Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Самарқанднинг қадимий ҳудудида ноқонуний қурилишлар: томошагоҳ ҳовлилар, прокуратурадан порталгача борган мурожаатлар...

Меъморий ёдгорликлар улар атрофидаги қадимий маҳаллалар билан биргаликда яхлит тарихий меъросдир. Самарқанд тарихий обидалари муҳити билан боғлиқ хавотирлар 2019 йилда ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси қўмитаси сессиясида ҳам янграгани бежиз эмас эди. Афсуски, ўтган даврда аҳвол ўнгланиш ўрнига янада абгор бўлди.

Сўнгги йилларда Ҳазрати Хизр, Шоҳи Зинда ва Бибихоним ёдгорликлари учун ягона фоннинг бир қисми бўлган йўл негадир замонавий шаҳарсозлик нормаларига кўра кенгайтирилди. Қизил ва қурилиш чизиқлари орасида 10-12 метрлик йўлаклар яратилди. Натижада, тарихий обидалар, масофадан қаралганда кичрайган эффект бера бошлади. Бунинг устига икки томонлама қад кўтарган объектларнинг аксарияти тарихий муҳит ҳамда шаҳарсозлик норма, қоидаларига жавоб бермайдиган қилиб қурилди.

«Xabar.uz» ёдгорликлар фонида кетма-кетликдаги объектларни ўрганишга киришди. Самарқанд вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспексияси маълумотига кўра, танланган 10 та объектдан 8 таси Давлат архитектура-қурилиш инспекцияси назоратидан ўтмаган, демакки, ноқонуний қурилган. Иккита объект эса юқорида тилга олинган назоратдан ўтган, аммо қатор ҳолатда назорат холис ўтганига шубҳа пайдо қилади.

Фото: «Xabar.uz»

Шоҳи Зинда, 83: автомобил тураргоҳи, болалар майдончаси ва скамейкаси бўлмаган «дом» ёнидаги томошагоҳ ҳовлилар

Танланган объектлар Шоҳи Зинда кўчаси 83 (Рудакий 283)-манзилдан бошланади. Объект ҳақида аввал ҳам ёзилган. Бу ер ёдгорликлар томон йўлнинг қиялик тушган нуқтаси.

Объект ва 500-600 метр нарида кўриниб турган ёдгорлик билан хаёлан чизиқ тортсангиз, улар бўйлашаётган тасаввур пайдо қилади. Ертўла ер саҳтидан одам бўйи юқорилаган ва ундан кейин 3 қават кўтарилган. Биринчи қаватда савдо дўконлари. 2 ва 3-қават — «Дом». Подъезд эшиги орқа томондан, маҳалла хонадонлари билан яқин масофада ўрнатилган.

– Уйимиздан 20 метрча масофада 2 қаватли уй бор эди. Йўл кенгайтирилганда, уни бузишди, эгаларини кўчириб юборишди. Ҳозир мана қаранг, томошагоҳга айлантириб қўйишди, 20 та дераза ҳовлимга қараб қўйилган. Икки ўғлимга келин туширишим керак. Бу ҳолатда қандай келин туширамиз, қандай яшаймиз? Қуёш ҳам тўсиб қўйилди, – дейди Бахтиёр Жабборов.

Фото: «Xabar.uz»

«Дом»да яшовчилар учун оддий инфраструктура – автомобил тураргоҳи, болалар майдончаси, тоза ҳавода ўтириб дам оладиган скамейкалар йўқ.

Амалдаги «Шаҳарсозлик норма ва қоидалари» (ШНК)да 3 қаватли ва бир қаватли уйлар нисбати, улар оралиғидаги вазият кўзда тутилмаган. Меъёрда, масалан, 3 қаватли ва 3 қаватли ёки 3 қаватли ва 5 қаватли (ва ҳоказо 5х5, 7х3, 7х5...) уйлар орасидаги масофа кўрсатилган, бироқ 3 қаватли ёки 5 қаватли уйнинг 1 қаватли уйга нисбатан масофаси меъёри ҳақида ҳеч нарса йўқ.

Юқоридаги ҳолатнинг ШНКда назарда тутилмагани бу норманинг ноқислигими? Аслида маҳалла ичида «дом» қуришнинг ўзи ноқислик, меъёрнинг ўзига сиғмайдиган ҳолат эмасми?

ШНКда, шунингдек, яққол кўринмаслик ва ёнғинга қарши эҳтиёт чоралари талаблари ҳам бор. Жумладан, томорқа участкалари бўлган қўшничиликда мана шундай талаблар қўйилганки, булар ўрганаётганимиз «дом» ва ҳовлилар нисбатига ҳам тўғридан-тўғри алоқадордир.

Ҳар қандай бино қурилиши қўшни участка эгалари билан келишилиши, тураржой уйи ва хўжалик биноларининг қўшни участкалардан кўриниш паналигини ҳамда қўшнининг тураржой уйига қуёш тушиши нормаларини таъминлаши лозим.

Қўшниларнинг айтишича, ҳокимиятга, порталга мурожаат қилишган, аммо тайинли жавоб олишолмаган. Бахтиёр Жабборов билан ёнма-ён қўшни уйда биринчи гуруҳ ногирони Анвар яшайди. Унинг онаси Раиса Донабоевага кўра, тадбиркор қўшнилар келиб қурилиш ишлари бошлангач тинчлари бузилган: «Деразаларни қўйиб ташлашди. Мажбурлигимиздан тўрдан кўтарилиши керак бўлган иморатни қуёшга тескари томондан қураяпмиз. Қуёшга тескари бўлса ҳам, мана бу ердаги одамлар кўрмасин деб».

Самарқанд вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспексиясига кўра, Шоҳи Зинда кўчаси, 83-манзилдаги объект инспексия назоратидан ўтганлардан бири. Инспекция «Xabar.uz»га тақдим этган ҳужжатда бинонинг фақат бир қавати ҳақида маълумот берилади. 

Якка тартибдаги тадбиркор Бекзод Салоҳиддинов номи билан боғлиқ ҳужжатда объектдаги қурилиш тури «Мавжуд савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биносини реконструксия қилиш» деб ёзилган. Лекин, бу ерда ҳеч қачон савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси бўлмаган, икки қаватли уй бўлган. Ҳужжатда ёлғон маълумот кўрсатиш ва қурилиш турини реконструксия деб кўрсатиш нимага керак бўлди?

Ҳамма гап шундаки, қонунчилигимизда тарихий ҳудудда янги қурилиш, айниқса, замонавий услубда ва янги шаклда кўтариш асло мумкин эмас. «Фақатгина жисмонан ўзининг қийматини йўқотган иморатларни эски услубда, эски ҳажмда тикласа бўлади. Лекин янги қурилиш қилиш умуман мумкин эмас» дейишади олимларимиз.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати «Хабар.уз»га объект ҳақида ўтган йилнинг декабр ҳолатига кўра «бинонинг лойиҳа таклифлари илмий эксперт кенгашидан ўтганлигини исботловчи ҳужжатлар Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармасида мавжуд эмас» деб хабар берди.

Савол пайдо бўлади: маданий мерос идораларидан рухсат олмай туриб назорат инспексиясидан қандай қайддан ўтиш мумкин? Шундан келиб чиқиб ёнғин хафвсизлиги, санитария эпидимиология марказидан, сейсмобардошлик ҳолати (асосда монолит бетон ўрнида шлокоблок терилган жойлар борлиги айтилмоқда) борасидаги ҳужжатлар бор-йўқлиги савол остига олинади. 

Қизиғи, юқоридаги маълумотномада иккинчи ва учинчи қаватдаги хонадонлар борасида бир сўз йўқ. Гўё объект фақат савдо ва маиший хизмат мажмуасидан иборатдек. Айни вақтда, бир неча хонадон сотилгани маълум, яна сотилмоқда. Харидорга хонадонларнинг кадастр ҳужжатлари борлиги таъкидланади. Давлат кадастрлари палатаси Самарқанд вилоят бошқармаси матбуот котиби Азамат Нишонов эса «2023 йил 27 январ ҳолатига кўра, Шоҳи Зинда кўчаси, 83-манзил бўйича янги кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас» деди.

Пудратчи ташкилот, айни вақтда техник назоратга ҳам масъул шахс сифатида Бекзод Салоҳиддинов номи кўрсатилган. Аниқланишича, Бекзод Салоҳиддинов Самарқанд вилоят қурилиш бошқармасида мутахассис лавозимида ишлайди. Исм-шарифлари расман очиқланмаган юқори қават эгалари эса Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг икки ходими эканини инсайдерларимиз тасдиқлади.

Шоҳи Зинда, 85: «Мен дардимни кимга айтаман?»

60 ёшдан ошган Мавлуда Пўлатова номига сотиб олинган уй-жой бузилиб, янгитдан қурилиш бошлашганига бир йилдан ошган. Манзил эгаси ҳам қўшнилар рухсатини олмай юқоридан улар ҳовлиларига қарата эшик-дераза қўйган, қуёш тўсилган, ер ўзлаштирилган. Лекин, 85-манзилдаги қурилишдан энг катта зарар кўрган бу деворлари туташган қўшни хонадонлардир. Улар ҳали 2021 йил, 8 ноябрда тадбиркор қўшни, деворларига туташ чуқурлик кавлаётгани борасида Самарқанд вилоят ҳокимлигига мурожаат қилган. Ўшанда чуқурлик 3 ярим метрча бўлган.

Фото: «Xabar.uz»

Шунда Самарқанд вилоят қурилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Озоджон Раҳматов ва Самарқанд шаҳар қурилиш бўлими мутахассиси Фаррух Халилов келишган, кўришган. Объект эгаси Мавлуда Пўлатова, ўғли Олим билан суҳбат ўтказилган. Лекин 2021 йил, 6 декабрда олинган суратда улкан ҳандақ пастдаги одамлар анчайин майда кўринадиган даражада чуқур ва деярли девор ости билан кенгайтирилиб кавлангани акс этган. Чуқурлиги 10 метрча чиқади. Бу тарихий ҳудуднинг буфер зонасидаги ер. Бўлмаганда ўн асрлик қатлам. Эксковаторнинг улкан чўмичларида қандайдир нодир ашёлар тупроқларга қоришиб кетиб қолмаганига ким кафолот беради?

Фото: «Xabar.uz»

Ана шу ҳолатда хусусий хонадон билан икки қарич масофадаги ижтимоий объект қурилиши давом эттирилган. Уйлари чўка бошлаган хонадон соҳиблари шаҳар бош архитектори Шуҳрат Жумаевга, вилоят қурилиш бошқармаси бошлиғи Латиф Ҳамидовга, вилоят ҳокими Эркин Турдимовга ва ниҳоят порталга чиқишган. Лекин, қурилиш 2022 йилнинг декабрига қадар, битмагунча, тўхтатилмаган. Самарқанд вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспексиясининг июл ойида тақдим қилган хулосада, бирда «Биноларнинг «Армас» МЧЖ томонидан тайёрланган ишчи лойиҳалар асосида Савдо ва маиший хизмат биноси колоннаси ва сейсмопояслари мустаҳкамлиги лойиҳага мос келмайди...» дейилса, охирроғида «... зилзилабардошлиги 8 баллик ҳисобий сейсмикликда таъминланган» деб қайд қилинган. Ана шу хулосада икки қаватли ертўла ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган.

Қатор ҳолатларда ҳужжатлардаги мантиқсизлик, сохта маълумотлар «ярқ» этиб кўзга ташланади. Дейлик, қурилиш лойиҳалари экспертизаси «Шаҳарсозлик лойиҳа экспертизаси» МЧЖ томонидан 2022 йил 8 июнда берилган. Диққат қилинг: бу вақтда объектнинг икки қават ертўласи ва 2 қават ер усти қисми кўтарилиб бўлинган! 

Лойиҳада ер ости зиналари қўшнининг айвони остида қилиб режалаштирилгани, колонналар сони устки қаватдан икки баробарга камлиги ажабланарли, хавотирли.

Ушбу ноқонуний қурилиш ҳақида тўққиз ой муқаддам ижобий хулоса берган вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспексияси нега бу ҳақда ўшанда айтмади? Нега огоҳлантирмади? Нега қурилишни қонун доирасида тўхтатмади. Майли, халқаро тадбир меҳмонлари чала иморатни кўриши уят ҳисобланаркан, фақат фасадни тайёрлаб, орқа қисмдаги ишлар нега тўхтатилмади (асосий норма бузилиш ҳолатлари орқа тарафда). Қолаверса, қоида ва нормалар бузилиши ШҲТ тадбирларидан анча аввал бошланган ва кейин ҳам давом этган.

Фото: «Xabar.uz»

Самарқанд вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспексияси бош мутахассиси Аслиддин Тўйлиев Шоҳи Зинда 85-манзилдаги ноқонуий бинони қонунийлаштириш борасида маъмурий судга ҳужжатлар тайёрланаётганини маълум қилди.

Қатор ҳолатларда, ноқоний қурилган объектлар эгалари жарима тўлаш билан вазиятдан чиқишлари айтилади.

Фото: «Xabar.uz»

Шоҳи Зинда, 87: «Ўзим жабрдийдаман»

Матлуба опа Маматова шу маҳалланинг қизи. У қатордаги, тадбиркорлик учунгина харид қилиб, иморат кўтарган кишилардан ана шу жиҳати билан фарқ қилади. Матлуба опанинг ўзи ҳам қурилиш қилди. Бир қаватли савдо мажмуаси.

Хонадонда кириб борар эканмиз, кўнгилни кўтарадиган даражада газ ҳиди сезилади. Маълум бўлишича, 85-манзил қурилиши жараёнида маҳалла газ қувури ёрилган экан. «Икки-уч ой газ қаердан чиқаётганини билмадик. Кейин маълум бўлди, икки қаватли ертўлада газ лиқ тўлган экан. Яқинда ёриқни тузатишди. Лекин буларнинг ертўласи девори менинг ҳудудимда кўтарилган. Яъни, ертўлани бир девор энига кенгайтириш мақсадида ўзининг ҳудуди қолиб, менинг еримдан девор кўтарган. Ўз жойида девор кўтаришини талаб қиламан. Эртага бу ерда бирор ишхона қиладими, яна газ ҳиди бўладими, свет бўйича бўладими, портлаш бўладими, мен бу ерда яшаяпман», дейди Матлуба опа.

Фото: «Xabar.uz»

Иккинчи ён қўшниси, 89-манзил бўйича эса турли ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлган. «Ҳовлимиз кўринадиган қилиб деразалар қўйиб ташлади. Юқоридан ичкаридаги уйим ҳам кўринади. Ўзи 3 қаватли мумкин деганди. Булар олд томоннни 3 ва орқа томонда 4 қаватли қилишди. 3-қаватнинг томини саҳн қилиб чиқиб ўтирадиган жой, яъни томда ҳовли қилишаяпти. Томдан ҳам уйим кўринади-да. Турли ташкилотидан келишди, лекин натижа йўқ» дейишди улар. Матлуба Маматова 8 январ куни ана шу манзил эгаси Алишер Рустамов девори орқасидан чуқур қаздира бошлаганда «102»га мурожаат қилган. Вақеанинг бошқа жиҳатлари ҳам бор. Бу энди алоҳида мавзу...

Фото: «Xabar.uz»

Шоҳи Зинда, 89: Самарқанд шаҳар прокуратурасида нима сир бор?

Эгаси Алишер Рустамов деб айтилаётган бу объект ҳам расман ноқонуний ҳисобланади. Объект нимага мўлжалланганини атрофда ҳеч ким билмайди. Унинг деразаларидан ҳам бир неча ҳовли (Шоҳи Зинда, 87, Самарқанд кўчаси, 5,7,9, 11, Ҳаваси 32) бемалол кўриниб туради.

Фото: «Xabar.uz»

Лекин, Самарқанд кўчаси, 9-уй манзилидаги Шердор Ражабовнинг бир парча ҳовлиси меъёрдан ортиқ баландликдаги бино панасида буткул қолган, қуёш ҳам, ҳаво ҳам тўсилган. Шердор 2022 йил 18 ноябрда Самарқанд шаҳар прокуратурасига мурожаат қилган. Бир ойдан ортиқроқ вақт прокуратурадан сас-садо бўлмагач, Шердор Ражабов ана шу аризаси нусхасини «Хабар.уз»га берди.

Прокуратуранинг 7 январдаги навбатчи ходими «Хабар.уз»га ариза ўрганилиш учун шаҳар Ички ишлар бўлимига юборилгани ҳақидаги хатни тақдим қилди.

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жаҳонгир Саъдуллаев бундай хат 26 январда ҳам ҳамон уларга етиб келмаганини маълум қилди.

Одамлар адолатни тиклаш учун энди қаерга боришни, кимга дардларини айтишни билишмайди.

Фото: «Хабар.уз»

Шоҳи Зинда, 91: қонуний қурилиш, лекин қонунийлик қани?

Бу бино ҳам «Армас» МЧЖ томонидан лойиҳалаштирилган. Вилоят қурилиш соҳасида назорат инспексиясидан рўйхатдан ўтган. Юзадан қараганда шаҳарсозлик норма ва қоидалари бузилмагандек кўринади. Аммо маҳалла ичкарсига кирсангиз, бинодаги 10 та деразадан бир неча ҳовли, бошқаларга ҳам томошагоҳ бўлиб турган ҳовлилар кўриниб турибди. Улкан ертўланинг Самарқанд кўчаси, 5-хонадон билан яқин қазилиши ҳисобидан хоналарда ёриқлар пайдо бўла бошлаган. Хонадон оқсоқоли Ҳамдам Ҳимматов мана шу даргоҳда туғилиб ўсган. Ҳамдам бобо сайёҳлар маҳаллаларни кезиб аввалдаги ҳайратни туймаяпти, дейди. «Бир гуруҳ сайёҳ келиб мана шу ерга кирди. Шу ҳолатни тасвирга тушириб кетди. Аввалги миллийлик қани?» дейди болалигида бир келиб кетган сайёҳ» фикрини мисол билан келтиради суҳбатдошимиз.

Фото: «Xabar.uz»

Янги қурилиш билан тўғридан-тўғри, параллел жойлашган Самарқанд кўчаси, 7-хонадон соҳибаси эса ёши улуғ онахон, ёлғиз яшайди. «Бу қурилишга менинг дахлим йўқ» деди.

Самарқанд вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспексияси бош мутахассиси Аслиддин Тўйлиев инспексиядан рўйхатдан ўтган объектда «Яққол кўринмаслик» талабларини тиклаш борасида «Инспексия қурилиш ҳақида хабардор қилинган. Биз энди бу қурилишни рад қилолмаймиз» деди... 

***

Мавзуни ёритиш жараёнида тарихий мерос ва шаҳарсозлик нормалари билан боғлиқ қирралар бир-бири билан кесишаверди, бир-бирини тўлдираверди.

Самарқанд шаҳри ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилганига 20 йилдан ошди. Биз бу номни қанчалик оқлаяпмиз? Дейлик, бугунги раҳбарлар, мутасаддиларга «Регистон қуринг!» деб талаб қўйилмайди. Барибир қуролмайди! «Регистонни асранг!» дейилади. Худди шунингдек, шундоққина Шоҳи Зинда зиёратгоҳи йўлида баланд (3 қават ҳам баланд) меҳмонхонаю «дом», яна алланималар қуриш керак эмас эди. Юқорида айтилган гап:

ТАРИХИЙ ҲУДУДДА ҚУРИЛИШ ҚИЛИШ МУМКИН ЭМАС!

Лекин, биз ўрганган манзилларнинг деярли барчасида янги қурилишлар амалга оширилди. Сайёҳга қизиғи йўқ бўлса ҳам. Тадбиркорга эса шу фойдали. Эҳтимол тадбиркорга йўл очиб берганларга ҳам.

Қўполроқ мисол келтирганда, гиёҳванд модда сотиш ҳам сотувчи учун моддий жиҳатдан фойдали. Лекин шу ишни қилган одам қамалади. Тарихий ёдгорликлар қатори тарихий муҳитни бузганлик борасида маъмурий эмас, жиноий жавобгарлик жазолари белгиланмас ва кучайтирилмас экан, бугун бир сўм жарима тўлаб, эртага икки сўм фойдани кўзлайдиганлар фаолияти тўхтамайди. Сўнгги 4-5 йил Самарқандда тарихий муҳит бузилиши чўққига чиққан йиллар бўлди. Айтганча, ўрганган манзилларингиз буфер ҳудудда дейишга шошилманг! (Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳам буфер ҳудудда)

Худди шу объектлар рўпараси, кўчанинг нариги бети эса тарихий қўриқхона. Шаҳарсозлик қоидаларида эса симметрия муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб қўриқхона тарафи буфер томондан нусха олган, яъни қўриқхонада ҳам баланд бинолар кам эмас. Ундан кейин ҳар қандай тадбир тарихийлик муҳити, инсон ҳақ-ҳуқуқлари бузилишига баҳона бўлолмайди.

Фото: «Xabar.uz»

ЮНЕСКО тарихийлигимизни урф-одатларимиз билан қўшган ҳолда сақлаш кераклигини таъкидлаб келади. Оила ўз ҳовлисида чорпояда эмин-эркин ўтириб ҳордиқ чиқаролмас экан, хонадонларда хотин-қизларимиз почасини шимариб гиламини юволмас экан, нафақат улар, эркаклар ҳам ўз уйида руҳий босимни ҳис қилиб яшар экан, кичикроқ ҳовлилар устини яхлит ёпиш ҳаракатлари бошланган экан, бу яна бир қадамга орқага қайтганимиздир.

Сўнгсўз ўрнида

Туркия ва Суриядаги зилзилалар барча давлатлар шаҳарсозлигига, қурувчиларига сабоқ бўлиши керак. Самарқанд вилоятида 2022 йилда 500 дан ортиқ ноқонуний қурилиш аниқланган. Қуриб битказилган бу объектлар мустаҳкамлигига ҳеч ким кафолот беролмайди. Шунга қадар шунча ҳийла-найрангдан ўтган қурилишларда суд жараёнидан сўнг рисоладагидек ижро бажаришига ишонмайдиган кам эмас. Зилзила бўлмаганда ҳам, айрим қурилишлар бошқа ҳолатларда ҳам хатар пайдо қилаётгани, оддий халқ ҳаётини қийинлаштираётгани бор гап.

Фото: «Xabar.uz»

83 ва 85-манзил тадбиркорлари бир неча хонадонга кириладиган оралиқ йўлни икки томондан ўзлаштириб олишган. Натижада ичкарига на ёнғинни ўчириш, на «Тез ёрдам», на Фавқулодда вазиятлар машинаси кира олади. Вақтида эни ва бўйи баравар ўсган улкан қайрағочнинг шохлари эса аёвсиз каллакланди... Ичкарида ёғин сувлари чиқадиган бор ариқлар йўқ қилинди, ёпиб ташланди. Болалар балчиқни босиб мактабга боряпти. Катта йўл ёқасидаги ариқлар усти сунъий ёпилганда, каламушлар энди хонадонларга, айниқса, ертўлаларга кирадиган бўлди.

Одамлар газсизликдан азият чекаётган бир вақтда икки қават ертўла табиий газга лиқ тўлди, хавф пайдо қилди, табиий бойлик йўқотилди, ҳаво бўлғанди. Камига, таъмир олдидан, 30 январда, қатор хонадонларда ҳеч бир огоҳлантиришсиз табиий газ ўчириб қўйилди. Буларнинг бари ортидан жон талофоти бўлмагани яхшиликка албатта. Лекин нимадир бўлишини кутиш керакми?

Фото: «Хабар.уз»

Ноқонуний деганда ҳам, ҳар бир объект учун ҳокимнинг қарори, архитектура-режалаштириш топшириғи бор. Лойиҳа ишланган (гарчанд, керакли ҳужжатлар тақдим этилмагунча лойиҳа ишланиши қоидага зиддир). Лекин булар ҳали қонунийликни таъминламайди. Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспексиянинг ҳар бир жойда биркитилган инспекторлари бор. Улар ҳудудларда бўлади, бўлмаганда, ойда бир келиб ишни назорат қилади. Масалан, қонуний деб айтилаётган 91- манзилдаги ишни назорат қилган ходим, ҳудудидаги, шу манзил билан ёнма-ён қурилишларни кўрмадими?

Қаторасига жойлашган манзиллар битта инспекторга қарайди. Нега у ноқонуний қурилиш эгаларини огоҳлантирмади. Юқорида 85-манзил мисолида кўрдик, огоҳлантириш, қурилишни тўхтатиш у ёқда турсин, ноқоний қурилиш ҳақида назорат инспекцияси порталга ва аризачига ёлғон хулоса берди. 

Самарқанд шаҳридаги Темурийлар даври буфер зонасидаги «Xabar.uz» ўрганган 10 та объектнинг ҳаммасида ҳам аслида янгича қиёфадаги қурилиш қилиш умуман мумкин эмас эди.

Муаллиф: Мустаҳкам ТАНГРИЁРОВА,

Видео: Элбек БОЙМУРОДОВ,

Тасвирчи: Акмал ҚУДРАТОВ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг