Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Япон императори тақдирлаган ўзбек гўркови

Япон императори тақдирлаган ўзбек гўркови

Мироқил Фозилов.

Фото: Анвар Намозов.

Мозорга йўқлов

Қабристонни зиёрат қилиб туринглар, зеро, у сизларга охиратни эслатади.

Ҳадиси шариф

Мен бу инсонни излаб Тошкентдаги Яккасарой қабристонига бордим. Жимжит масканда турли-туман қабрлар дўмпайиб турарди. Аммо бу даргоҳ кимсасиз эмас, кимдир марҳум отаси кўмилган қабрни тартибга келтираяпти, бошқа бировлар ободончилик юмуши билан банд. Мозор озода, покиза.

Мироқил ака аёл-ишчиларга иш тақсимлаб бераётган экан. Кейин менга юзланди. Илк учрашувдаёқ минг йиллик қадрдонимни кўргандек бўлдим. Жуссаси кичик, чеҳраси очиқ, самимий бу қариянинг юзида қандайдир нур бор эди.

– Мироқил Фозиловман, Оқил ота ҳам дейишади, 1941 йил 21 октябрда туғилганман. Отажонимнинг ишини давом эттираяпман. У киши олтмиш йил қаради шу мозорга. Пенсияга чиққунча ишлаган. Пенсиядан сўнг акам ишлаган, кейин эса мен келдим. 1972 йилда ҳам ишлаган эдим, ўшанда акамнинг тоби бўлмай қолганди. 1980 йили қайта келдим.

Мироқил отанинг илк бор қабр кавлагани ёдида. Ўшанда Олой бозори томонда мозор бузилган, шаҳардаги барча гўрковларни чақириб, суякларни олиш буюрилган эди. Фозил ота ҳам бориб, иш билан андармон бўлди. Ўлим сўраб йўламайди – бу ёқда аза чиқиб қолди: маҳалладаги Маҳаммат ака деган киши вафот этди. Ўн олти яшар йигитнинг ана шу марҳум учун қабр қазишига тўғри келди. Чунки отаси пешинга етиб келаман деб улгурмади. Марҳумнинг жуссаси илк бор гўр кавлаган гўрковники сингари кичик эди, расм-русуми адо этиб дафн қилинди. Ёш гўрков қўрқмади, чунки ўшанда уларнинг уйи шу қабристон ҳудудида, ўзи эса отасига ёрдам бериб, ҳаммасини кўриб-билиб юрарди.

Ўша куни бошқа мозордаги суякларни кўчирган Фозил ота Яккасарой қабристонида не-не марҳумларни дафн этмаган дейсиз! Миллатига қараб ўтирмади. Ўз ишини, ўз бурчини адо этди. Жумладан, япон асирларини якка ўзи кўмди.

79 мажруҳ мусофир

Уруш — қироллар эрмаги.

Инглиз мақоли

Урушни қироллар бошлайди, халқлар, элатлар жабр кўради. Айниқса, аскарлар ўлади, майиб-мажруҳ бўлади. 1945 йили Иккинчи жаҳон урушида Квантун армияси совет қўшинларидан енгилгач, япон жангчилари қуршаб олинди. Уларнинг аксарияти ўзини ўлдиришга улгурди, қолгани Совет иттифоқи қўшинлари томонидан асир олинди. Шундан сўнг япон маҳбуслари кўплаб республикаларга оғир ишларга юборилди. Жумладан, Ўзбекистонга йигирма уч минг ҳарбий асир жўнатилган.

Уларнинг ёрдами билан Тошкентда Навоий, Муқимий театрлари, марказий телеграф, маданият вазирлиги бинолари, тўқимачилик комбинати қурилди. Шунингдек, Чирчиқда иккита завод, кимёгарлар маданият саройи бунёд этилди. Япон асирлари юқори вольтли электр тармоғини Бекободдан Тошкентгача тортиб келишди. Фарҳод ГЭСи қурилди. Маъмурий ва яшаш жойлари, йўллар, тўғонлар барпо этилди.

Собиқ иттифоқ бўйлаб ишга юборилган япон асирларини секин-аста ўлдириб юбориш ҳақида марказқўмнинг махфий буйруғи бўлган, ҳукумат таркибидаги ўзгаришлар туфайлигина бу қатлиом амалга ошмай қолган. «Ожиз, нотавон одам — денгизга ташланган қайиқ мисоли», — дейилади япон мақолида.

Бу собиқ ҳарбийларнинг ёши 20-30 да бўлиб, 1945 йилдан 1949, баъзилари 1950 йилгача Ўзбекистон ҳудудида эди. 800 дан зиёд аскар турли сабабларга кўра шу юртда ҳаётдан кўз юмди. Тошкентнинг Яккасарой қабристонида 79, Тошкент вилоятида 8, Қўқонда 240, Андижон вилоятида 32, Бекободда 146, Бўстонлиқда 13, Фарғонада 2, Ангренда 133, Бухорода 153 нафар япон асири дафн этилган.

– Тошкентга юборилган асирларни текстил комбинати биносида асрашган, – дейди Мироқил ота. – Бу ерга келадигани икки юз эллик нафарча эди. Улар электр станцияси қуришар, қабристон ёнидаги кўчадан яёв олиб ўтиларди. Орасида ёшлари кўп эди. Бизни уларнинг ёғоч оёқкийими ўзига жалб қиларди. Бундай пойабзалда одимлаш учун асирлар оёғини баланд кўтариб юришга мажбур бўларди. Онажоним ниҳоятда кўнгли бўш одам эди. Соқчилар қуршовидаги япон асирларини кўриб йиғларди. Уйимиз улар олиб ўтиладиган кўчага яқин бўлган. Шафтоли, олма, узум ўсиб ётар, онам бу меваларни узиб, японларга берарди. Соқчилар индамасди.

Етмиш тўққиз нафар япон асирининг пешонасига Тошкентда ўлиш ёзилган экан. Улар шу қабристонда дафн этилди. Фозил ота етмиш тўққизта гўр кавлади, етмиш тўққиз марта дуо ўқиди, етмиш тўққиз жасад кўмди.

– Отажоним «Биров етмаган, қарагин, мусулмончилик, Аллоҳ битта» дер эди, – хотирага чўмади Мироқил ота. – Ёз пайтларида ёниб кетмасин деб вақтли туриб ўт ўрарди. Уйимиз мана шу қабристон ҳудудида эди. Кейинроқ отам японлар кўмилган жой атрофидан пахса девор уриб чиқди. Биз бочкада сув ташиб, лой қориганмиз.

Маълум вақт ўтгач пахса девор бетон блок билан алмашди. 1990 йили Япония билан борди-келди кучайгач, бетон девор олиб ташланиб, панжара ўрнатилди.

Элчи тиз чўккан кун

Ютуқнинг калити – меҳнатда.

Ўзбек мақоли

Фозил ота қабристонга олтмиш йил қаради. У кишининг вафотидан сўнг, мана қирқ йилки, Мироқил ота асло назоратни канда қилмайди. Оилада тўрт ўғил, икки қиз эдилар. Мироқил ота – тўртинчи фарзанд. Катта акаси ҳайдовчи, опаси ҳамшира бўлган. Бугун дўхтир синглиси билан ўзи қолди. Бир вақтлар худди падари бузрукворининг қаватида ёрдамчи бўлгани каби энди ўзининг ўғиллари ҳам Мироқил отага кўмакчи. Уч ўғли, икки қизи бор. Икки ўғли Мироқил отанинг ишини давом эттирмоқда, бири эса банкда фаолият кўрсатади.

Япония ҳукумати Ўзбекистонда кўмилган марҳум фуқароларига кўрсатилган эҳтиромни асло эътиборсиз қолдирмади. Дастлаб элчихонадан келиб Мироқил ота билан суҳбатлашишди. Кейин сакура кўчатини экиб кетдилар. Ёз ойларида сакурани ҳар куни суғоришга тўғри келади, акс ҳолда қурийди. Мироқил ота кўчатларга сув қуйиб, асраб-авайлади, тозалик, ободончиликка азалдан ўч эмасми, улкан қабристоннинг бир қисми бўлмиш япон мозорини ҳам ораста, покиза сақлади. Мироқил Фозилов ҳақида Япониядаги газетага ёзиб чиқишди. Бу эса янада японларнинг эътиборини тортди, қабристонга келадиганлар кўпайди. Отахонни яхши таниб қолишган. Узоқдан кўриб, «Миракил, Миракил» деб келаверишади.

2017 йилнинг 16 декабрида Мироқил ота Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонасига таклиф қилинди. Отахон яқинлари билан бирга борди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигидан вакиллар, журналистлар ҳам келишди. Даставвал митинг, сўнг тақдирлаш маросими бўлди. Япон элчиси Мироқил акани император ордени билан тақдирлади. Даражаси жиҳатидан олий эди бу мукофот.

«Япония императори император саройида Ўзбекистон фуқароси Фозилов Мироқилни кунчиқар қуёш ва кумуш нурлари ордени билан мукофотлаш тўғрисида муҳр қўйди», — деб ёзилганди. Ўзбекистонлик гўрков, ота ишининг давомчиси чиройли ва шарафли меҳнати туфайли япон императорининг нуфузли мукофотига муносиб кўрилган эди. Орденни тақар экан, элчи жаноблари чўккалаб, Мироқил отанинг оёғини ўпмоқчи бўлди. «Нима қилаяпсиз?», — деб дарҳол уни кўтариб олди Мироқил ота. Кўзда ёш, ҳаяжонли дақиқалар эди ҳамма учун. Шундан сўнг барчани тўкин дастурхон атрофига таклиф қилишди. Бу отахон ҳаётидаги энг унутилмас кун бўлди. Ҳозир Япония сафарига таклиф қилишган.

– Худога шукур, Аллоҳ мени юрғазиб қўйибди, – дейди Мироқил ота. – Пенсияга чиққан бўлсам ҳам ишлаган масканимдаман. Раҳбарлар қўйишмади, ишлаб турасиз дейишди. Анча юмушларни амалга оширдик. Ушбу қабристон ободончилик бўйича шаҳарда биринчи ўринда туради. Мен ҳар куни бир айланиб чиқаман. Супуриш, гулларни ўташ, дарахтни буташ каби ишлар бор.

Айтиб бўлмайдиган сирлар

Авом халқ орасида майитлар билан боғлиқ турли гап-сўзлар юради. Марҳумлар руҳи гўрковларни безовта қилади дейишади. Гоҳида мурда ўлмаган, комага тушган бўлади-ю тирилиб кетади дейдиганлар ҳам бор.

– Йўқ, бундай ҳодисалар рўй бермаган, – дейди Мироқил ота. – Бу ишни қиладиганлар ниҳоятда пок бўлишлари керак. Акс ҳолда майиб қилиб қўяди. Алоҳида эътибор қаратиб, озода бўлиб, бировга ёмон гапирмай, ширинсўз бўлиш керак. Не-не одамлар олдимга келишади, Оқил ака, сиз билан суҳбатлашайлик дейишади. Гўрковлик ҳам оддий юмуш, аммо энг асосий сирларни айтиб бўлмайди. Аслида шариатда ҳар бир мўмин мусулмон гўрковлик, ғассоллик қилиши керак дейилади. Ота вафот этса ўғил, онани қизи ювиши керак. Баъзилар ўзим қўяман деса, майли, лаҳадга қўйиб чиқаверсин.

Мироқил отанинг шогирдлари ҳар хил мозорларда ишлашаяпти. Бу йил япон мозорига японларнинг ташрифи янада кўпайди. Бир кунда уч-тўрт маҳал келишаяпти.

Совет даврида бир воқеа бўлган. Райком котиби аёл киши эди. Узун қора плаш кийиб, қора кўзойнак тақиб келарди мозорга. Айланиб чиқарди. Бирорта ота ўғиллари билан қабрни зиёрат қилаётган бўлса, нега боласини эргаштириб келади деб дўқ урарди. Отаси, онаси ўлганида айримлар жанозада қатнаша олмаган, акс ҳолда ишдан бўшатилган.

– Бугун президентимиз шунча шароит яратаяпти, – дейди самимий оҳангда Мироқил ота. – Ҳамма жой тинч-осойишта. Динимизга кенг йўл очиб берди. Тўғри юр, намозингни ўқи деяпти. Турли оқимга кирганлар, адашиб қолганлар кечирилмоқда. Япония императори, япон халқига ҳам раҳмат, бизнинг меҳнатимизни эътиборга олгани учун.

Фозил ота авлиёсифат инсон эди. 1993 йили 99 ёшда вафот этди. Ойимбуви эса 85 ёшда ҳаётдан кўз юмди.

Ҳаждаги ғаройиб воқеалар

2008 йили Мироқил отага ҳажга бориш бахти насиб этди. Уч кун Мадинада бўлишди, тўртинчи куни зиёратчиларни Маккаи-мукаррамага олиб кетишди. Мироқил ота Каъбани биринчи тавоф қилишида: «Марҳум ота-онамга бағишлайман, билиб-билмай қилган гуноҳларим бўлса кечиргайсан. Қабул қилгувчи ўзингсан», — деди. Аллоҳдан астойдил сўради. Каъбанинг ярмига борганида рўпарасида... марҳум ота-онасининг қўлларидан ушлаган ўзининг аёли пайдо бўлди. Худди плакатга солиб қўйган расмдагидек. Фозил ота дуо қиларди: «Болам, бардам бўл, худо қувват беради, амалларни бажарасан». Дуонинг шарофати эди бу. Мироқил ота ҳам, хотини ҳам қўлларидан келганча Фозил отанинг дуоларини олишган. Кўп дуо қилиб кетган.

– Ўша ерда йиғладим, додладим. Мираҳмад ака деган шеригимизга айтдим. Отажоним дуо қилаяпти дедим. Худди ҳозирги манзарадек аниқ эди ҳаммаси. Отам жудаям эътиқодли бўлган.

Йигирма бир ва ўн етти кунлик сафар ҳам ўтди. Эрталаб автобус ҳожи бўлганларни аэропортга олиб кетиши керак. Ётоқхонадаги бўлмада олти киши эдилар. Эрта тонгда вақтли туриб, бомдод намозини ўқиб бўлишди. Мироқил ота Каъбадаги, Ўзбекистондаги ҳаётга тинчлик тилаб, ўтганларни дуо қилиб, омин дейиши билан... отаси шундоқ жойнамозга келиб чўккалади. «Болам, биз қайтдик, сен эсон-омон борасан», — деди. Мироқил ота яна йиғлаб дод солди. Шериклари ҳайрон. «Ҳозиргина отажоним хайрлашиб кетди. Ёлғон бўлса, Аллоҳнинг азиз жойларида ўтирибман, Аллоҳнинг қаҳрига учрайман», — деди Мироқил ота кўз ёшларини тия олмай. Падари бузруквори кўп айтарди, «Болам, тўғриликка етмайди», — дерди.

Японлар тақдирлашди. Биз эса... аксинча!

Мироқил ота кунчиқар мамлакат орденини доим ёнида олиб юради. Мақтаниш учун эмас, асло! Улуғ инсонларга бундай қилиш ёт! Мироқил отадан ордени ҳақида жуда кўп сўрашади, сабаби шу. Мен ҳам суҳбат асносида шу орден билан қизиқдим. Мироқил аканинг кўксига тақтириб суратга олдим. Япония императорининг нафақат Мироқил акага, балки ўзбек халқига ҳам эҳтироми каби туюлди бу. Мироқил ака ҳам шуни эътироф этди. Ҳаммаси яхши, бироқ...

Олисдаги Япония ўзбек гўрковига шу қадар эҳтиром кўрсатган экан, биз-чи? Нима қилдик? Неча йиллардан буён қабристонда мусулмончилик анъаналарига кўра ҳалол ишлаётган кекса отахонга қандай муносабатда бўлдик? Қай тарзда тақдирладик? Жавоби оддий: сийқаси чиққан ёндашув асосида қўлига фахрий ёрлиқлар тутқазиб қўйдик, холос! Энг аянчлиси эса...

Мироқил отанинг падари бузруквори Фозил отанинг ўлимидан бир йил ўтиб, қабристонга у кишининг номи қўйилган эди. Орада йигирма тўрт йил «Фозил ота» бўлиб келган ушбу мозор ўтган йилдан эътиборан Яккасарой қабристони деб атала бошланди. Сабаби тушунтирилмади, изоҳ берилмади. Бизда шундай ахир: Шомаҳмудовлар ҳайкали ҳам марказдан анча нарига кўчирилган, ҳеч қандай изоҳланмаган. Халқ эса эски гапни айтиб юраверган: «Начора, кимгадир керак бўлибди...». Ажабо, олтмиш йил ҳалол, покиза меҳнат қилган, нафақат ўзбек миллати, балки бошқа халқлар вакилларини ҳам Аллоҳнинг бандаси деб қабул қилган, уларнинг жасадини кимсасиз қолдирмай дафн этган Фозил ота номи кимга оғирлик қилган эди?..

Ишонинг. Мироқил ота ҳеч кимдан мансаб-мартаба, мукофот сўрамайди. У ҳалол хизматига худодан ажр кутади, холос. Ва бу ўз мевасини беради.

Бир йили марҳум аёлни дафн этди. Хизмат ҳақига тугун қолдириб кетишибди. Мироқил ота тугунни очиб қараса, марҳумнинг танглай тишлари экан, ҳаммаси тилла. Олиб қўйди. Уч кундан кейин марҳумнинг ўғли келганида тугунни қайтариб берди. Орадан роппа-роса йигирма йил ўтиб, худди шу санада Мироқил отани чиройли машинада йўқлаб келишди. Бир эркак у билан қучоқлашиб кўришди, қуюқ сўрашди. Ўзини таништирди. Йигирма аввал дафн қилинган марҳум аёлнинг ўғли экан. «Ўшанда онамдан жудо бўлганимда болаларим ўқирди, – деди у. – Жуда қийналган пайтим эди. Бир-икки ўртоғимдан ёрдам сўрадим, беришмаган. Уч кундан кейин қабристонга келсам, сиз қўлимга тугун бердингиз, қарамасдан олиб қайтибман. Уйга бориб қарасам, онажонимнинг тилла тишлари экан, ўшани сотиб, маросимларни ўтказганман. Худога шукур, бугун ўғилларим ёнимга кириб, мана, машиналар бор, ҳамма шарт-шароитим яхши. Сизга бошдан-оёқ сарпо олиб келдим». Мироқил ота қанча унамасин, у қўярда-қўймай инъомларини отахоннинг қўлига тутқазди.

Ҳа, худойим етказсин.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг