Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳаннс Зайдел жамғармаси таълим ва малака ошириш имконини таклиф этмоқда

Ҳаннс Зайдел жамғармаси таълим ва малака ошириш имконини таклиф этмоқда

Ҳаннс Зайдел жамғармаси Германияда таҳсил учун тақдим этадиган стипендиялардан ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар ҳам фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси офис раҳбари Жавҳар Дўстов 14 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида гапирди.

«Ҳаннс Зайдел жамғармаси Германияда бакалавриат, магистратура ва докторантурада ўқишни хоҳловчи хорижлик талабаларга стипендиялар таклиф этади. Германия университетларига ўқишга кирган талабалар Ҳаннс Зайдел жамғармасидан ойлик стипендия, тиббий суғурта учун қўшимча тўлов, болали оилалар эса нафақа ҳам олишлари мумкин», – дейди Ҳаннс Зайдел жамғармасининг юртимиздаги ваколатхонаси офис раҳбари.

Стипендиялар учун ҳар йили икки марта (15 июндан 15 июлгача ва 15 декабрдан 15 январгача) аризалар қабул қилинади.

«Кўплаб чет эллик талабалар Ҳаннс Зайдел жамғармаси стипендияларига сазовор бўлган. Сиз ҳам улардан бири бўлишингиз мумкин!» – дея юртимиз ёшларини фаолликка ундади Жавҳар Дўстов.

Тадбирда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси матбуот котиби Маъруфжон Жумаевнинг маълум қилишича, Германия жамғармаси ўзбекистонлик давлат хизматчилари малакасини ошириш бўйича ҳам лойиҳаларни амал оширмоқда. Масалан, 2024 йилда Давлат бошқаруви академияси ҳамда Бавария Давлат бошқаруви мактаби билан ҳамкорликда шу йўналишда қўшма ўқув дастури ташкил этилади. Дастурнинг Германия билан боғлиқ барча харажатлари (20 нафар тингловчи авиачиптаси, стажировка ўташ, Бавария Давлат бошқаруви мактаби экспертларини жалб қилиш) жамғарма томонидан қопланади.

Ҳаннс Зайдел жамғармаси ва Давлат бошқаруви академияси ўртасидаги ҳамкорлик 2019 йилда йўлга қўйилган. Бунда асосий эътибор давлат бошқарувига ихтисослашган кадрларни тайёрлаш, давлат хизматчилари малакасини ошириш ва стажировкалар ташкил этишга қаратилмоқда. Ҳозирга қадар ташкил этилган семинар-тренинг ва ўқув дастурларида минглаб давлат хизматчилари, илмий тадқиқотчилар, соҳа мутахассислари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этган.

Ҳаннс Зайдел жамғармаси (Hanns-Seidel-Stiftung) Германиядаги ижтимоий-сиёсий ва таълим соҳасидаги энг йирик фондлардан бири бўлиб, «Тинчлик, демократия ва тараққиёт хизматида» шиори остида 1967 йилдан бери фаолият юритади. Тузилма Бавария федерал ерининг собиқ раҳбари Ҳаннс Зайдел номи билан аталган.

60 дан зиёд давлатда ўз ваколатхонасига эга жамғарма давлат бошқаруви, сиёсий таълим, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳит муҳофазаси ва экология йўналишларида фаолият олиб боради.

Жамғарманинг юртимиздаги ваколатхонаси 2021 йилдан буён фаолият юритади. Жамғарма Давлат бошқаруви академияси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги ва бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ҳаннс Зайдел жамғармаси таклиф этаётган стипендиялар ва малака ошириш дастурлари ҳақида унинг расмий сайтидан батафсил маълумот олиш мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг