Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вазир Ҳилола Умарова бошчилигидаги гуруҳ Германияга борди

Вазир Ҳилола Умарова бошчилигидаги гуруҳ Германияга борди

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова раҳбарлигидаги делегация аъзолари Германияда бўлиб турибди.

Бунда дастлаб Мюнхен техника университетида ўтказилган «Чегараларсиз: Германия ва Ўзбекистон ўртасида таълим, фан ва саноат бўйича ҳамкорликнинг янги босқичи имкониятлари» мавзусида халқаро симпозиумида иштирок этди.

Симпозиумда вазир Ҳилола Умарова икки давлат ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритди. Хусусан, вазирлик ҳузуридаги Янги Ўзбекистон университети ҳамда Мюнхен техника университети ҳамкорлигининг 3 йиллик фаолияти юзасидан тақдимот ҳам ташкил этилди.

Симпозиум доирасида ташкил этилган учрашувлар давомида Янги Ўзбекистон университети талабаларининг саноатга тайёр кадр бўлиб бориши учун турли лабораториялар очиш, Siemens компанияси томонидан университетнинг янги компусида лаборатория ўқув машғулотларини ўтказадиган алоҳида тренажёр марказлари очиш учун дастлабги келишувларга эришилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъуллари Мюнхен техник университети профессорлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви дастурини кенгайтириш бўйича ҳам муҳокамалар олиб борди. Хусусан, Янги Ўзбекистон университети делегацияси ҳамда Митвайда амалий фанлар университети раҳбарияти ўртасида ўтказилган учрашувда икки дипломли магистратура дастурини ташкил этиш бўйича англашинув меморандуми имзоланди. Унга кўра Саноат бошқаруви - инновация ва бизнесни ривожлантириш дастурида талабалар иккинчи семестрни Германияда давом эттиради.

Учрашувлар доирасида Инголштадт амалий фанлар университети билан ҳам англашинув меморандуми имзоланган.

Унга кўра, Янги Ўзбекистон университети талабалари Инголштадт амалий фанлар университетининг яқин ҳамкори ҳисобланувчи Audi ва BMW каби корхоналарида амалиёт ўташлари мумкин.

Вазир Ҳилола Умарова ташриф давомида Бавария Парламентининг Илм-фан ва Маданият ишлари бўйича қўмитаси бошлиғи Роберт Браннекемпер билан учрашди. Mузокараларда ҳозирги кунда Бавария ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар, таълим ва маданият соҳаларида қўшма лойиҳаларни биргаликда ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Германиянинг Дрезден техника университети, Дрезден амалий фанлар университети, Фрайберг техника университети, Нюренберг университети билан ҳам кенг кўламли ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Жумладан, Янги Ўзбекистон университети ҳамда мазкур олийгоҳларнинг келгусидаги таълимга доир ҳамкорлик режалари кўриб чиқилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг