Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Украина ҳам 20 йил аввал йўловчи самолётни уриб туширганди. Бу қандай бўлган?

Украина ҳам 20 йил аввал йўловчи самолётни уриб туширганди. Бу қандай бўлган?

Ту-154. Фото: «Wikimedia.org»

Жорий йил 8 январь куни Теҳронда Украина авиакомпаниясига қарашли самолёт ҳалокатга учради. Учоққа минган 176 кишидан (167 йўловчи ва тўққиз нафар экипаж аъзоси) бирортаси тирик қолмади.

Илк кунларданоқ самолёт уриб туширилгани эҳтимоли кенг муҳокама этилаётган эди. Бу тахмин Канада ва Буюк Британия бош вазирлари томонидан ҳам айтилди. Дунё жамоатчилигининг кучли босими остида Эрон раҳбарияти йўловчи самолёти хато туфайли ҳарбийлар томонидан уриб туширилганини тан олди. Мамлакат раҳбари Ҳасан Руҳоний ҳалок бўлганларга ҳамдардлик билдираркан, узрхоҳлик изҳор қилди. Асосий жабрдийда мамлакатлардан бири – Украина президенти Владимир Зеленский расмий Теҳрондан ўз айбини тўлиқ тан олиш, расман кечирим сўраш, айбдорларни жазолаш ва товон пули тўлашни талаб қилди. Тафтиш-текширув ва айбдорларни аниқлаш жараёни ҳали кўп ойларга чўзилиши аниқ. Негаки, бу ўринда гап 176 инсоннинг хуни ва жиддий ҳуқуқий оқибатлар ҳақида кетмоқда.

Ҳарбийлар томонидан янглишув туфайли йўловчи учоқларини уриб тушириш ҳолатлари, афсуски, бот-бот рўй беради. Айни пайтда Украина Эрондан домангир бўлиб турибди. Бундан 19 йил аввал эса Украина ҳарбийлари айнан эронлик ҳамкасблари каби мудҳиш хатога йўл қўйган эди.

2001 йил 4 октябрь. Россиянинг «Сибир» авиакомпаниясига қарашли Ту-154 учоғи Новосибирскдан Тель-Авивга йўл олади. Аммо учоқдаги 78 кишига (66 йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси) ўз манзилига етиб олиш насиб этмаган эди. Самолёт Қора денгиз узра ҳалокатга учрайди.

Ту-154

11 сентябрь воқеаларига ҳали бир ой ҳам ўтмагани сабаб дастлаб теракт версияси кенг муҳокама этилади. Украина ҳарбийлари ҳам ҳалокатга алоқадор эканликларини рад этадилар. Аммо бир неча кундан кейин ойни этак билан ёпиб бўлмаслигига ишонч ҳосил қилган расмий Киев самолёт хато туфайли уриб туширилганини тан олади. Халқаро авиация қўмитаси хулосасига кўра, Ту-154 учоғи Қрим яриморолида ҳарбий машғулот ўтказаётган Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан «бехос» нишонга олинган.

Ҳалокат чизмаси. Фото: «ТВ Центр»

Ўшанда Украина президенти Леонид Кучма мамлакат ҳарбийларининг қилмиши учун узр сўраб, мудофаа вазири Александр Кузьмукни ишдан бўшатади. Текширувлар ортидан Украина Қуролли кучларининг уч генерали ҳамда бир қатор зобитлари истеъфога чиқарилади. Аммо уларнинг бирортаси маҳкамага тортилмайди.

2003 йилда Украина ҳукумати Россия ва Исроил ҳукумати билан битимга асосан (ҳалок бўлганлар ушбу икки давлат фуқаролари эди) вафот этган ҳар бир йўловчининг оиласига 200 минг доллардан товон пули тўласа-да, ҳалокат учун юридик жавобгарликни ўз зиммасига олмайди. «Сибир» авиакомпаниясининг даъво аризалари турли даражадаги судлар томонидан рад этилади.

 Леонид Кучьма авиаҳалокат ҳақида: «Бундай хатолар бутун дунёда рўй бериши мумкин. Биз бу борада биринчи ҳам, охирги ҳам эмасмиз». Фото: «112.ua»

Теҳронда ҳалокатга учраган самолёт борасида ҳам шундай вазият кузатилса ажаб эмас. Эрон раҳбарияти жарбдийдаларнинг оиласига товон пули тўласа-да, катта эҳтимол билан юридик жавобгарликни зиммасига олмайди. Негаки, юридик жавобгарликни бўйинга олиш «самолётни атайин уриб туширдик», деб тан олиш билан баробар...

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг