Xabarlar tezkor Telegram kanalimizda Obuna bo'lish ×

Электрон браслет тақиш мумкин бўлмаган маҳкумлар тоифаси белгиланди

Электрон браслет тақиш мумкин бўлмаган маҳкумлар тоифаси белгиланди

Фото: ИИВ ЖХД Пробация хизмати

Сенатнинг қирқ олтинчи ялпи мажлисида маъқулланган “Пробация тўғрисида”ги қонун билан пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат қилиш учун электрон кузатув (электрон браслет) воситасини тақиш ва ечиш ҳамда фойдаланиш тартиби белгиланмоқда.

Қонунга кўра қуйидаги шахсларга электрон кузатув воситаси (электрон браслет) қўлланилиши мумкин эмас:

  • 18 ёшга тўлмаган шахсларга;
  • ҳомиладор аёлларга;
  • 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга;
  • биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • тиббий кўрсатмаларга кўра электрон кузатув воситасини (электрон браслетни) тақиш тавсия этилмайдиган бошқа шахсларга.

2021 йилда эълон қилинган президент қарори лойиҳасида биринчи марта озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган ва қатъий тузалиш йўлига ўтган маҳкумларни манзил-колонияга ўтказиш амалиётини бекор қилиб, уларни шартли озодликка чиқариш асосида пробация назоратига олиш, бундай назоратдаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларини уларга электрон браслет воситасини таққан ҳолда, реал вақт режимида электрон кузатиш ва мониторинг қилиш тартиби жорий этилиши айтилганди.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар маркази томонидан озодликни чеклаш тарзидаги жазога ҳукм қилинган шахсни масофадан туриб назорат қилиш учун электрон браслет ва ушбу воситани қўллаш бўйича дастурий таъминот ишлаб чиқилган. Электрон браслет Сирдарё, Наманган ва Жиззах вилоятларида жорий этилиб, ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ҳисобида туриб, озодликни чеклаш жазосини ўтаётган шахслар яшаш манзилларининг турли хил географик жойлашувини инобатга олган ҳолда ҳамда ҳудудларда фаол ишловчи мобиль алоқа компанияларида синовдан ўтказилган.

Сенаторларнинг таъкидлашича, бугунги кунда суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш, озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва мажбурий жамоат ишлари жазоларини ижро этиш, шунингдек, шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат қилишни тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги ҳуқуқий бўшлиқ ва айрим ҳолларда зиддиятларга олиб келмоқда.

2021 йилда пробация бўлинмалари назорати остидаги шахслар томонидан 1086 та жиноят содир этилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 845 тани, 2023 йилнинг 9 ойида эса 353 тани ташкил қилган.

Малумот учун, пробация – маҳкумларга қонун ҳужжатларига мувофиқ озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни қўллаш тизими ҳисобланади.

Янги қонуннинг қабул қилиниши пробация тизимидаги ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятларни бартараф этишга, миллий хусусиятлар ва шароитларни эътиборга олган ҳолда халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани имплементация қилишга, шунингдек пробация амалиётида юзага келаётган масалаларни бартараф этишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат қарорига мувофиқ жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган, ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахслар ва маҳкумларнинг қочиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2024 йил 1 декабрга кадар ички ишлар органлари конвой бўлинмалари электрон браслетлар билан тўлиқ таъминланиши белгиланган.

Izohlar 0

Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring