Нега роботмаслигимизни исботлаш учун светофорлар ва чорраҳаларни киритяпмиз? CAPTCHA қаерга йўқолди?
Компютерлардан кўпдан буён фойдаланаётганлар яхши билишади: илгари айрим тизимларга киришда робот эмаслигимизни исботлаш учун расмдаги матн (CAPTCHA )ни киритиш талаб этиларди, ҳозир эса расмдаги қинғир-қийшиқ ёзувлар ўрнини светофорлар, чорраҳалар, кўприклар, автобуслар, велосипедлар ва ҳоказолар эгаллаган. Хўш, биз билган капча қани, бунга нейротармоқнинг нима дахли бор?
Капча (CAPTCHA — инглизча Completely Automated Public Turing test to tell Computers and Humans Apart қисқартмаси — Компютерлар ва одамларни фарқлаш учун тўлиқ автоматлаштирилган Тюринг очиқ тести) — фойдаланувчи одам ёки компютер эканини аниқлашда ишлатилувчи компютер тести.
Бу тестнинг асосий ғояси шуки, фойдаланувчига одам осон ечадиган, аммо компютер жуда қийналадиган вазифа топширилади. Капча 2000 йилда пайдо бўлган. 10 йил олдин дунёда кунига тахминан 320 миллион маротаба капча киритилган.
Капча жорий этилган пайтларда ўқиш қийин сўздан иборат расм эди — уни матн қилиб киритиш талаб этиларди. 2007 йилда Карнеги институти фойдаланувчига 2 та суратни кўрсатиш таклиф қилинган лойиҳани ишлаб чиқди: уларнинг биридаги матн ёки рақамларни тизим биларди, аммо иккинчи суратдаги бўлаклар унга нотаниш эди (булар кутубхоналардаги китоблар ва газеталардан олинган сканерлар бўлиб, уларнинг бўёқлари чапланиб кетгани ёки сканерлаш пайтида қоғоз букланиб қолгани учун айрим сўзларни ўқиб бўлмасди) — ва буни рекапча деб номлашди. Агарда бир бўлак учун 10 фойдаланувчининг 9 нафари бир хил матн киритса, тизим уни аниқланган сифатида белгилаб қўярди. Шу тарзда кунига тахминан 100 миллионтагача сўз рақамланар, бу йилига 2,5 миллионтагача китобни тайёр ҳолатга келтиришда фойда берган.
Ўша 2007 йилда рекапчани Google сотиб олди. Аммо уч-тўрт йил бўлди, робот эмаслигимизни исботлаш учун расмга қараб матн киритиш сўралмаяпти, балки расмдаги велосипедлар, автобуслар, светофорлар ва бошқаларни белгилаш талаб қилиняпти. Бунга сабаб қуйидагилар:
Йилига миллионлаб сўзларни аниқлаш нейротармоққа топширилганди: у бир неча йил ичида ҳатто ғижимланган қоғозлардаги ёки бўёқлари чапланиб кетган сўзларгача ўқий оладиган бўлди. Бир томондан, нейротармоқ, яъни робот рекапчани бузиб кира оладиган бўлди, яна бир томондан эса, миллионлаб фойдаланувчилар ўзлари билмаган ҳолда сунъий интеллектни исталган матнни ўқий оладиган қилиб қўйишди. Энди бўлса фойдаланувчиларнинг билвосита иштирокида янги нейротармоқ йўлдаги объектларни автомат тарзда танишга ўргатилмоқда. Нейротармоқ йўлда дуч келувчи деярли ҳамма нарса — автобуслар, велосипедлар, чорраҳалар, кўприклар ва бошқаларни автомат (осон) фарқлай оладиган даражага етса, ундан автомобиллардаги автопилотларни бошқаришда фойдаланиш режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter