Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

Бош прокуратурада бир кун: тизимда ишлаш учун «танка» керакми? (учинчи қисм)

Бош прокуратурада бир кун: тизимда ишлаш учун «танка» керакми? (учинчи қисм)

Фото: «Xabar.uz»

...Бугун кадрлар билан боғлиқ муаммо қайси тизимда йўқ? «Бунинг сабаби нимада?» деган савол ортиқча. Айни муаммодан прокуратура ҳам холи эмас. Аксинча, айни пайтда тизимнинг энг оғриқли нуқтаси шу. Озмунча элакдан ўтяптими бу соҳа? Ғалвир ҳар кўтарилганда бўшатишлар «улгуржи»  тус олмоқдаки, улар ўрнини тўлдиришнинг ўзи бўладими?!

Касбларнинг ёмони йўқ, прокурорликни-ку айтманг. Катта бўлса прокурор бўлишни, жилла қурса, кўнглидан ўтказмаган бола кам бўлса керак. Орзуга айб йўқ-да. Замонлар ўзгариб, муҳит таранглаша бошлагач, айни орзу замиридаги жиноятчиларга «жойини кўрсатиб» қўйишдек беғубор иштиёқ ўрнини «еганим олдимда, емаганим ортимда бўлади» қабилидаги ният ишғол этишга тушди. Эҳтимол, бу гап бироз муболағали туюлар, бироқ мантиққа кўпам зид келмас? Рост, прокурорлик шарафли касб, айни мартабада ҳурмат топганлар қанча.

Аммо кейинги ўн-йигирма йиллар нари-берисида болалардан кўра кўпроқ ота-оналар фарзандини «прокурор қилиш» иштиёқида ёна бошлагани бор гап-ку?! Чунки, кўряпти-биляпти соҳанинг аксарият ходимлари қандай яшаётганини: дамига ош пишади-я?! Ният ҳам шунга яраша: «форма кийиб олсин, керак бўлса, эккан дарахти қишда ҳам гуллайди!». «Прокурорнинг отагинаси», «терговчининг онагинаси» бўлмоқни хоҳлаганлар фарзандининг салоҳиятидан кўра ё зари ёки зўрига таянгани-чи?! Шу ва шу каби дунёқараш шаклланиши сабаб юридик институтга «ўз кучи» билан киришга биров ишониб, биров ишонмайдиган даражага етилмадими?! Бу даргоҳнинг киришнинг ақлга сиғмас  «ставкаси»  хусусидаги гап-сўзларда ҳақиқат ва мантиқ учқунлари йўқ эди дейсизми?


Мавзу доирасида: Бош прокуратурада бир кун: Маҳкаманинг «дарчаси»дан эмас, «ичкариси»дан бир назар (биринчи қисм)


Беш бармоқ баробар эмас, ўз билими қуввати билан ҳуқуқшунос шаҳодатини олганлар ҳам  топилади. Аммо уларнинг ҳатто муносибларига-да прокуратура ходими бўлиш саодати насиб этдими? Ўзингизни қийнаманг, «ҳа!» деган жавобга тил бормайди барибир. Негаки, зари ва зўри қуввати билан фарзандини дипломли қилган  валломатларга боласини худди шу йўл орқали тизимга жойлаш катта муаммо туғдирмагани аён (ўз кучи билан ўқиганларни турли ташкилот-у бирлашма, адвокатура, боринг ана — адлия тизимидан топардингиз, бир оз омади чопганларини эса ички ишлар, давлат нотариал идораларидан... майли, кўпам чуқур кетавермайлик).

Шундай бўлди-ку, бўп келди-ку?! Йўқса, давлат раҳбари куюниб айтганидек, «...ҳатто фамилиясини ёзолмайдиган»лар қандай прокурор бўлиб қолди? «Юришини қаранг уларнинг! Қурган уйи, минган машинасини қаранг?!» дейилганда бу бойликлар бирор кашфиёт ихтироси ортидан келмагани назарда тутилмадими?!

Туман ё вилоят прокурори лавозимида бир муддат (беш йил) ишлаш камёб ҳодисага айланини айтинг.  Ё «еб қўйгани» учун ишдан кетади (ҳа, ишдан кетади, илло тизимдан ҳайдалмайди, демакки, жавобгарликка ҳам тортилмайди) ёки унинг камчилигини кутиб турган бошқа азамат дарҳол от солишни бошлайди. Садоқатини мудом намоён этиб келган бир ҳовуч прокурорларга-ку балоям урмайди: улар орасида ўзи масъул бўлган ҳудудида қонли воқеалар содир бўлганига қарамай (ҳолбуки, бунинг учун бошқа тузилма бошлиқлари жиноий жавобгарликка тортилган) лавозимини сақлаб қолишдан ташқари янаям каттароқ музофотга ўтказилгани ҳам, хоҳлаганини «тиқиб», истаганини очиққа чиқариб юргани ҳам бор...


Мавзу доирасида: Бош прокуратурада бир кун: «ичкари»да нима гаплар? (иккинчи қисм)


Кейинги иккита ўн йилликда аҳвол шу даражага етади, бу оғриқлар ҳали анча вақт ўзини эслатиб турса керак.

Бугун-чи?

Бугун прокуратура органларида кадрлар танлаш, тизимга ишга киришнинг тартиби, талаб ва шартлари қандай? Бу жараённинг турли шубҳаю гумонларга ўрин қолдириши мумкин бўлган қиррралари ҳалиям борми?

...Маҳкама раҳбаридан бурунроқ кадрлар бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Мирсафоев билан суҳбатлашиб, бу борада бафуржа гаплашмаганимизда, унинг: «Шундай тизим ишлаяптики, ишонинг, ҳатто мен ўзим ҳам қандайдир илтимос билан бировни ишга ололмайман!» деган гапига ишонмаслигимиз аниқ эди.

Бош прокуратура кадрлар бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Мирсафоев. Фото: Шуҳрат Латипов.

Хўп, Бош прокурорники салкам «ўйиндан ташқари ҳолат»да қолдирадиган тизим қандай экан?

Тушунтирилдики, эндиликда прокуратура органларига ишга киришнинг умуман бошқача тартиби жорий этилган. Олий ўқув юртини битириб келган ёш мутахассис аввал Бош прокуратура Академиясига юборилади. У ерда муайян муддат тизимда ишлаш тартиби билан танишади, керакли кўникмаларни шакллантиради.  Шу жараёнда у тизимда ишлашга  муносиб эканининг дастлабки белгиларини кўрсата билиши керак. Ўша белгиларни илғаган мутасаддилар унга ўзини синаб кўриш имкониятини тақдим этади.  Акс ҳолда, шу босқичнинг ўзида хайрлашиш ҳам ҳеч гапмас.

Навбатдаги босқич — том маънодаги синов! Синов тест шаклида бўлиб, икки босқичда амалга оширилади. Биринчиси, табиийки, юриспруденция. Тест саволлари элликта. Ҳар бир саволга икки дақиқада жавоб бериш керак. Жавоблар ручка-қалам билан эмас, балки махсус дастур ўрнатилган компюьтерда белгиланади. Тест натижасини жараён якунига етиши ҳамоно компьютерининг ўзи «айтади». Бу ускуна ақлли, бироқ жонсиз: узр, илтимос, таваллолардан кўнгли бузилмайди. Тест жараёнини махсус ишчи гуруҳи аъзолари онлайн кузатиб ўтириши инобатга олинса, бировни «қулоғидан судраб» ўтказишнинг имконияти йўқ даражада.

Масъул ходим Шаҳзод Рустамов. Фото: Шуҳрат Латипов.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Олдинда янаям мураккаблари турибди: психологик синов. Бунда ҳам юқоридагига ўхшаш жараён кечади. Фарқи шундаки, бу босқичда ишчи гуруҳининг таркиби бутунлай янгиланган бўлади.

Шу босқичдан ҳам эсон-омон ўтганларни  жонли «махсус суҳбат» кутиб туради. Суҳбат ўтказадиган таркиб аъзолари умуман бошқа: улар тест синовларининг бирортасида иштирок этмаган масъуллар. Ёш кадр, бахти кулиб, махсус суҳбатдан ўтди, дейлик. Шошманг, шундаям у  тизимнинг тўлақонли ходимига айлангани йўқ. Шунча чиғириқлардан кейин ҳам-а? Ҳа-да.

Энди ёш кадр тақсимот бўйича тегишли ҳудудга жўнатилади: иш ўрганувчи сифатида. Иш ўрганувчилик синов муддатига ўхшаш жараён. Муддати бир йил. Муддат ўталгандан кейин аттестациядан ўтади. Омади келса — хўп-хўп, мана э-энди у тўлақонли ходим, акс ҳолда, яна олти ойлик муддат берилади. Шундаям эплолмаса, чуқур ҳурматга ўраб узр айтиладики, маъноси қуйидагича:  бошқа тизимда омад тилаймиз, саломат бўлгайсиз...

Бош прокурор номенклатурасидаги кадрлар-чи? Дейлик, туман прокурори. Илгари бу масала ўта тор доирада ҳал этилиб, асосан, биринчи раҳбарнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ эди. Бунинг ҳуқуқий тартибига эътироз йўқ, бироқ хоҳланг-хоҳламанг, инсон омили «ўз сўзи»ни айтаверарди-да. Энди маҳкама раҳбари бошқачароқ тартиб жорий қилаётир: тайинлов танлов асосида амалга оширилади. Туманга прокурор тайинлаш мисолида давом этсак, айни лавозимга бир эмас, учта номзод танланади. Номзодлар республика раҳбарлик идоралари вакиллари ва парламент юқори палатаси аъзосидан иборат махсус комиссияга ўзининг «йўл харитаси»ни тақдим этиши керак. Яъники, номзодда тумандаги аҳвол, ҳудуднинг ўзига хос хусусияти, бундан келиб чиқадиган масалалар, уларнинг самарали ечимларидан тортиб, жиноятчилик, уларнинг олдини олиш, умуман, қонун ижроси билан боғлиқ асосий вазифани амалга оширишгача, ҳамма-ҳамма ҳақида ўзининг аниқ режа-таклифи бўлиши шарт. Хуллас, хулосани комиссия қилади ва у тегишли буйруққа асос вазифасини ўтайди. Бундай тартибнинг ҳуқуқий хусусиятларини муҳокама қилиш бизгамас, гап унинг амалий натижасида. Натижани аввалдан чамалаш қийин эмас: кадр бир қадар очиқлик билан танланмоқда, яна денг қўлида тайёр режаси билан. Аниқ режа «юқори»нинг «ундоқ қил-бундоқ қил» қабилидаги талабларини камайтириб, назоратини оширади. Юқори идоранинг босими камайиб, назорати кучайтирилган жойда самара тезроқ бўй кўрсатади...

Навбатчилик қисми прокурори Темур Ғафуров.

Бугун прокуратура органларида ишлаётган эллик фоиз тезкор ходим фаолиятига ҳали уч йил тўлгани йўқ. Айни рақам тизим кадрлари тенг ярмига янгиланганини англатади. Жараён жиддий давом этмоқда. Ёш, истиқболли кадрлар билан тўлдирилмоқда: ишқилиб, завол кўрмасин. Эҳтимол, исм-шарифлар ёзиш шарт эмасдир. Аммо  маҳкаманинг катта қозонида, яна денг ўша қозоннинг қоқ ўртасида қайнаётган Шаҳзод Рустамов, Темур Ғафуров  (Бош прокуратруа навбатчилик кисми прокурори), Лайло Файзимуродованинг (вояга етмаганларга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори)  номларини қайд этгим  келди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг