Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хавфсизлик масалаларини ўрганиш бўйича Европа маркази ходими Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида дарс ўтмоқда

Хавфсизлик масалаларини ўрганиш бўйича Европа маркази ходими Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида дарс ўтмоқда

Фото: Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати

Жорж Маршалл номидаги хавфсизлик масалаларини ўрганиш бўйича Европа маркази ходими профессор Грегори Глисон Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясининг профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари билан янги «Халқаро хавфсизлик» номли курс устида ҳамкорликда иш олиб бормоқда. 

Ушбу курс жорий йилнинг декабрь ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Грегори Глисон қўшма назарий машғулотлар доирасида Қуролли Кучлар академияси қўмондонлик-штаб факультети тингловчилари ва профессор-ўқитувчилари учун минтақа ва халқаро хавфсизликка оид долзарб масалалар бўйича машғулотлар ўтказмоқда.

Фото: Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати

Глисон хавфсизлик масалалари тадқиқоти маркази профессори ҳисобланади, у Калифорния университетида политология бўйича докторлик даражасини олган. Илмий-педагогик фаолиятини Нью-Йорк, Маями ва Нью-Мексика университетларида «Политология», «Давлат бошқаруви ва иқтисод» ҳамда «Халқаро муносабатлар» йўналишида олиб борган. Халқаро муносабатлар ва сиёсий ривожланиш бўйича кўплаб илмий мақолалар муаллифи.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси АҚШ қуруқликдаги қўшинлари Қўмондонлик-штаб коллежи ҳамда Жорж Маршалл номидаги хавфсизлик масалаларини ўрганиш бўйича Европа маркази билан сўнгги йилда «Ҳарбий таълимни такомиллаштириш» ва «АҚШ Мудофаа вазирлиги маслаҳатчиси» каби дастурларини ишга туширди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг