Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Гавҳар Шарипованинг ўлимига олиб келган сабаблар ҳақида кўрсатув қилинди (видео)

Гавҳар Шарипованинг ўлимига олиб келган сабаблар ҳақида кўрсатув қилинди (видео)

Актриса Гавҳар Шарипова 2019 йилнинг 18 ноябрь куни кечаси Қашқадарё вилоятида йўл-транспорт ҳодисасига учраб ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Актрисага юк машинаси ҳайдовчиси шилқимлик қилгани, шундан сўнг у юриб кетаётган машинадан ўзини ташлаб юборгани маълум бўлганди.

Ўзбекистон телевидениесининг «Бир жиноят изидан» кўрсатувида фожиали ҳодисага олиб борган сабаблар ва унинг оқибатлари ҳақида маълум қилинди.

2019 йил 18 ноябрь куни тунги соат 2:00 ларда Ғузор туман ИИБга қўнғироқ бўлади. Ғузор –Самарқанд йўналиши A-378 йўлининг йўлининг 142 километрида, Ярғунчи қишлоғи ҳудудида «Isuzu» русумли автомашинаси иштирокида автоҳалокат содир бўлган. Зудлик билан воқеа жойига тезкор тергов гуруҳи билан биргаликда тез ёрдам шифокорлари етиб борган.

«Автоҳалокат бўйича диспетчеримизга телефон бўлган. Кейин диспетчер бизга қўнғироқ қилиб, Ярғунчи қишлоғининг кириш жойида автоавария бўлгани, шу ерга етиб бориш кераклигини айтди. Соат 2:40 да биз воқеа жойига етиб бордик. Борсак, «Isuzu» машинаси турибди, бир аёл йўлнинг четида ётган экан. Бориб аёлни кўрдим, қон босими, юрак уришини текшириб кўрдим. Кўзини очиб кўрдим, юрак уриши тўхтаган экан. Кейин йигитларга пульси йўқ экан, ўлиб қолибди деб айтдим. Ўнг оёғида 4-5 сантиметрли юлиниб кетган жойи бор экан, суяги кўриниб турган эди»,— дейди Ғузор туман тез ёрдам шифокори Ҳайитгул Саломова.

«Воқеа жойига етиб борганимизда, A-378 Термиз-Тошкент йўлининг 142-километрида, йўлнинг ўнг томонида, асосий қисмдан четроқда аёл кишининг жасади ётганлигини, аёл жасадидан бироз олдинда «Isuzu» русумли автомашина турганлигига гувоҳ бўлдик. Воқеа жойини кўздан кечириш давомида ушбу автомашина ҳайдовчиси йўл четида аёл жасадини кўриб тўхтаганлигини бизга маълум қилди. Бироқ ҳайдовчининг ҳолати бизда шубҳа уйғотди. Унинг рангида оқариш, сўзларида қалтираш бор эди. Воқеа содир бўлган жой ЙҲХБ ходимлари ёрдамида кўздан кечирилди. Ушбу жойда, йўлнинг асфалт қисмидан қон излари, кийимларнинг асфалтга ишқаланган излари топилди. Аёлнинг ёнида бўлган ўзига тегишли ашёвий далиллар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Марҳуманинг ёнида бирор бир шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқлиги аниқланди. Шу бўйича миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ҳамда жиноят қидирув бўлимига марҳуманинг шахсига аниқлик киритиш бўйича топшириқ берилди. «Isuzu» автомашинасининг ички ва ташқи томони тўлиқ кўздан кечирилди. Бу даврда автомашина ичидан соч толаси топилди. Бундан ташқари эксперт томонидан автомашина ойнаси ва торпедосидан тегишли бармоқ излари расмийлаштириб олинди. Шу куннинг ўзида дастлабки олинган маълумотларга асосан жиноий иш очилди», — дейди Чироқчи туман ИИБ бошлиғи Актамали Бешимқулов.

«Олиб борилган дастлабки тергов натижаларига кўра, ҳайдовчи Шарипов Фазлиддинга тегишли бўлган «Isuzu» русумли автомашинасидан олинган қон намуналари, бармоқ излари бўйича, шунингдек, марҳумадан олинган қон ва бармоқ изи намуналари бўйича экспертиза хулосаси тайёрладик. Бундан ташқари, воқеа бўйича қўшимча экспертизалар олиб борилган. Ҳайдовчи билан суҳбатда у ўз айбига иқрорлигини маълум қилди», — дея таъкидлайди Қарши шаҳар ИИБ терговчиси Қамариддин Амиров.

Судланувчи Фазлиддин Шарипов 2019 йил 18 ноябр куни кеч соат 2:20 ларда Сурхондарё вилояти «Дарётранс» МЧЖга тегишли «Isuzu» русумли автомашинани Тошкент-Термиз автомобил йўли бўйлаб Самарқанд шаҳрига бошқариб бораётиб Ғузор тумани Карвонсарой тўйхонаси рўпарасида тўхтаб, автомашинасига фуқаро Гавҳар Шарипова Ҳасановнани миндириб, Ғузор тумани Ярғунчи қишлоғига етганда, йўловчига тегажоғлиқ қилади. Шу пайт йўловчи сифатида кетаётган Гавҳар Шарипова автомашина эшигини очиб, ўзини ташлаши ҳақида огоҳлантиради. Бироқ ҳайдовчи огоҳлантиришларга эътибор қаратмасдан ҳаракатни давом эттиради ва йўловчи автомашинадан тушиб кетади. Натижада олган жароҳатлари туфайли Гавҳар Шарипова воқеа жойида вафот этади.

Қайд этилишича, суд Фазлиддин Шариповни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан айблаган. Шунингдек, судланувчига Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддаларига асосан, аввалги ҳукми юзасидан ўталмай қолган жазо муддати қисман қўшилиб, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 2 йил-у 6 ойга ҳамда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Асосий жазо муддати 2019 йил 19 ноябрдан бошлаб ҳисобланиши белгиланган.

Кўрсатувда Гавҳар Шарипованинг шахсий ҳаёти ва ушбу оқибатларга олиб келган сабаблар ҳақида ҳам сўз боради. Унда актриса ёшлигида таниқли актёр билан шаръий турмуш қуриб яшаганлиги, бироқ у актрисани ташлаб кетгани ҳақида ҳам айтилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг