Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ Ливиядан қўшинларини олиб чиқиб кетишини эълон қилди

АҚШ Ливиядан қўшинларини олиб чиқиб кетишини эълон қилди

Фото: «360tv.ru»

АҚШнинг Африкадаги қўшинлари қўмондонлиги Ливия ҳудудидан ўз аскар ва офицерларини олиб чиқиб кетишга қарор қилди. Бунга сабаб сифатида мамлакатда вазият қалтислашгани кўрсатилган.

Бу ҳақида Американинг Африка қитъасидаги ҳарбий гуруҳи матбуот хизмати хабар қилиб ўтган.

— Ливияда юзага келган қалтис вазият туфайли Америка қўшинлари контингенти вақтинча мамлакатдан чиқиб кетади. Америка ҳарбийларининг Ливиядаги ҳарбий вазифаси дипломатик миссияларни қўллаш, терроризмга қарши кураш, ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш ва бутун ҳудудда хавфсизликни кучайтиришдан иборат, — дейилади баёнотда.

АҚШ денгиз пиёда қўшинлари генерали, Американинг Африкадаги қўшинлар гуруҳи қўмондони Томас Вальдхаузернинг таъкидлашича, Ливиядаги вазият борган сари оғирлашиб, беқарор бўлиб боряпти. Унинг айтишича, АҚШ мамлакатдаги ҳолатни кузатиб боради.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилда Ливияда фуқаролар уруши келиб чиққан эди. Унга кўра мамлакатни 1969 йилдан буён бошқариб келган полковник Муаммар Каддафи ағдарилган ва ўлдирилганди. Унга қарши бўлганлар сафида Франция, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатлар коалицияси кураш олиб борган.

Шундан сўнг Ливияда қўшҳокимлик юзага келганди. Шарқда, Тобрук шаҳрида парламент бошқаруви ташкил этилган, ғарбда, Триполида эса миллий келишув ҳукумати амалда бўлган эди.

Ливия миллий армияси қўмондони Халифа Хафтар мамлакат пойтахти Триполига юриш бошлагач, Америка қўшинлари чиқиб кетишга қарор қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг