Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

Ўқитувчиларни муҳофазаловчи қонун керак!

Ўқитувчиларни муҳофазаловчи қонун керак!

Фото: «Sirkhtb.uz»

Етарлича оҳ-воҳ чекдик. Энди бундай фожиа такрорланмаслиги учун чоралар ҳақида ўйлайлик.

Турли таклифлар айтилаяпти. Кўпчилик ўқитувчининг ўзини айблаяпти, қўйдек ҳайдаса кетаверадими, бормайман, кўча тозаламайман десин деяпти. Лекин, назаримда, бу жаҳл устида айтилган гап, конструктив таклиф эмас. Бундай деётганларни қораламайман, жон аччиғида, ичи куйиб айтишаяпти. Бироқ эҳтирослардан тийилиб бир ўйлаб кўрайлик, улар кўча тозалашга чиқмайман десалар нима бўлади?

Параллел келтираман: журналистларни олинг. Ҳақ гапни айтиш имкони бўлмагани учун қанчаси ёзмайман деди, соҳадан кетди. Нима бўлди? Ҳақ гапни айтолмайдиган журналистларсиз қийин деб биров бир нимани ўзгартирдими? Маддоҳ босиб кетди-ку ҳамма ёқни.

Таълимдан кадрларнинг бошқа соҳага кетиши бундан даҳшатлироқ ҳолатга олиб келади. Менимча, ҳозир энг тўғри йўл ― ўқитувчиларни қонун ва жамоатчилик ҳимоясига олиш. Чунки ҳеч қачон системага қарши мурватнинг ўзи курашолмайди. Системага қарши курашиш учун иродали бошқа бир система керак.

Мен айни дамда кучли давлат муҳофазаси ва кафолатларини таъминлайдиган қонун ҳамда унинг ижросини назорат қиладиган ҳушёр жамиятни шундай система сифатида кўраяпман. Ўқитувчига мадад бўлишимиз, худди кутубхоналарни, бошқа моддий ютуқларни ҳимоя қилгандек, уларни ҳам муҳофазалашимиз керак.

Табиатни муҳофаза қилиш бошқармасининг рухсатисиз кўчадаги битта дарахтни кесиб бўлмаса экану, ўқитувчини иш жойидан қўзғатиш ва бошқа юмушларга жалб қилиш учун маҳаллий даражадаги раҳбарнинг оғзаки буйруғи кифоями? Бу нотўғри!

Таклифларим:

  1. Ўқитувчиларни соҳадан ташқаридаги турли даражали раҳбарлардан ҳимоялайдиган қонун ишлаб чиқилиши керак. Унда таълим ходимларини жамоат юмушларига жалб қилиш тақиқланса (ҳатто ўзлари ариза ёзиб илтимос қилган тақдирда ҳам. Дарс пайти «виждон амрига бўйсуниб» кўча тозалагиси келса, соҳасини ўзгартирсин).
  2. Қонун ижроси давлат ва жамоатчиликнинг кучли назоратига олинса. Мониторинглар ўтказилиб, муаллимларнинг кўча тозалаётган, сайлов ва бошқа тадбирлар ташкилотчилиги билан шуғулланаётган ҳолатлари аниқланса ва чора кўриш ваколатига эга ташкилотларга ҳамда ОАВга маълум қилинса.
  3. Ўқитувчилар учун «қайноқ линия» очилса ва ўз вазифасидан бошқа ишга жалб қилинган ҳолларда дарҳол тегишли жойларга, жамоатчиликка хабар етказиш имкони яратилса. Бу иш давлат ташаббуси билан ва унинг назорати остида қилинса, ўша «қайноқ линия» ҳеч бўлмаса бир йил «президет портали» каби режимда ишласа, жуда зўр бўларди.

Мана конструктив таклиф! Депутатлар бўлса, тег қилсангиз ёки шахсан етказсангиз, миннатдор бўлар эдим.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг