Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тақиқланган усулда ов қилганлик учун жазони кучайтириш таклиф қилинди

Тақиқланган усулда ов қилганлик учун жазони кучайтириш таклиф қилинди

Бугун, 2 май куни Парламент Қуйи палатасида депутатлар иштирокида «Браконерликка қарши курашнинг институционал асосларини такомиллаштириш» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда депутатлар ва мутахассислар, жумладан, бугунги кунда ҳайвонот дунёсини нобуд қилиш, тақиқланган ов қуроллари ва усуллари билан ов қилиш каби ҳолатлар кўпайиб кетганига тўхталди.

Шу боис, депутатлар томонидан ҳайвонот дунёси обектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятларни оғир жиноятлар тоифасига киритиш ҳамда тақиқланган қуроллар, воситалар ёки усуллар билан (портловчи ва кимёвий моддалар, биологик препаратлар, электр қармоқлар) ов қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш таклифи билдирилди. Шунингдек, ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдорини оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Депутатларнинг фикрича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Жиноят кодексига киритилиши таклиф этилаётган бундай қўшимча ва ўзгартиришлар фуқаролар (мансабдор шахслар) томонидан содир этилаётган маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни (тақиқланган қуроллар ёки воситалардан, хусусан, электр токи, портловчи ва кимёвий моддалар ҳамда биологик препаратларни қўллаган ҳолда ов қилиш) олдини олишга хизмат қилади. Қолаверса, мазкур турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар учун жазо муқаррарлиги таъминланади, катта миқдордаги ёввойи ҳайвонлар ва балиқ захиралари қирилиб кетишининг олди олинади.

Тадбирда давомида муҳокамаларга сабаб бўлган саволлар юзасидан соҳа мутахассисларининг жавоблари тингланди. Тадбир якунида билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, фракция ва қўмитанинг тегишли қўшма қарори қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг