Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Расман: Роскомнадзор «Telegram»ни блоклашни тўхтатди

Расман: Роскомнадзор «Telegram»ни блоклашни тўхтатди

Фото: «iPhones.ru»

Роскомнадзор матбуот хизмати «Telegram» мессенжерига қўйилган барча чекловлар бекор қилинганини маълум қилди. Идора сайтида хабар берилишича, РФ Бош прокуратураси билан ўзаро келишув асосида шу қарорга келинган.

Роскомнадзор «Telegram» асосчиси Павел Дуровнинг терроризм ва экстремизмга қарши курашишга тайёрлигини юқори баҳолашини маълум қилди.

Дуров 4 июнь куни Россия ҳукуматига қилган мурожаатида мессенжерни блоклашни тўхтатишни сўраб, «Telegram»нинг Россиядаги 30 миллион фойдаланувчисига сервисдан янада қулай фойдаланишга имкон беришга чақирганди.

15 июнь куни Россия Давлат думасига мессенжерни Россия Федерацияси ҳудудида блоклашни тўхтатиш тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси киритилганди. Ҳужжат муаллифлари коронавирус эпидемияси пайтида россиялик амалдорлар «Telegram»дан очиқчасига ва расман асосий ахборот ресурсларидан бири сифатида фойдаланишганини таъкидлашган.

Эслатиб ўтамиз, Павел Дуров томонидан асос солинган «Telegram» мессенжери Россияда 2018 йилнинг 13 апрелидан блоклана бошлаганди. Бунга Дуров мессенжер фойдаланувчиларининг ўзаро ёзишмалари шифрлари калитларини Россия Федерал хавфсизлик хизмати билан бўлишишга рад жавоб беришини сабаб бўлганди. Роскомнадзор «блокадаси» даврида миллионлаб IP-манзиллар, хусусан, «Amazon» тубтармоқларида жойлашганлари ҳам ёпиб қўйилганди. Идора булардан блоклашни четлаб ўтишда фойдаланилганини таъкидлаган. Кўп сонли блоклашларга қарамасдан, «Telegram» Россия ҳудудида фаолиятини нисбатан барқарор давом эттириб келган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг