«Россия аввал ҳарбий, кейин иқтисодий, кейин сиёсий тор-мор бўлади» – иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расул
24 феврал куни Россия ва Украина ўртасида бошланган урушга бир йил тўлади. Давом этаётган уруш жаҳон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатмоқда? 2023 йилда томонлар қандай ҳарбий ҳаракатларни амалга оширади? Хабар.уз шу мавзуда иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расул билан суҳбатлашди.
— Россия-Украина уруши бу қадар чўзилиб кетишини кутганмидингиз?
— Аввало, урушни бошланиш тарихини эслаб олсак. Агар эсингизда бўлса, 2022 йил 22 феврал куни Россия президенти Владимир Путин телевидениеда чиқиш қилиб, Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш учун махсус операция бошлаганини айтган эди. Денацификация ўзи нима дегани? Бу ибора халқаро терминологияга 1945 йилда кириб келган. Денацификация — фашистик руҳни йўқ қилиш. Демилитаризация — мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини йўқ қилиш.
Бу ерда айтилмаган мақсадлар ҳам бор. Булар: ҳозирги Украина президенти ўрнига қўғирчоқ Виктор Янукович ҳукуматини қўйиш. Украинани Россия бош бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) аъзо қилиш. Россия шу мақсадни амалга ошириб, махсус операцияни якунламоқчи эди. Лекин махсус операциянинг бу даражада чўзилиб кетиши уларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган. Россиянинг режаси бўйича, уруш 3-5 кун ичида тугаши керак эди. Ўша вақтда рус матбуоти «Украинани 2-3 кунда оламиз», деб бонг урди. Ҳатто бунга Ғарб матбуоти ва ҳарбий экспертлар ҳам ишонганди. Лекин амалда бундай бўлмади.
Охирги 11 ой давомида Украина ҳудудининг 60 фоизини босқинчилардан тозалаб олди. Россиянинг 180 минглик армияси бир вақтда Киев, Житомир, Чернигов, Сума, Харков, Херсон ва Запороже вилоятларига бостириб кирган эди. Бугунги кунда Киев, Сума ва Харков вилоятлари тўлиқ, Херсон ва Запороже вилоятларидан эса қисман рус қўшинлари қувиб чиқилди, ҳозирда Россия қўл остидаги бўлган ерлар Украина ҳудудининг 20 фоизига тўғри келади. Лекин шу 20 фоизнинг 15 фоизи 2014 йилда босиб олинган. Мана шу пропорциялардан келиб чиқадиган бўлсак, Украина 60 фоиз эмас, 70 фоиз ҳудудини рус армиясидан тозалаб олган бўлади. Украина Запороже ва Херсон вилоятидан русларни қувиб чиқарса, 2014 йилдаги чегараларга чиқади.
— Уруш бундан буёғига қандай давом этиши мумкин?
— Кўплаб Ғарб ҳарбий экспертларининг фикрига кўра, Россия 24 февралгача катта ҳужум уюштиришни режа қилган. Ҳозир шунга тайёргарлик кўрмоқда. Кеча Россиянинг Угледар шаҳрига қилган ҳужуми муваффақиятсиз тугади. Бир кунда Россия 30 та танкидан ажралди.
24 февралдан кейин ҳам Россия катта бир ҳужум қилиши мумкин. Россия талқинига кўра, ёзга бориб Украина билан сулҳ музокаралари бошланади. Мана шу сулҳ музокараларида устунликни қўлга киритиш учун кўпроқ ҳудудларни босиб олмоқчи. Россия Волгабўйининг чап томонидаги ерларни босиб ола олмаслигига кўзи етгач, ўз олдига янги мақсадларни қўйди. Энди Россиянинг стратегик мақсади — Луганск ва Донецк вилоятларини тўлиқ эгаллаш ҳамда Запороже вилояти орқали Қримга ўтган қуруқлик йўлини сақлаб қолиш. Россия ёзда бўладиган сулҳ музокаралар столига шу ҳолатда ўтирмоқчи.
Украинанинг ҳам олдига қўйган мақсадлари бор. Ҳозир Украина Ғарбдан катта миқдорда ҳарбий ёрдам олмоқда. Айниқса, президент Владимир Зеленскийнинг Буюк Британия парламентида сўзлаган нутқи Ғарб олами учун оламшумул воқеа бўлди. Зеленский ўз нутқида «учувчиларимиз биз учун қирол, сиз қандай қиролингизни ҳурмат қилсангиз, биз ҳам ўз учувчиларимизни шундай ҳурмат қиламиз. Уларга қанот беринг», деди. Менимча, F-16 самолётлари Украинага берилади. Ҳозир Украина Ғарбдан олаётган ҳарбий ёрдам кўлами натижасида Россия армиясидан бир калла устун. Россия асосан эски Т-62 танклари билан ҳужумга ўтмоқда. Баъзи жойларда техникасиз пиёдаларнинг ўзи ҳужум қиляпти.
Украинанинг асосий мақсади — катта эҳтимол билан ёзда бўладиган сулҳ музокараларида устунликка эришиш. Буни Украина яшираётгани йўқ. Масалан, Россия ҳужумга ўтиши билан Украина қарши ҳужумга ўтиб, кўпроқ ҳудудларни озод қилмоқда. Украина Донецк ва Қрим ўртасидаги қуруқлик йўлини кесиб қўйиш ва шу йўл билан Қримни тўлиқ қамал қилмоқчи.
— Демак, ёзгача икки томон ўртасида катта тўқнашув бўлади?
— Ҳа, биринчи Россия ҳужумга ўтади. Кейин Украина қарши ҳужумга ўтади.
— Нега Ғарб санкцияларига қарамай Россия иқтисоди ҳали ҳам стабилликни сақлаб турибди? Иқтисодчи сифатида сиз буни қандай баҳолайсиз?
– Саволингиз ўринли. Ҳақиқатан ҳам 2022 йилда Россия иқтисоди нисбатан стабил (барқарор) турди. Бунинг асосий сабаби Ғарб эълон қилган 9 та пакет санкцияларнинг энг асосийлари 5 декабр ва 5 феврал куни берилганида. Бу икки санкция Россиянинг нефти ва нефт маҳсулотларига жорий қилинди. 2022 йилда жаҳон бозорида нефт нархи стабил баланд бўлди. Россия эса нефт экспортидан ўтган йили 324 миллиард доллар даромад олди. Чунки Россия нефт ва нефт маҳсулотларига санкциялар йил охирида эълон қилинди. Бундан ташқари, Россия марказий банкининг йиғиб қўйган захиралари бор. Булар: 125 миллиард доллар миқдорида монетар олтин, 100 миллиард доллар Хитой юанига тикилган резервлар ва стафф фонди мавжуд. Буларга нефт савдосидан олинган 324 миллиард доллар ҳам қўшилган. Жорий йилнинг январ ойидан бошлаб Россия Хитой юанига тикилган резервларни сота бошлади. Бу 2022 йилда нефт ва газ сотишдан олган 324 миллиард долларни сарфлаб бўлганидан далолат. Ғарб иқтисодчиларнинг ёзишича, Россия захираси 2024 йилнинг ўрталарига етиши мумкин. Шундай кейин Россия иқтисодида инқироз бошланади.
— Агар Россия ва Украина сулҳга келишса, Ғарб санкцияларни бекор қилиши мумкинми?
— Санкциялар уруш тугаганидан кейин ҳам ечилмайди. Бу санкциялар узоқ муддатли. Украинанинг талаблари бор. Агар шу талаблар сулҳ шартларига киритилмаса, Украина ҳеч қандай сулҳга рози бўлмайди. Бундан ташқари, Ғарб ҳам Украинанинг талабларини қўллаб-қувватламоқда. Бир ҳафта олдин Европа Иттифоқи урушни бошлаганларни ҳарбий-сиёсий жиноятчилар деб эълон қилди ва уларни жазога тортмоқчи.
— Ғарб шу позициясида қатъий турадими? Чунки 2014 йилда Ғарб санкцияларни охиргача олиб боролмаган эди.
— 2014 йилда Ғарб томонидан Россия газига нисбатан санкция бўлмаган. Ҳозирги санкциялар пакетида ҳам газга санкция йўқ. Газга санкцияни Путиннинг ўзи эълон қилди. Бу билан у Европани қишда совуқда қолдириб, Ғарбнинг урушга таъсирини камайтирмоқчи эди. Ҳозир Европа мамлакатлари Россияни шартнома шартларини бузиб, газ бермай қўйгани учун жавобгарликка тортмоқчи.
Европа газ бозорини тўлиқ Россиядан узиб, автономлаштириб олди. Суюлтирилган газларни қабул қиладиган катта-катта терминаллар қурди. Энди Европа Россия газига муҳтож эмас. Шунда келиб чиқсак, Ғарб қатъий ўз позициясида туради. Бу эса санкциялар ҳали-бери ечилмаслигини англатади. Менимча, Россия аввал ҳарбий, кейин иқтисодий, кейин сиёсий тор-мор бўлади. СССР Афғонистондан чиқиб кетганидан 3 йил ўтиб қулаган эди. Шу картина такрорланиши мумкин.
— Демак, иқтисодий инқироз бир кун Путин ҳокимиятини йиқитади.
— Бу бирданига юз бермайди. Путин ҳокимиятда бир-икки йил ўтириши мумкин. Санкциялар охир-оқибат сиёсий тор-морликка олиб келади.
— Урушдан кейин глобал сиёсатда нималар ўзгариши мумкин? Дунё тартиботи қандай бўлади?
— Путин Россияси реваншизм ғоялари билан яшаб келаётган эди. Путиннинг 20 йилда қилган ишлари СССР қайта тиклашга қаратилганди. Ўтган йили Индонезияда G20 саммити бўлиб ўтди. Унда АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Син Сзинпин ўртасида учрашув бўлди. Бу икки лидер дунёнинг келажакдаги шакли ҳақида келишиб олди. Учрашувда очиқчасига дунё икки қутбли, деб айтилди. Хитой шу тезисга рози бўлди. Уруш дуранг билан тугаган тақдирида ҳам, Россия иқтисоди жар ёқасига келиб қолади. Урушдан кейин биполяр муносабатлар шаклланади. Бунда АҚШ, Хитой, Франция ва Германия асосий рол ўйнайди.
Сардор Али суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter