Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда илк бор триатлон бўйича ҳаваскорлар ўртасида мусобақалар бўлиб ўтди (фото)

Ўзбекистонда илк бор триатлон бўйича ҳаваскорлар ўртасида мусобақалар бўлиб ўтди (фото)

Фото: Ўзбекистон триатлон федерацияси

Бугун 5 май куни Ўзбекистон триатлон федерацияси  «I love supersport» (Тошкент) Халқаро спорт мактаби билан ҳамкорликда ва  «Coca Cola» ҳомийлигида «Триатлон Спринт» – Ўзбекистонда биринчи бор ҳаваскорлар ўртасида триатлон бўйича мусобақалар ташкил этди. Иштирокчилар сузиш (750 м), веломусобақа (20 км) ва югуришни (5 км) ўз ичига олган масофаларни енгиб ўтдилар.

Фото:«Xabar.uz»

Ўзбекистон триатлон федерацияси раҳбари ўринбосари Фарруҳ Носировнинг айтишича, триатлончи бўлиш учун ҳаваскор спортчилар аниқ мақсадга интилиш, интизом, сабр-тоқат ва чидамлилик каби хусусиятларга орқали муносиб турмуш тарзига эга бўлишлари керак. Ушбу спортга оммавий қизиқиш ва қатнаш халқ саломатлигини кафолатлайди. Умуман олганда, оммавий спортни ривожлантириш мамлакатлар стратегияларининг устувор йўналишларидан бирига айланди, чунки оммавий спорт турлари бевосита ва билвосита давлатнинг кўплаб соҳаларига ижобий таъсир кўрсатади: аҳоли саломатлиги, иш самарадорлиги, сайёҳлик, инвестиция муҳити ва бошқалар.

Фото:«Xabar.uz»

Жаҳон триатлон корпорацияси томонидан ўтказиладиган  «Ironman» деб номланган дунёга машҳур триатлон мусобақаси мавжуд.  «Ironman» сериясининг ҳар бир алоҳида мусобақаси уч босқичдан иборат бўлиб, у қуйидаги тартибда танаффусларсиз амалга оширилади: 3.9 км сузиш, велосипедда 180.25 км босиб ўтиш ва 42.2 км масофали марафон югуриш.  «Ironman» триатлони дунёдаги энг қийин бир кунлик мусобақалардан бири ҳисобланади.

Фото: Ўзбекистон триатлон федерацияси

«Ironman» мусобақаси дунёдаги замонавий триатлоннинг ривожланиш асосини ташкил этгани кенг эътироф этилади. Бугунги кунда триатлон ва жумладан, «Ironman» сериясининг пойгаси мураккаблик ва оммавий характерга эга эканлиги сабабли даврий спорт турлари орасида «Формула-1» деб аталади.

Мусобақанинг  «Half Ironman» («темир масофасининг ярми») деб номланувчи яна бир қисқа версияси - Ironman70.3 серияси ҳам мавжуд. Бу тур «Ironman» масофасининг ярмини ташкил этади: 1,2 миля (1,9 км) сузиш, 56 миля (90 км) велосипедда ҳаракатланиш ва 13,1 миля (21,1 км) югуриш.

Фото: Ўзбекистон триатлон федерацияси

МДҲ давлатлари орасида «Ironman» сериясидаги ягона мусобақа Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда ҳар йили бўлиб ўтадиган «Ironman 70.3 Астана» ҳисобланади. Ўтган йили ушбу мусобақада дунёнинг 47 мамлакатидан 1300 нафар спортчи иштирок этди.

Мусобақа ҳаваскор спортчиларни  «Ironman 70.3 Астана» мусобақасига тайёрлаш доирасида ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Россия, Туркия каби давлатлардан вакиллар қатнашди.

2019 йил 14 июлда «Ironman» 70.3 Астана мусобақасида Ўзбекистон Триатлон Федерациясининг кўмаги билан Ўзбекистондан 20 га яқин ҳаваскор спортчилар иштирок этишни режалаштирмоқда.

Фото:«Xabar.uz»
Фото: Ўзбекистон триатлон федерацияси

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг