Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Ўзга сайёралик (ҳажвия)

Ўзга сайёралик (ҳажвия)

Ғайрат ишдан кеч қайтди. Сабаби, бугун навбатчи эди. «Шундоқ уйга кираману, таппа ташлаб ухлайман», – деб ўйлади у йўл-йўлакай. Подъездга етар-етмас, чеккароқда инграган товушни эшитди. «Мушуклар, шекилли, – хаёлидан ўтди Ғайратнинг, – қизиқ, ҳали «мов» бўлишига эрта, шекилли? Ёки ҳозирги мушуклар қишда мов бўладими?»

У индамай йўлида давом этди. Бояги товуш эса энди уни ёрдамга чорлай бошлади:

– Ҳой, менга ёрдам бер...

Ғайрат ортига ўгирилмай зарда қилди:

– Э, ичишга сен ичасан-у, ёрдамни мен берайми?

– Одамзод, мен осмондан тушдим, ҳалокатга учрадим, ёрдамингни аяма.

Ғайрат йўлида ярим тўхтаб, ўша томонга қаради:

– Манови домдаги учинчи қаватдан тушиб кетдингми, дейман?! Ҳечқиси йўқ, болалар майдончасига тушибсан, бу ер қумлоқ, қор. Ўзиям вақ этиб тушган бўлсанг керак? Бироз ётсанг, кайфинг тарқайди. Қолаверса, ўзингнинг домдагиларинг қарасин...

– Мени уйингга олиб кир, одамзод. Мен Бета сайёрасидан келдим.

Ғайрат индамай подъезд эшигини очди-да, овозини баралла қўйиб бақирди:

– Мен эса таъминот идорасидан келяпман. Ўлгудек чарчадим.

Шу пайт ўша томон аввалига ғира-шира, сўнг кучли ёришиб кетди-ю, Ғайрат бир учиб тушди. Орага сукут чўкди.

– Ҳей, – деди у бироздан сўнг, – электр симига илашиб қолмаганмисан, ишқилиб?.. Ё чақмоқ урдими, нима бало?! Тўхта, ҳозир дўхтирга телефон қиламан.

У қўл телефонини чиқарди-да, «тез ёрдам»нинг рақамини терди, аммо ҳали жавоби келмай туриб, яна ўша тарафдан чарс-чурс овоз чиқиб, куйинди иси тарқалди.

– Ие, ўлди, – деб қўллари бўшашиб кетди Ғайратнинг, – нима бало, ростдан ҳам осмондан тушдимикан? Ҳалиги, нимайди, лаганданми, ликопчаданми ерга тушиб кетган бўлса-я ростдан...

У қўрқа-писа ўша томонга қадам қўйди. Қумлоқнинг ўртасида ялтироқ коржома кийган аллақандай мавжудот ётарди.

– Ҳей, ошна, – деди Ғайрат ўзини дадил тутишга ҳаракат қилиб. – Тирикмисан?

– Менга ёрдам бер, одамзод.

– Хўп-хўп, нима қилай?

– Уйингга олиб кир. Бу ерда қувватимни йўқотяпман.

– Сени... сени қандай олиб кирай? Мени тўк-пўк урмайдими?

– Йўқ, урмайди, мени суяб ол.

Ғайрат унга яқинлашаркан, минғирлаб қўйди:

– Ўзинг ҳам жа эрка экансан-да!

Аввал тепиб кўрди, хавф-хатар йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, сўнг энгашиб, мавжудотни турғазди. Жуссаси кичик бўлгани билан зилдек оғир экан, икки-уч қадам юрмай, Ғайрат терлаб кетди. Подъезд эшигини очиб, учинчи қаватга олиб чиққунича бўлари бўлди. У тезроқ уйга кириб, мириқиб дам олмоқчи эди.

Подъезд ёруғида мавжудотни деворга суяб қўяркан, ҳайрон бўлиб тикилди. «Агар ростдан ҳам осмондан тушган бўлса, ўзимиздан фарқи йўқ экан-ку», деб ўйлади у.

– Ҳа, кўринишимиз сизлардан унча фарқ қилмайди, – деди меҳмон.

– Нима?..

– Мен сенинг ичингдагини биламан.

– Зўрсан-ку!.. Айтгандай, хотинимни қўрқитиб юбормаслик учун сен миқ этмай, қотиб турасан, хўпми? Бу қийин бўлмаса керак-а, сен учун? Мен сени манекен, дейман. Келишдикми, ошна?

– Хўп.

– Айтгандай, отинг нима?

– Сен айтгандай, Ошна бўла қолсин.

– Агар хотинимни қўрқитиб қўйсанг, кейин онаси нақ кўзингга кўрсатади! Осмондан тушганингга қараб ўтирмайди!

Мавжудот яна бош ирғади:

– Келишдик.

– Ҳалиги... – Ғайрат бироз чайналди. – Ҳар ҳолда кўпга қолмай, кетсанг керак, шундайми?

Мавжудот юқорига имо қилиб, жавоб берди:

– Бу уларнинг қайтиб келишига боғлиқ.

– Ҳа, майли... Сен энди индамай тур, мен эшик қўнғироғини босаман. Гапириб юборма тағин.

Бироздан сўнг эшик шарақлаб очилди-да, остонада уйқусираган Шарофат кўринди.

– Ассало... ие, бу нима? – сўради у ҳайкалдек қотиб турган мавжудотни кўриб. – Қўғирчоқми?

– Манекен бу, кўрмаяпсанми? Ишхонадан олиб келдим, эртага олиб кетаман.

Хотини ҳайрон бўлди:

– Олиб кетадиган бўлсангиз, нега олиб келдингиз? Тўхтанг, одамга ўхшайди-ку!

– Одамга ўхшамай эшакка ўхшасинми? Манекен деяпман-ку! Қоч эшикдан, олиб кирай.

– Сизга ёрдамлашвораман.

– Ўзим олиб кираман, қоч, – деди рашки келиб Ғайрат. У Ошнани зўрға ичкарига олиб кирди. Уйқуси қочган Шарофат ҳалиям ҳайратланиб боқар, оғзи ланг очиқ эди.

– Намунча тирикка ўхшамаса?! Бу қўғирчоқлар ҳам илғорлаб кетибдими?

– Ҳа, – деди Ғайрат. Кейин Ошнани кўтарганча балконга олиб ўтди.

– Овқат ейсизми? – сўради хотини.

Ғайрат бош чайқади.

– Йўқ, – дейишга деди-ю, кейин Ошнага тикилиб туриб, унинг қулоғига пичирлади:

– Айтгандай, қорнинг қалай? Сизлар ўзи бирор нима ейсизларми?

Ошна ҳам пичирлаб жавоб берди:

– Агар озгина электрон ион зарядлари бўлса, йўқ демасдим.

Ғайрат бош қашлаб қолди:

– Қўшнимиз Кенжа акани уйғотсаммикан? Электрик. Ўшанда бўлиши мумкин.

Шарофат яқинлашди:

– Нималар деяпсиз?

Ғайрат шошиб қолди:

– Шунчаки ўзим... Худди одамдай, деганингга бир ҳасратлашгим келди-да!

– Вой, тавба!

Ғайратнинг кўнгли очиқлигига амин бўлган бўлсангиз керак? У ухлаш асносида Ошнани ўйлаб ётди. Айни дамда Ошнанинг ўзга сайёрадан келганига ишониб-ишонмасди. У чидай олмади, хотини Шарофат ухлаб қолгач, секин ўрнидан туриб, балконга ўтди. Бечора Ошна ҳануз қаққайиб турарди.

– Сен ётиб ухламайсанми? – деб сўради Ғайрат ундан.

– Раҳмат, мен тик туриб ухлайвераман, – жавоб берди Ошно.

– Зўр экансан! Ҳалиги ион зарядини ейишинг шартми, мана, ош бор экан, иситиб берай.

Ошна бош чайқади. Ғайрат ўйлаб-ўйлаб, ноилож ташқарига чиқди. Биринчи қаватга тушиб, Кенжа аканинг эшигини тақиллатди. Зум ўтмай, Кенжа ака кўзларини ишқалаб чиқди.

– Ҳа, тинчликми?

– Кечирасиз, қўшни, безовта қилдим.

– Ярим кечаси бало борми? Нима гап?

– Сизда ҳалиги... ион зарядлари борми?

Кенжа ака, бу қандай савол бўлди, дегандек қаради. Ғайрат гапига изоҳ киритди:

– Нима десам экан, қисқаси... ион зарядлари керак бўлиб қолди.

– Ион заряди нима ўзи? – ажабланди Кенжа ака. – Алламбалоларни сўрайсиз, бошқа ишингиз йўқми? – шундай деб эшикни тарақлатиб ёпди.

Ғайрат мулзам бўлиб, уйига қайтиб чиқди. «Эрталабгача бу ўзга сайёралик ўлиб қолса, нима қиламан?» – деб ўйларди у.

– Одамлар зиқна бўлиб кетган, – деди у илинж билан термилган Ошнага. – Сен эрталабгача чидарсан-а?

Ошна бош ирғади. Ғайрат ётоққа йўналди.

Эртасига эрталаб у ғала-ғовурдан уйғониб кетди. Ошна эсига тушиб, балконга югурди. Хотини ва қизчаси Арофат Ошнага тикилиб туришарди.

– Бу... бу... чирс-чирс қиляпти, – деди Шарофат. – Боя тикилиб турсам, кўзларини пирпиратди. Менга қаранг, ишхонангизга обкетгунча, балки иш-пишларни қилдирармиз. Кечроқ кетасиз-ку, кеча навбатчиликдан келиб...

– Нега чирс-чирс қилади? Сув сепдингми?

– Вой, сепганим йўқ, шундай... чангини ювмоқчи эдим.

– Аҳмоқ, нега ювасан? – бақирди Ғайрат. – Неча пул туришини биласанми? Миллион доллар туради.

Арофат чапак чалиб юборди:

– Яна кўзини қимирлатди.

Ғайрат Ошнанинг устига тўн ёпиб қўйди. Хотини ва қизини бу ердан ҳайдаб солди. Кейин секингина Ошнанинг қулоғига пичирлади:

– Ҳадеб питирлайверма, сезиб қолишади.

Ошна ҳам шивирлади:

– Кўзлари нақ тешиб юбораркан. Зўрға чидаяпман.

Нонушта устида Ғайрат хотинидан ион зарядлари тўғрисида сўради. Шарофат елка қисди:

– Билмадим. Ойимда бўлса керак, сўраб кўрай-чи!

Ғайрат ундан телефонни тортиб олди. Хотинининг нияти маълум: бу ўйинчоқни ойисига кўрсатмоқчи. Ҳар бир янгиликдан онажонисини бохабар қилгиси келади.

Хотини қизчасини боғчага олиб кетгач, Ғайрат ўйланиб қолди: ҳадемай ишга отланади, Ошнани нима қилса экан? Бирга олиб чиқмаса бўлмайди. Акс ҳолда Шарофат бир бало қилиб қўйиши мумкин. Қолаверса, Ошна одам бўлмасаям барибир... номаҳрам. Одамларга ишониб бўлмай қолди-ю, ўзга сайёраликка ишониб бўларканми? Аммо, агар уни ишга олиб кетса, ҳамкасбларига нима дейди? Қишлоқдан келган меҳмон, деса, тушлик маҳали дарров қўлига ичкилик тутқазишади. Ичмайман, деганни ҳам ичиради улар. Кейин Ошна маст бўлиб, ўзининг аслида кимлигини айтиб қўйса, «бизни галактикангга бир сайр қилдириб кел», деб туриб олишади.

Хўш, ишга бормаса-чи?! Бу ҳам тўғри келмайди. Мабодо ишхонадан нимадир йўқолган бўлса, шартта Ғайратга тўнкайдилар? Кеча навбатчи ким бўлган: Жонғозиев!

Дарвоқе, Кенжа аканикига қолдириб кетса-чи? Йўқ-йўқ, у сўраб ўтирмай, запчастларга ажратиб юборади.

– Менинг қувватим қолмаяпти, – деди Ошна. – Ҳозир йиқиламан.

Ғайрат типирчилаб қолди.

– Ҳой, бу нима деганинг? Анови ошналарингга телефон қил, келишсин-да энди.

Аммо у гапини тугатмай туриб, Ошна шилқ этиб ўтириб қолди. Устига-устак, эшик очилиб, Шарофат кириб келди.

– Мени қутқар, одамзод, – деди Ошна инграб.

– Вой, гапиряптими? – ҳайрон бўлди Шарофат.

Ғайрат Ошна билан андармон бўларкан, баҳона топди:

– Бузиб қўйибсан, хотин, тил механизмига сув тегибди.

Шарофат ҳам анойи эмас. «Бу – одам», – деб туриб олди. Ғайрат уни алдаб, энди ишонтираман деганида Ошна яна ғўлдиради:

– Ион зарядини топиб беринг, илтимос.

Шарофат бақириб юборди. Ғайрат уни тинчлантиришга тушди. Кейин очиқчасига кўчиб, Ошнанинг ўзга сайёралик эканлигини айтди. Шарофат аввалига жим турди, кейин барибир сўзидан қайтмади. Ғайрат ҳарчанд тушунтирмасин, у Ошна одам эканлигини айтиб, гапида туриб олди. Тортишув шу даражага етдики, охири Ошна инграб шундай деди:

– Хўп, одамман, бўлдими? Илтимос, ёрдам беринг.

– Ана, айтмадимми? – хитоб қилди Шарофат. – Бунга тез дўхтир чақириш керак. Ачиган овқатни еганга ўхшайди, рангини қаранг.

– Э, тўхта, – хуноб бўлди Ғайрат. – Нега тушунмайсан? Бу – ўзга сайёралик. «Абдуллажон» киносини кўрганмисан? – шундай деб Ошнага ўгирилди: – Биродар, ўзинг исботламасанг, бу ҳозир уйга домком холаниям чақириб келади.

Ошна бор кучини йиғди-да, ўтирган кўйи бошини илкис ўнг томонга бурган эди, бош қурғур ҳам худди «Поле чудес»нинг ғиррагидай икки марта айланиб тўхтади. Ҳатто, Ғайрат ҳам қўрқиб кетди. Кўрдингми, дегандек Шарофатга ўгирилган эди, унинг чўзилиб ётганига кўзи тушди. Ғайрат йиғлагудек аҳволда уни ҳушига келтириш билан овора бўлди.

– Илтимос, ёрдам беринг, – дерди Ошна бу ёқда.

– Э, ҳозир, – бақирди Ғайрат, – қай бирингга ёрдам берай?

Ниҳоят, Шарофат кўзларини очди. У Ошнага қараб имо қилди:

– Нега келибди, сўранг.

– Ион заряди керак экан.

Шарофат ғўлдиради:

– Телефоннинг зарядкаси тўғри келмасмикан?

– Э, ўзингни ўйласанг-чи! – бақирди Ғайрат. – Томинг кетиб қоляпти-ю, гапингни қара! Тур, мен ишга кечикяпман.

Шарофат инқиллаб ўрнидан турди. Эр-хотин анчагача Ошна борасида нима қилишни билмай ўтирдилар. Участка нозирини чақирмоқчи бўлишди. Ғайрат ўйлаб кўриб бош чайқади: «йўқ, у Ошнанинг пропискасини сўрайди». Телефон жиринглаб, айб иш қилиб қўйгандек, иккаласи ҳам чўчиб тушди. Ғайратнинг ишхонасидан экан, тез келинг, дейишди. Ўзга сайёралик билан нима ишлари бор, таъминот ҳисоботи бўлса кифоя!

Ғайрат нима қиларини билмасди. Буёғи туш вақти яқинлашган. Агар Ошна ўзи юрганида ишхонага олиб кетган бўларди, тобора сўлиб боряпти – улар ҳам нимжон бўларкан-да! Худо кўрсатмасин, Ошна ўлиб қолса, нима бўлади? Уни кўмиш майли, бу ҳақда ҳамма билиб, Ғайратнинг боши нақ балога қолмайдими?

Ошнани ичкари хонага олиб кириб, устига кўрпа ташлаб қўйишди. У эса чиройли кўзлари билан мўлтираб қараб турарди.

– Тавба, зарядкаси бўлмаса, ерда пишириб қўйибдими бунга? – деди Шарофат.

– Менимча, учар тарелкадан қарайман, деб ерга тушиб кетган, – тахмин қилди Ғайрат. – Ҳар балога қизиқиш шундай бўлади. Жўралариям оқибатсиз экан, ҳолидан хабар олишмаяпти.

Ғира-шира тушиб қолди. Шарофатнинг эсига тушиб, боғчага югурди-да, Арофатни олиб келди. Арофат Ошнанинг мўлтираб ётганини кўриб, йиғлаб юборди. Унинг иссиқ кўзёш томчилари Ошнанинг қўлига томди. Унинг бутун вужуди таранг тортди, қувват киргандек бўлди.

– Мени томга олиб чиқ, – деб илтимос қилди у Ғайратдан.

Ғайрат Ошнанинг айтганини қилди. Кўп ўтмай у ерда – ним қороғида зинапоя пайдо бўлди. Ошна Ғайратни қучиб хайрлашди ва зинадан кўтарила бошлади. Унинг кўзларида ёш ғилтиллади.

Ғайрат енгил тортиб, томдан тушди-ю, уйига кирди. Арофат ҳамон йиғлар, Шарофат ўйчан бўлиб қолганди...

Эртаси куни Ғайратларнинг уйида усти ялтироқ антиқа таклифнома пайдо бўлди. Унда Ошнанинг уларни уйига таклиф қилгани, оиласи билан таништирмоқчи эканлиги, икки кундан сўнг келиб олиб кетажаги ҳақида ёзилганди. Таклифномада уларни ажойиб мукофот кутаётгани ҳам ёзилган эди.

Арофат қийқириб чапак чалар, Шарофатни эса саёҳатдан кўра мукофот нималиги қизиқтирарди. Эҳтимол, агар совға зўр бўлса, подъезд атрофидан яна ўзга сайёраликларни излаб қолишар... Қанийди!

Эҳ, аёллар!..

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг