбарлари, маҳаллалар раислари, зиёлилар, мутасаддилар билан учрашув ўтказгани ҳақида хабар бергандик.

Учрашувда давлатимиз раҳбари туманда саноат ишлаб чиқариши Тошкент шаҳри кўрсаткичидан 2 баробар камлиги, бошқа соҳалар ҳам энг паст даражада эканини кўрсатиб ўтганди.

Шайхонтоҳур тумани депутати Бобур Расулов маълум қилишича, йўл қўйилган камчиликлар сабаб Тошкентнинг Учтепа тумани ҳокими Шуҳрат Атамуҳамедов ва яна уч сектор раҳбари (прокурор, ИИБ ва солиқ бошлиқлари) лавозимидан озод қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Шуҳрат Атамуҳамедов бундан бир йил аввал Учтепа тумани ҳокими этиб тайинланганди.

Қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев яна ҳокимликка қайтди

Жамият 10/05, 23:27 0 6157

Қурилиш вазири лавозимида ишлаб келган Абдуқаҳҳор Тўхтаев Шайхонтоҳур тумани ҳокими этиб тайинланган.

Бугун, 10 май куни бўлиб ўтган Шайхонтоҳур Халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессиясида унинг номзоди бир овоздан тасдиқланган. Бу ҳақда Шайхонтоҳур тумани депутати Бобур Расулов маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқаҳҳор Тўхтаев қурилиш вазири этиб тайинлангунига қадар Тошкент шаҳар ҳокими (2005-2011), Жиззах шаҳар ҳокими (2016-2017) ҳамда Олмазор туман ҳокими (2017-2018) бўлиб ишлаган.

Шунингдек, Шайхонтоҳур тумани ҳам унга бегона эмас, у 1996-1999 йилларда шу туманни бошқарган.

04 Май, 2019

«Маданият ва маърифат» телеканали раҳбари лавозимидан озод этилгани айтилмоқда

Инсайдер 04/05, 12:00 0 3408

Айтишларича, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, «Маданият ва маърифат» телеканали раҳбари Фарҳод Тўраев эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда «Xabar.uz»га ЎзМТРКдаги манба хабар берди. 

Шунингдек, унинг ўрнига «Оила ва жамият» газетаси бош муҳаррири Воҳид Луқмонов тайинланиши кутилмоқда.

Фарҳод Тўраев «Маданият ва маърифат» телеканалига 2018 йил август ойида директор сифатида тайинланган. Аввал Самарқанд телевидениесида ҳам фаолият юритган. 

17 Март, 2019

МИБ ўзининг «мажбурий» мақомидан айрилиши мумкин

Инсайдер 17/03, 12:29 0 15246

Сўнгги вақтларда Мажбурий ижро бюроси ҳақида янграётган кўплаб фикрлар, эътирозлар, танқидлар ортидан, ниҳоят, бу хизмат фаолияти қайта кўриб чиқиладиганга ўхшайди.

«Xabar.uz»да эълон қилинган мақолаларнинг бирида Ўзбекистон тарихида МИБ мисолида мисли кўрилмаган воқелик — прокуратуранинг қонуний тижорийлашуви жараёнини бошимиздан кечираётганимиз ҳақида мулоҳаза юритилганди. Унда МИБнинг вазифаси мажбурият эмас, аслида хизмат экани эслатилганди.


Мавзуга оид: МИБ: «Қарзингиз бўлса нохуш вазиятга тайёр туринг...»


Ўзи аввал бошданоқ бу ташкилотнинг прокуратура тизимида бўлиши турли баҳсларга сабаб бўлаётган эди. Давлатнинг жазоловчи механизмига айланиб қолиши, албатта, унинг обрўсини оширмайди.

МИБ Адлия вазирлиги ҳузурида ёки алоҳида мустақил ташкилот сифатида, ҳеч бўлмаганида, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги қошида ташкил этилиши кераклиги таклиф қилинганди.

«Xabar.uz»нинг манбаси хабар беришича, яқин вақт ичида Мажбурий ижро бюроси фаолияти қайта кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Маълум бўлишича, ҳозирда бир неча вариант кўриб чиқилмоқда ва улардан бири танланиши мумкин:

  1. МИБ Бош прокуратура ҳузурида қолади ва унинг номидаги «мажбурий» сўзи олиб ташланиб, бюрога айлантирилади.
  2. МИБни алоҳида мустақил ташкилот сифатида йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилади.
  3. МИБ Бош прокуратура таркибидан чиқарилиб, Адлия вазирлиги ҳузурида фаолият олиб борувчи хизматга айлантирилади.

Шунингдек, бюро таркиби катта қисқартиришларга тушиши ҳам айтилмоқда.

Аввалроқ, мажбурий ижро бюроси қошидаги «Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази» давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилганди.

Куни кеча эса, Президент фармони билан Ўзбекистон прокуратура органлари тизимида айрим лавозим (жумладан, Бош прокурор ўринбосари лавозимларининг иккита штат бирлиги) ва бошқармалар тугатилди, Агросаноат инспекцияси Бош прокуратурадан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди. Мазкур ҳужжатдан прокуратура органларида кадрлар сиёсатини қайта кўриб чиқиш, тизимни ўз лавозимига нолойиқ, профессионал ва ахлоқий талабларга жавоб бермайдиган ходимлардан тозалашга доир вазифалар ҳам ўрин олди.


Мавзуга оид: Қонундаги бўшлиқми бу ёки «Острогорский-мострогорский»лардан қолган мерос?


Бу ўзгаришлар нимани англатади?

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда инсон манфаатлари, тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш масалаларига деярли ҳар бир чиқишида алоҳида тўхталади, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши каби ҳолатлар учраб турганини кескин танқид қилиб келади. Бу борада вазият сезиларли даражада ўзгарди. Халқаро ҳамжамият Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу қадамларини олқишламоқда.

Бу йўналишда президент томонидан белгилаб берилаётган чора-тадбирлар инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамон давом этаётганини ва олдинда бизни жиддий ўзгаришлар кутиб турганини билдиради.

19 Феврал, 2019

Шавкат Мирзиёев Сирдарёга учиб кетди

Сиёсат 19/02, 10:08 0 4174

Президент Шавкат Мирзиёев бугун 19 февраль куни ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюради.

«Xabar.uz» манбасининг хабар беришича, президент Сирдарёга вертолётда учиб кетган.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг охирги сафари Жиззах вилоятига бўлганди.

01 Феврал, 2019

ЎзМАА Президент администрацияси таркибига киритилади. Комил Алламжоновнинг мақоми оширилади

Инсайдер 01/02, 20:58 0 4034

Айтишларича, Президент Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги фармон ва қарорни имзолаган. Бу ҳақда телеграмдаги «davletovuz» канали хабар берди.

Унга кўра, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига айлантирилган. Агентлик директори эса лавозим бўйича давлат раҳбари маслаҳатчиси биринчи ўринбосарига тенглаштирилган.

Шундай қилиб, агентлик ҳукумат таркибидан чиқарилган ҳамда давлат ахборот сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги ваколатли органга айлантирилган. Оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, вазирлик ва идоралар матбуот хизматлари фаолиятини яхшилаш ҳамда давлат органлари очиқлигини таъминлаш унинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Бундан келиб чиқадики, давлат ахборот соҳасини ислоҳ қилишни бошлаган. Бу ислоҳотга эса Президентнинг собиқ матбуот котиби К.Алламжонов масъул бўлади.

31 Январ, 2019

Хоразмда яна бир суд ходими пора билан қўлга олинган

Инсайдер 31/01, 18:48 0 3629

Хабарларга қараганда жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди судья ёрдамчиси пора билан қўлга тушган. Пора миқдори катта  эмас: икки юз эллик минг сўм!

«Xabar.uz» манбасига кўра, судья ёрдамчиси шу пул эвасига бир фуқаронинг маъмурий суддаги «иши»ни ижобий ҳал этишга ваъда берган. Бироқ...

Мазкур воқелик юзасидан ваколатли органлар томонидан ҳозирча ҳеч қандай маълумот берилгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, яқинда фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси 12 минг АҚШ долларини пора тариқасида олаётганда қўлга тушган эди.

Яна