Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Шомаҳмудовларнинг 16 фарзанди

Шомаҳмудовларнинг 16 фарзанди

Фото: архив материаллари.

Шомаҳмудовлар — инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган оила. Иккинчи жаҳон уруши даврида тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов (1890 — 1970) ва унинг хотини Баҳри Акрамова (1903 — 1987) турли миллатларнинг қаровсиз ва етим қолган болаларини асраб олиб, таълим-тарбия беришди. Бу эр-хотин Тельман номидаги заводда темирчи бўлиб ишларди.

Тошкент шаҳри аёлларининг Ўзбекистон аёлларига қарата қардош халқларнинг етим қолган ва эвакуация қилинган болаларини тарбияга олиш ҳақидаги 1942 йил январь мурожаати уларни шаҳардаги 17-болалар уйига олиб келди.

Шу тарзда бошпанасиз қолган, турли миллат вакиллари бўлган 13 болани ва урушдан сўнг яна 3 нафар болани ўз тарбияларига олишди. Булар: Ҳабиба, Вова, Шуҳрат — рус, Ҳамидулла — украин, Рафиқ, Раҳматулла — татар, Холида — молдаван, Самуғ — чуваш, Йўлдош, Эргаш — яҳудий, Ҳалима — қозоқ, Қоравой, Неъмат, Муаззам, Ҳакима, Улуғбек — ўзбек. Аксарият болаларга ўзлари исм беришганди.

Айтишларича, оилага украин боласининг қабул қилиниши ўзига хос тарихи бор. Темирчи Шомаҳмудовнинг улкан оиласи ҳақидаги хабар узоқ-узоқларга, ҳатто фронтгача етиб борган эди. Бу ҳақда эшитган катта лейтенант Левицкий Шоаҳмад отага бир неча юз рубль юборди — командир оладиган маошнинг катта қисми эди мазкур миқдор — токи тирик экан, яна пул юбориб туришини ваъда берди. Левицкий болаларни вояга етказишга қандай қилиб бўлса-да, ҳисса қўшишни истарди.

Шоаҳмад ота пулларни нима қилишни билмай қолди. Ахир болалар ўзининг фарзандидек, оиласини едириш ва кийдириш учун кимдандир пул олиш ғалати эди. Бироқ яхши одамни ранжитишни ҳам истамасди. Шоаҳмад ота ўйлаб-ўйлаб, яна бир болани — украин Саня Брининни ўз бағрига олди. Шундай қилиб Санянинг икки отаси бор эди — ҳозиргина танишган темирчи ўзбек ва ҳали кўрмаган рус лейтенанти! Лейтенантнинг болалари бор эди. Энди улар йўқ — немислар яқинда ўлдиришган...

Шомаҳмудовлар чинакам инсонпарварликни улуғловчи оила сифатида катта жасорат, қаҳрамонлик кўрсатишди. Ёзувчи Раҳмат Файзийнинг «Ҳазрати инсон» романи, «Ўзбекфильм» киностудиясининг «Сен етим эмассан» бадиий фильми яратилишига уларнинг ҳаёти асос бўлган. Бу оила шарафига 1982 йилнинг 26 майида Тошкентда Халқлар дўстлиги монументи очилди (ҳайкалтарошлар Д.Рябичев, меъморлар Л.Адамов, С.Одилов). кейинчалик мазкур ёдгорлик Тошкент шаҳрига кириш жойига кўчирилди. Бугун эса мазкур ҳайкал аввалги жойида қўним топди.

Эслатиб ўтамиз, уруш йилларида ўзбек оилалари жами 4,5 минг нафардан зиёд етим болаларни асраб олишган. Шомаҳмудовлар сингари самарқандлик Самадовлар 13, Ф.Қосимовалар эса 10 болани парваришлаб ўстирганлар.

Ҳа, ўзбекнинг бағри ҳамиша кенг, у меҳрибон, жонкуяр.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг