Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Адлия вазирлиги USAID билан 10 млн долларлик қўшма дастурни амалга оширмоқда

Адлия вазирлиги USAID билан 10 млн долларлик қўшма дастурни амалга оширмоқда

Фото: Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Бугун, 26 февраль куни Тошкентда АҚШнинг халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотига доир  дастури тақдимоти ўтказилди. Тадбирда адлия вазири Р.Давлетов, USAID ва бошқа халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳоти бўйича дастури (JRUP)нинг умумий миқдори 10 млн АҚШ долларидан ошиқ маблағни ташкил этади. Дастур 3 йиллик муддатни ўз қамраб олган бўлиб,  мамлакатимиз ҳукуматининг  қонун устуворлигини таъминлаш, қонунчилик ва суд-ҳуқуқ тизимини  янада ислоҳ қилиш ҳамда республикада  фуқаролик жамиятини  ривожлантириш каби саъй-ҳаракатларини  қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

«USAID нинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотига доир дастурининг амалга оширилиши ўтган йилнинг 8 июнида  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва USAID ўртасида имзоланган Қонун устуворлигини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаш бўйича ўзаро англашув меморандумида кўзда тутилган. Бу давлатимиз раҳбарининг АҚШга амалга оширган давлат ташрифи доирасида  адлия вазирининг Вашингтон шаҳрида имзолаган келишувларининг  мантиқий давоми бўлди. Меморандум суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларини амалга ошириш ва имплементация қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасини қўллаб-қувватлашда асос бўлиб хизмат қилади»,-дейилади хабарда.

USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотига доир дастури Адлия вазирлиги ҳамда турли давлат органлари ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Дастур орқали суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дунёдаги энг самарали амалиётларни жорий этиш, юристлар салоҳиятини ошириш  ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ва НТТлар фаолияти учун қулай муҳитни  янада ривожлантириш кўзда тутилган. Хусусан, юристлар малакасини ошириш бўйича янги имкониятлар яратилади, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, кутубхоналар, онлай-таълим ва тадқиқот ресурслари имкониятларини кенгайтириш мақсадида АҚШ университетлари билан шериклик муносабатлари ўрнатилади. Шунингдек, фуқаролар ва жамоатчилик иштирокидаги назорат механизмларини ишлаб чиқиш моделларини яратиш ва амалий тадқиқотлар ўтказиш, ахборот билан таъминлаш ва ҳуқуқий ислоҳотларни мониторинг қилиш учун фуқаролик жамиятининг имкониятларини ривожлантириш масалалари ҳам режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг