Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

IT-Парк ва Ucell ҳамкорликда Boot Camp ўтказди

IT-Парк ва Ucell ҳамкорликда Boot Camp ўтказди

Кеча, 19 октябрь куни IT-Парк ҳамда Ucell ҳамкорлигида «Ucell mobile challenge 2019» мобил илова ишлаб чиқиш танлови доирасида Boot Camp ўтказилди.

Boot Camp – бу таниқли спикерларнинг тренинглари ва мастер-классларини ўз ичига олган тадбир бўлиб, танлов иштирокчиларига ўз тақдимотларининг энг муҳим нуқталарига эътибор қаратишда, оммавий чиқишлар, маркетинг, дастурлаш ва стартаплар тараққиёти соҳаларидаги сўнгги трендларни билиб олишда ёрдам беради.

Ушбу Boot Camp тадбирида соврин жамғармаси 600 млн. сўмлик «Ucell mobile challenge 2019» танловига бутун Ўзбекистон бўйлаб ариза берган юздан ошиқ стартап-жамоалар орасидан саралашдан муваффақиятли ўтган 60таси иштирок этди. Эътиборга сазовор жиҳати шунда бўлдики, танловнинг энг ёш иштирокчиси – 12 яшар!

«Ўзбекистон Республикасида IT-соҳа тараққиёти учун мақбул шарт-шароитлар яратиш Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган беш ташаббус доирасига киради. Мазкур ташаббус доирасида «Digital Generation Uzbekistan» ҳамжамияти ташкил этилган бўлиб, у жаҳондаги технологик трендларга қизиқувчан ёшларимизга ҳамда ўз маҳоратини оширишни, техник интервюга тайёрланиш ёки шунчаки фойдали танишувлар ташкил этиш ва орзусидаги ишга кириш истагида бўлганларга кўмаклашади», – дея қайд этди Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Алишер Садуллаев.

Boot Camp давомида Ucell бош директорининг биринчи ўринбосари Абдураҳмон Абдураҳмонов ҳам компани учун бу мобил иловалар ишлаб чиқиш бўйича биринчи танлов эканлигини ҳақида сўз юритди: «Ucell – бу Ўзбекистондаги энг инновацион мобил операторлардан бири, айниқса, биз ўзимизни ёшлар бренди сифатида тақдим этишимизни ҳисобга олганда. Биз ғайратли ва истеъдодли ёшларимиз учун янги лойиҳалар ва танловлар ташкил этишга тайёрмиз, токи улар ўзларининг инновацион ғояларини молиялаштириш имконига эга бўлишсин. Boot Camp тадбирини ўз ичига олган ушбу танловнинг муҳим мақсадларидан бири – мамлакатимизнинг экспорт IT-потенциалини оширувчи кўп миқдордаги экспортбоп лойиҳаларни яратишдир».

IT-Парк инновациялар бўйича директори Абдулаҳад Қўчқоров таъкидлаганидек: «Мазкур тадбир иштирокчиларнинг барча саволларига жавоб бериши, мобил иловаларга қўйиладиган талаблар ва мезонларни, муваффақиятли лойиҳаларни саралаш усулларини изоҳлаб бериши, шунингдек, ўз лойиҳасини тақдим этишнинг энг яхши услублари ҳақида қўшимча маълумотлар бериши лозим. IT-Парк учун бу – стартап-танловлар ва хакатонлар соҳасида аллақачон учинчи муваффақиятли лойиҳа, корпоратив акселератор соҳасида эса биринчисидир! Эслатиб ўтаман, бизнинг бош мақсадимиз – бутун Республика бўйлаб мақбул стартап-экотизимни ривожлантиришдир. Бу соҳадаги асосий муаммолардан бири молиялаштиришнинг етишмаслиги бўлади, шу боисдан биз стартап-танловларни буткул қўллаб-қувватлаймиз, улар шарофати билан истеъдодли дастурчилар ўз лойиҳаларига сармоя ҳамда инвесторларни топишлари мумкин. Айни шу мақсадда IT-Парк қошида биринчи давлат Венчур Фонди ташкил этилган».

«Digital Generation – бу барча Microsoft ҳамда SAP ресурсларига кириш мумкин бўлган ахборот маконидаги ягона нуқтадир. Мазкур платформа реал вақтда таълим олиш, ўзаро билим алмашиш учун яратилган. Биз очиқ ташкилотмиз ва истаган хоҳловчи ҳамжамиятимизга кириш учун ариза бериши мумкин. Биз ушбу танловнинг ҳаммуассиси ҳамда ҳамкорларидан бири бўламиз, чунки ёшлар орасида инновацион IT-ғояларни қўллаб-қувватлаш – биз учун энг муҳим йўналишлардан биридир», – дея қўшимча қилди Digital Generation Uzbekistan ҳаммуассиси А.Тожиев.

Шунингдек, иштирокчилар бу тадбирда номдор спикерлардан мастер-класслар тинглашди: «Compass Consulting» МЧЖ компанияси директори Улуғбек Ҳожиаҳмедов «Маркетинг асослари», бизнес-тренер ва консултант Артур-Пак Вартанян «Тақдимот санъати», «Re-form» МЧЖ компанияси асосчиси Дияс Муталов эса «Стартап қандай яшаб кетиши керак» мавзуларида чиқишлар қилишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг