Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

Хоразмча «Чархпалак»? Ҳовва! (фельетон)

Хоразмча «Чархпалак»? Ҳовва! (фельетон)

Фото: «Xabar.uz»

Энажон Аллаберганова янги йилни эски ташвиши билан кутиб олди яна. Икки йилдан бери аҳвол шу. Ташвиши чўнгми? Бир қарашда ҳаммаси ортда қолиб, сокин ҳаёт кечираётгандек: саломатлиги нолигудек эмас, қозони сувга ташланмаган, фарзандларидан кўнгли тўқ, ишхона деб кўнгли алағда бўлмайди, мана, пенсияга ҳам чиқиб олди... Битта аёлга бундан ортиқ нима керак?

Шукурку-я, бироқ бир даргоҳда салкам ўттиз йил (!) ишлаб, пенсияга бор-йўғи ўн ой қолганида «чиқиш эшиклари кўрсатилиши» алам қиларкан-да барибир. Йўқ, опа «еб қўйди-ичиб қўйди» айблови билан ишдан бўшатилмади. Боғот туман судида шунча йил ишлаб, суд котиби, девонхона мудири лавозимидан нарига ўтмаган аёл нимани «еб», ниманиям «ичиб» қўярди?! Қайтанга  қовуннинг каттасини туширгани маъқулмиди, дейсан-да?! Негаки, шу суднинг раиси Е.Бердиев ўтган йилнинг бошида бир марҳумни (!) суд қилиб, жазо тайинлаворганди?! (Тасаввур қиляпсизми буни?!) Суд обрўйини ер билан битта қилган Е.Бердиевни мутасаддилар тупроққа қориштириб ташламади, аксинча, кўп ўтмай Хўжайли туман маъмурий суди раислигига лойиқ кўрдилар. Қойилмисиз?

Энажон Аллаберганованинг «айби» бунинг олдида ҳолва, шунга қарамай аёл ўз қадри учун йиғлатилаётганига нима дейсиз?!

Эмишки, у Р.Сапаева деган аёл фуқаровий даъвогар тариқасида кўрилган бир жиноят ишида унинг судланувчи билан ярашишига сабабчи бўлибди. Натижада судланувчи сувдан салкам қуруқ чиққанига қарамай фуқаровий даъвогар олдидаги мажбуриятини бажармай юрганмиш. Ким айбдор? Энажон Аллаберганова! Нега? «Умумий юрисдикция судлари аппарати ходимларининг юриш-туриш Қоидалари»га амал қилмагани учун — судланувчи ва фуқаровий даъвогарни яраштириш ўрнига ўз ишини қилса бўлмасмиди, ҳовва?!

Бу айблов қанчалар асосли?

Р.Сапаевадан «Энажон опа мени йўлдан урди», деган мазмунда шикоят тушгани бор гап. Бироқ кейинчалик маълум бўладики, «Р.Сапаеванинг шикояти» уюштирилган экан: сен шундай-шундай деб ёзиб берсанг — бас, муаммоингга ёрдам берамиз... Аёлгина айтилганидек қилиб ёзиб берибди. Шу тариқа Р.Сапаева фуқаровий даъвогар тариқасида ўтган жиноят иши юзасидан жиноят ишлари бўйича (ЖИБ) Боғот туман судининг ажримини бекор қилиб, ишни ЖИБ Урганч туманига юбордилар. Бироқ шикоятчининг муроди ҳосил бўлмади барибир.

Шундан кейингина кимларнингдир гапига лаққа тушганини англаган Р.Сапаева бор ҳақиқатни айта бошлади. Ҳозиргача айтиб келяпти. Бироқ унга қулоқ солгувчи йўқ энди. Чунки унга айтиб ёздирилган шикоят ўз вазифасини ўтаб бўлди: Энажон Аллаберганова ишдан кетди, мақсад шу эди-да!

Чорак асрдан кўп суд тупроғини ялаган опа бузилган ҳуқуқини қандай ҳимоя қилишни билмайдими?! Мана, Конституцияда ёзиб қўйибди: «Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш... ҳуқуқи кафолатланади» (44-модда)! Нима дейсизки, Бош қомусда кафолатланган мазкур ҳуқуқдан фойдаланишга илож бор-у имкон йўқ, чоғи... Хоссатан, Энажон опада! Нега?

Аввалига Э.Аллаберганова Хоразм вилоят судининг «2017 йил 10 январдаги ўзига нисбатан ўтказилган хизмат текшируви хулосасини бекор қилиш ҳамда жиноят ишлари бўйича Боғот туман судининг 2017 йил 12 январдаги баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида» Урганч туман маъмурий судига мурожаат қилганди. Унинг аризасини кўриб чиққан шу туман суди раиси Х.Саидов «... ариза маъмурий судга тааллуқли эмас», дея рад қилди. Шундай кейин опа фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига бош уради. Фуқаролик судидан ҳам шу мазмунда жавоб олди: арз қилинаётган талаблар бу судга-да тааллуқли эмас экан!

Айтганча, Урганч туман маъмурий суди аризани рад қилиш ҳақида ажрим чиқарар экан, Аллабергановага «...прокуратура органларига мурожаат қилиши мумкинлигини тушунтириб» ўтганди денг. Опа шуниям қилиб кўргандики, Хоразм вилоят прокуратураси унинг аризасини ЖИБ вилоят судига юборади. ЖИБ вилоят суди эса, кутилганидек, ҳаммаси қонуний, ҳаммаси тўппа-тўғри, дея жавоб берар экан, мабодо, бундан (жавобдан) норози бўлсангиз, Олий судга мурожаат этишингиз мумкин, дея маслаҳат берди. Опа Олий судга мурожаат қилганди, аризаси яна Хоразмга юборилди... Хуллас, бу ёғи чархпалакнинг ўзгинаси!

Мана сизга ажиб манзара!

Тавбангдан кетай-ей, Хоразмда нималар бўляпти ўзи: марҳумга жазо тайинлаган суд раисининг жавобгарлик масаласи ҳал этилиши ўрнига янги лавозим билан сийланса: бошқа туман суд раислигини бериб. Салкам ўттиз йил шу тизимда ишлаган АЁЛ эса, шикоят уюштирилиб, ишдан четлатилса... Ҳақ-ҳуқуқи ҳимояси учун арз-дод қилса, уни кўрадиган суд топилмаса...

Маълуми шуки, Энажон Аллаберганова шикоят ёзишдан тўхтагани йўқ. Шикоятлари чархпалак мисоли айланаётганиданми, ким билсин, бўш вақтларида «Чархпалак» сериалини томоша қилишга одатланибди. Сериалдаги қўшиқни ёдлаволганини айтинг:

Чархпалагим, чархпалак!

Айланасан мулойим.

Тўхтатолмай мен ҳалак

Юргизганми, Худойим?!

— Ас-са!.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг