Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Салоҳга аталган оқшом. «Ливерпуль» «Рома» дарвозасига бешта гол урди (видео)

Салоҳга аталган оқшом. «Ливерпуль» «Рома» дарвозасига бешта гол урди (видео)

Фото: «Eurosport»

Европа чемпионлар лигаси ярим финалининг биринчи учрашуви, ҳеч шубҳасиз, мусобақа тарихидаги энг чиройли ўйинлардан бирига айланди. Беллашув шиддати, унда киритилган чиройли голлар мухлисларни бир лаҳзага бўлса-да, мижжа қоқишга йўл қўймади.

Учрашувни майдон эгалари ҳужумкор бошладилар — Мане бир қатор қулай имкониятлардан унумли фойдалана олмагач, ҳисоб 35-дақиқада Муҳаммад Салоҳнинг суперголи билан очилди. Чап оёқда дарвозанинг нақ тўққизлигини нишонга олган мисрлик футболчи «Олтин тўп»га асосий даъвогар эканига ишора қилгандек бўлди. Биринчи бўлим якунида яна унинг ўзи ҳимоячилардан илгарилаб кетиб, орадаги фарқни оширди.

Иккинчи бўлимда мухлислар яна бешта голга гувоҳ бўлдилар. 56-дақиқада Салоҳнинг узатмасини Мане гол билан якунлаган бўлса, орадан беш дақиқа ўтиб, яна мисрлик футболчи голга ҳаммуаллифлик қилди. Бу сафар Фирмино унинг узатмасини кўкка совурмади. Бразилиялик футболчи гарчи боши билан гол уришда у қадар маҳоратли саналмаса-да, бу оқшом омад у ва жамоаси томонида эди — Фирмино бурчакдан узатилган тўпни боши билан дарвозага аниқ йўллаб, бешинчи голни киритди.

Барчаси шу тахлит якун топадигандек туюлган бир паллада «Рома» ниҳоят «уйғонди». Аввалига Жеко жамоасининг биринчи голини киритган бўлса, тўп Милнернинг қўлига теккач белгиланган пенальтини Перотти аниқ амалга оширди. Римликлар ана шу икки гол туфайли жавоб ўйини учун интригани бироз бўлса-да, қайтаришга муваффақ бўлдилар.

Шу тариқа «Ливерпуль» биринчи ўйинда йирик ҳисоб билан ғалаба қозонди. Жавоб ўйини 2 май кунига белгиланган.

«Ливерпуль» Англия – «Рома» Италия 5:2 (2:0, 3:2)
Голлар: 1:0 – 35 Салоҳ, 2:0 – 45 Салоҳ, 3:0 – 56 Мане, 4:0 – 61 Фирмино, 5:0 – 68 Фирмино, 5:1 – 81 Жеко, 5:2 – 85, пенальти Перотти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг