Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дилором Тошмуҳамедова сенатор бўлди

Дилором Тошмуҳамедова сенатор бўлди

Фото: «Адолат» партияси матбуот хизмати

Бугун, 27 октябрь куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон давлат консерваторияси катта мажлислар залида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгаши депутатларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Адолат» социал демократик партияси матбуот хизмати хабар берди.

Шаҳар ва туман депутатлари, Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган қўшма мажлисда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзолигига бўш бўлган ўринга Тошкент шаҳридан вакил сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Тошмуҳамедова Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланди.

Эслатиб ўтамиз, Дилором Тошмуҳамедова 2001-2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг аъзоси сифатида фаолият юритган. 2005-2008 йилгача «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ва партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари лавозимларида ишлаган.

2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари этиб тайинланган. 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг спикери этиб сайланиб, 2015 йилгача парламент Қуйи палатасига раҳбарлик қилган.

2017 йилдан буён, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори лавозимида ишлаб келмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг