Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

«Таслим бўлай деганимда...» — блогер Шаҳноза Соатова оғир ўтган икки кун ва шифокорлар ҳақида ёзди

«Таслим бўлай деганимда...» — блогер Шаҳноза Соатова оғир ўтган икки кун ва шифокорлар ҳақида ёзди

"Бугун олинган сурат... Илтимос, шифокорларни асоссиз айблашдан тийилиб турайлик!"

Фото: Журналист Аброр Зоҳидов каналидан олинди (https://t.me/az_sss)

Икки томонлама зотилжам ташхиси билан касалхонага ётқизилган таниқли блогер Шаҳноза Соатова муолажа жараёнлари, шифокорларнинг меҳнати ва ўзининг аҳволи ҳақида шундай ёзяпти:

«...Шифокорлар, ҳамширалар, санитаркалар... Ҳар сафар олдимга киришганида алоҳида ҳимоя кийимларини кўриб, ўзларини нақадар хавфга қўяётганларини ўйлайман. Ташқарида 40 даража иссиқ, костюмнинг ичида 60 даража бўлса керак камида. Уларни ҳимоялаш учун ниқобимни таққан бўламан. Ўзи асрасин!

Асли биринчи навбатда шифокорлар ҳақида ёзишим керак эди. Лекин худбинлик ўлсин, фақат ўзимни гапирдим. Шунинг учун бу сафаргиси...

Охирги икки кун оғир бўлди, Аллоҳ дедим ва врачларга нажот тилаб талпиндим. Ниқоб устидан кўриниб турган нигоҳларидан аҳволим, келажагим ҳақида нималардир ўқишга уриндим. Улар эса «ҳаммаси яхши бўлади» дейишди.

Бугун яхшиман анча, демак, алдашмабди.

Ҳозир Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасида (халқ тилида «эски ТошМИ» дейиладиган) даволаняпман. Келган куним аҳволим жуда ёмон эди, нафасим қисарди, ҳаво етишмаётганди, беҳоллик ва бўғинлар оғриши, иштаҳасизлик... Тестим натижаси манфий бўлса ҳам, барибир белгилар ковидники. Қабулхонада иситма ичида навбат кутаётганимда, олиб қолмай қайтарворишса-чи, деган қўрқув бор эди. Лекин олиб қолишди, мендан қочмай, рад этмай, ёрдамга шошилишди. Керакли дори-дармонларни қаердан бўлса ҳам топиб келиб тезда даволашни бошлашди.

Шундай дақиқаларда ёрдам қўлини чўзган, ширин сўзи билан кўнглимни кўтариб, эътибор ва билими билан соғлиғим учун курашаётган,  ҳар куни ўзи хабар олиб,  назорат қилиб турган клиника раҳбари Зафар Абдашимовдан алоҳида миннатдорман.

Якшанба куни бўлишига қарамай кечаси ҳам қолиб қараётган, узоқроқ кетса, телефонда хабарлашиб, доим дардимни енгиллатишга тайёр турган 2-умумий терапия бўлими бошлиғи Иномжон Атаназаровни бир умр дуо қиламан.

Гўзал, Дилшода ва мен исмини билмайдиган яна бошқа ҳамшираларга, санитаркаларга улкан миннатдорчилигимни билдираман.

Бугун шифокорларга нисбатан айрим салбий фикрлар айтиляпти. Лекин ҳақиқий фидойи, ўз касбининг усталари жонларини хатарга қўйиб бўлса ҳам жанг майдонининг олди қаторида туришибди. Уларнинг ҳам уйида кекса ота-онаси, ёш болалари бор. Яқинларини хатарга қўймаслик учун уйларига бир неча ҳафталаб боришмаяпти, ҳатто ўз яқинлари бетоб бўлса ҳам қарай олишмаяпти.

Биз шундай фидойилик қила оламизми бегона инсонлар учун?

Охирги икки кун иситмам қайта чиққанида, турли хаёллар, васвасалар ичра кўзимга улар нажот фариштаси бўлиб кўринишди. Ишқилиб нимадир қилишсин, йўлини топишсин, дейман. Йўлини қидиришяпти, таслим бўлмаймиз, опа, сиз ҳам таслим бўлманг дейишади. Аллоҳ рози бўлсин!

Улар учун нимадир қилишим керак дейман, аммо кучим қаламимга етади фақат. Дуо қиламан. Шифокорларимизни асрашимиз керак. Дуоларингизда уларни ҳам эсланг.

Яна мени дард билан ёлғиз қолдирмай, ўзим таслим бўлай деганимда ҳам «йўқ, сизни тузатамиз!» деб тиргак бўлиб турган, онамнинг аҳволлари билан ҳам қизиқиб, ярим тунда ҳам мурожаат қилаверинг деб далда бераётган севимли жамоам ва раҳбариятимга, машиналар  юрмаган пайти онам ва менга сув ва дорилар етказиб берган Муслим Мирзажоновга,  онлайн маслаҳатлар бериб турган барча дўстларимга,  куну-тун мен учун ҳаловатидан кечиб елиб-югураётган яқинларимга, севгилиларимга улкан раҳматларим.

Менга ғойибона мадад бериб турган барча барчадан Аллоҳ рози бўлсин! Сизларнинг муҳаббатингиз мени қутқаряпти.

Бугун иситмам йўқ, сатурация 94 фоиз. Яъни анча яхши бўлиб қолдим. Дуоларингиз, ҳамдардлигингиз, қўллаб қувватлаганингиз учун раҳмат. 

Кўплашиб енгамиз, иншааллоҳ!

Тезроқ тузалишим керак. Вақт ғанимат, жойни бошқаларга бўшатишим керак».

«Xabar.uz» жамоаси барча беморлар қатори фаол муаллифимиз Шаҳноза Соатовага соғлик, фидойи шифоркорларга Ўзидан куч-қувват сўрайди. 

Ҳамманинг тоқатига тўзим берсин!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг