Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Суперақллилар ўйини: «Сичқон қувди»

Суперақллилар ўйини: «Сичқон қувди»

Фото: «blisch.by»

Ассалому алайкум, ассалому алайкум, азиз тингловчилар! Бугун яна файзли сешанба оқшоми, ҳамма ақллилар футбол бўйича чемпионлар лигасида «Челси» — «Барселона» ўйинини маза қилиб томоша қилаётган бир пайтда мен, сизларнинг севимли бошловчингиз Шомурод Эштўраев фақат сизлар учун ишлаяпман. 99 «ЭФЭМ», эфирда сиз севган «Ошқовоқ» радиоканали!

Биласиз, радиоканалимиз ўзининг юксак савиядаги интеллектуал дастурлари ва жонли эфирга энг машҳур хонандалар таклиф этилиши билан ажралиб туради!

Бугун ҳам ўз анъаналаримиздан бир километр ҳам чекинмаймиз. Меҳмонимиз бор албатта, сизларни кўп куттирмай уни студиямизга таклиф қиламан, йўқ, у ўзи студиямизда ўтирибди... Нима десам экан?.. Ҳалиги, уни таништираман... Танийсиз албатта... Чиқиш қилади хуллас!

Кутиб олинг, ўзининг фалсафий қўшиқлари билан миллионлаб мухлислар қалбини сеҳрлаб қўйган хушовоз хонанда Бойқўзи Қўчқоров сиз азизлар билан радиотўлқинларимиз орқали ғойибона кўришмоқда.

— Бойқўзи, хуш келибсиз.

— Раҳмат мани таклиф қиганила учун. Ўзи шу кунларда вашше тўй кўпийди. Ҳар куни заказ, бурроларам навал бўпкетти. Ишонсез, бир куни сумалаккаям чақиришди. Бормоқчийдиму, ҳалиги, нархини келишомий...

— Бойқўзи, Бойқўзи. Бу ҳақда алоҳида тўхталамиз. Бугун сиз мухлисларингиз билан бевосита, тўғридан-тўғри эфирда суҳбатлашасиз. Қолаверса, яқинда бўлиб ўтадиган илк концертингизга чипталар тақдим этасиз. Хўш, бунинг учун мухлислар нималар қилиши керак?

— Ҳеч нарса қилиш керемас, касса тўла билету?

— Ҳа-ҳа-ҳа, Бойқўзи укамиз ҳазилниям боплайди. Бу ажойиб концертга чиптани қўлга киритиш учун албатта «Сичқон қувди» интеллектуал дастуримизда иштирок этишлари ва саволларимизга жавоб беришлари лозим бўлади. Демак, рухсат берсангиз, биринчи саволдан бошлаймиз. Ҳар битта саволга тўғри жавоб топганга иккитадан чипта берилади.

Диққат қилинг, биринчи савол: бу шаҳарнинг қадимий номлари Чоч, Шош. Андижонликлар бу шаҳарни Ташкен, қўқонликлар Тошкон, самарқандликлар ва бухороликлар Тошканд деб аташади. Маҳаллий аҳоли Тошкан дейдиган, русча номи Ташкент бўлган Ўзбекистон пойтахтининг номи нима? Вақт кетди! Шарт шуки, шаҳарнинг энг тўғри номини айтиш шарт.

Қойил, бизда дарҳол биринчи қўнғироқ! Бу мухлисларимизнинг билимлари ҳаддан зиёд эканлигининг исботи. Хўш, ўзингизни таништиринг.

— Мани исмим Боҳо, Юнусободда тураман. Ўзи праписка эскишаҳарда, проста у ерлар сносга тушвотганига домовойдан чиқмай турибмиз. Одам сонига қараб енги домладан уй беришвотганакану, шунга ҳозир дакумент...

— Баҳодир, Баҳодир, сиз саволимизга жавоб топдингизми?

— Қайси саволга?

— Юқоридаги саволга.

— Ман саволли эшитганимам йўқ.

— Ахир қўнғироқ қилиб тушдингиз-ку!

— Ман ўзи радиога анчадан бери телефон қилардим. Соткани автога қўйиб қўйсам тушибди-де.

— Хўп, омадингиз бор экан, саволимизга жавоб беринг-чи. Андижонликлар бу шаҳарни Ташкен, қўқонликлар Тошкон деб аташади. Бу қандай шаҳар?

— Тошканни этвоссилами?

— Ҳмм... Нима десам экан, афсуски, жавобингизни қабул қила олмайман.

— Ниме? Тўғри этвомману!

— Йўқ. Агар шарт бўйича тўппа-тўғри жавоб берганингизда Бойқўзи Қўчқоровнинг ажойиб концертига чипта ютиб олган бўлардингиз.

— Кимми-кимми?

— Бойқўзи Қўчқоровнинг!

— Ким ўзи у?.. (дут-дут-дут)

— Афсуски, алоқамиз узилиб қолди. Бойқўзи, келинг, кейинги радиотингловчи боғлангунга қадар сиз билан суҳбатимизни давом эттирсак. Сизни кўпроқ фалсафий қўшиқларингиз орқали таниймиз. Айниқса «Қарға қарғанинг кўзини чўқимас» қўшиғингиз жуда машҳур бўлиб кетди. Шу қўшиқнинг яралиш тарихи ҳақида сўзлаб беринг.

— Бу қўшиқни тарихи вашше қизиқ-де. Болалигимизда окамгила билан уришсек энам раҳматли «Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди» дирдила. Ман эътибор бермай уришуврардим. Котта бўганимда бир кун қарасам иккита қарға уришвотганакан. Биттаси, коттароғи иккинчисини кўзини чўқиб ташади-де. Ўшатта ман ўйланиб қолдим. Энам бошқача гапирувдила-ю... Кейин билсам бўтта иккинчи маъноям боракан-де. Тушунтиришувди сразу тушуниб, ўзбе мақолларига беш кетвордим. Ҳар бирида маъно бўларкан-де.

— Ана фалсафа! Келинг, шу қўшиқни интиқиб кутаётган тингловчиларга тақдим этамиз, тарона жаранг сочади!

Қарға қарғанинг кўзини чўқимас,

Абет қимаган китоб ўқимас,

Китоб ўқимаган фалсафа сўқмас,

Билмаганга тор, билганга зўр дунё бу...

— Тасанно, Бойқўзи, тасанно! Анчадан бери бундай чуқур мазмунли қўшиқ эшитмагандик. Қўшиқдаги «Абет қимаган китоб ўқимас» дейилган сатр мазмунини унча тушунмадим...

— Э, буниям тарихи бор. Мани коллежларга, институтларга ижодий учрашувларга роса кўп чақиришади. Хотя ўзим ҳичқатта ўқимаганман. Бир кун қўшиқ айтсам ҳамма боллар хўмрайиб ўтирибди. Биттасини чақириб нега хўмрайишвотганини сўрадим.

«Ока, қўшиқлариззи тушунмадик», — дейди. Бу хумпарларга фақат «Уммон» бўса-де. Санла бу қўшиқларни тушунишлигинг учун кўп китоб ўқишларинг кере деб маслаҳат берсам, нима дейди денг? «Ўзи абет қимаганмиз, қорин оч, китоб ўқишга бало борми?!», — дейди. Ман ўйлаб қолдим, болларимиз нимага китоб ўқишмайди деган савол ҳозир праблема бўпкетти-ю. Ман шуни жавобини топиб, куйга солиб халқимизга етказмоқчиман. Тўйларга тортмайди-ю, лекин ошларда кўп сўраш...

— Бойқўзи, Бойқўзи! Бизда яна бир қўнғироқ. Хўш, ўзингизни таништиринг.

— Мен Маматов Бойқўзи, Чилонзорда тураман. Ўзим Чирақчиданман.

— Ие, меҳмонимиз билан адаш экансизлар-да.

— Туври, адашмиз. Некин менинг отимди отам қўйған.

— Ҳа, яхши, хўш, Бойқўзи, саволимизга жавоб топдингизми?

— Манга этвосми?

— Йўқ, сиз студияда ўтирибсиз-ку. Мен адашингиздан сўраяпман. Чироқчилик Бойқўзи, сизни эшитамиз.

— Мен Чилонзорда тураман. Некин праписка временний. Учаскавой индамайди. Чирақчида бўса силарга тушалмасийдим, антена чиқмайди.

— Хўп, саволга жавоб борми?

— Бор. Ташкен!

— Аниқ айтинг!

— Онниқ Ташкен. Шуниям билмайсизма? Пойтахт бўса, тозза осон савол-ку бу.

— Йўқ, бу ерда шевадаги кўринишини қабул қила олмаймиз. Аниқ жавоб керак.

— Эээ. Ташкен деяппан-ку. Ўзи отам айтайди, болам, Ташкен Ташкен дейсан, Ташкенингдаям закун жўқ керак бўса деб...

— Бойқўзи, Бойқўзи!

— Ҳа?

— Э, сизмас. Мухлис Бойқўзи, бизга аниқ жавоб керак, бўлмаса чиптани қўлга киритолмайсиз.

— Манга қаранг, Шомурод ака, шу укамиз ҳақиқий мухлисимиз эканла, жавоб тўғри бўмасаям иккита билет берийлик.

— Қойил! Азиз мухлислар, мана, шоумиз ғолибини ҳам аниқлаб олдик. У кишига Бойқўзи Қўчқоровнинг дастхати туширилган иккита чипта совға қилинади! Табриклаймиз.

— Яна қўнғироқми?

— Йўқ, мани соткам жиринглавотти. Алё, ҳа, ман шоудаман. Сан жа котта кетвотувдингу камида юзта билет ўтқазиб беришади, соққасини оган деб. Бўтта иккитаниям ўзим бервомман. Нима қивоссанла ўзи? Кансертга икки кун қолди, ҳали уч мингта билет...

— Азиз мухлислар, шунинг билан сиз севган «Сичқон қувди» дастури якунига етди. Саволнинг жавобини кейинги дастурларимизда топамиз. Сиз унгача изланишда давом этинг!

Муаллифдан: барча исм-фамилиялар, номлар тўқима, ўхшашликлар тасодиф. Шомурод Эштўраев деган бошловчи ёки Бойқўзи Қўчқоров аталмиш қўшиқчи бор бўлса, уларга асло тегиб кетмасин. Бу бошқа Шомурод билан Бойқўзи!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг