Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳиндистонда дунёдаги энг катта сайловлар бошланмоқда

Ҳиндистонда дунёдаги энг катта сайловлар бошланмоқда

Фото: Sky News

Бугун, 19 апрел санасида Ҳиндистонда дунёдаги энг йирик парламент сайловларига старт берилади. Етти босқичдан иборат овоз беришларда 968 млн нафар рўйхатга олинган сайловчилар қатнашади.

Аммо сайловларнинг катталиги фақат овоз берувчиларнинг кўплигида эмас, давомийлигида ҳам. Бош сайлов комиссари Ражив Кумар маълум қилишича, Ҳиндистон парламенти қуйи палатасига сайловлар 19 апрелдан 1 июнга қадар давом этади. Овозларни санаш 4 июнда якунига етказилади. Овоз бериш Ҳиндистоннинг барча 28 та штати ва 8 та иттифоқчи ҳудудини қамраб олиб, 1 миллиондан ортиқ сайлов участкалари очилади.

Парламент қуйи палатасининг ҳозирги таркиби ваколат муддати 16 июнда тугайди — янги палата таркиби ушбу санага қадар шакллантирилиши керак.

Ҳиндистон қуйи палатасига сўнгги сайловлар 2019 йилда ўтказилган. Овоз бериш 11 апрелда бошланиб, якуний натижалар 23 майда эълон қилинганди. Ўшанда қаторасига иккинчи марта «Бхаратия Жаната» партияси ғалаба қозонган, унинг етакчиси Нарендра Моди яна мамлакат бош вазири лавозимини эгаллаганди.

Ҳозирги сайловларнинг муҳим жиҳати ҳам шу — Нарендра Моди учинчи карра бош вазир лавозими учун курашмоқда. У ҳатто 2019 йилгидан кўпроқ овоз тўплашга интилмоқда ва бунга ишончи комил. Экспертлар эса бошқачароқ фикрда — парламентда мухолифатчилар сони кўпайиши мумкин, аммо бу етарли бўлмайди, «улоқ» барибир Модида кетади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг