Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

Азиза Умарова: «Наҳот, 196 туманда ҳокимликка лойиқ бирорта аёл бўлмаса?!»

Азиза Умарова: «Наҳот, 196 туманда ҳокимликка лойиқ бирорта аёл бўлмаса?!»

Фото: «Афиша»

Давлат бошқаруви соҳасидаги мутахассис Азиза Умарова билан интервью қилганимизда ҳали «гендер тенглик» масаласи энг юқори минбарларда тилга олинмаган эди. Балки шу жиҳати билан фикрларнинг аҳамияти ва эътибори янада юқори баҳоланмоғи керак.

– Азиза хоним, сизни замонавий ўзбек аёлларининг пешқадам вакили деб биламиз. Матбуот ва ижтимоий тармоқда жамиятимиздаги муҳим воқеа-ҳодисалар юзасидан ҳозиржавоблик билан таклиф-мулоҳазалар билдириб бораётганингиз таҳсинга лойиқ. Бир неча йил давомида БМТ тизимида хизмат қилдингиз. Умуман, кейинги йиллардаги фаолиятингиз давлат бошқаруви ислоҳотлари билан боғлиқ кечмоқда. Шу боис суҳбатимизни бош­қарув ва аёллар мавзусидаги савол билан бошласак.

Юртимизда раҳбар аёллар сафи сийрак экани аён. Хотин-қизларимиз юксак лавозимларда фаолият юритиши учун нима қилмоқ керак?

– Шу масала мени ҳам кўп ўйлантиради. Дарҳақиқат, жамиятимизда муҳофазакор (консерватив) кайфият кучли. Шунга кўрами, аёлларимизнинг юқори раҳбарлик лавозимларини эгаллаши имконсиздек. Бошқа тарафдан, бизда совет даврида раҳбар аёллар кўп бўлганини ҳам унутмаслик керак. Улар зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан адо этиб, эътибору эътироф қозонгани маълум. Сираси, «ўзбек жамиятида аёлларнинг раҳбарлик қилиши амримаҳол» деган нуқтаи назарга қўшилмайман. Агар имкон берилса, аёллар ҳар қандай мансаб-мақомда муносиб ­фаолият юрита олади. Аммо, боя таъкидлаганимдек, бунга жамият ҳали тайёр эмасдек.

Ҳозир Словакия, Эстония, Жанубий Корея, Сингапур ва бошқа давлатларни аёл президентлар идора этмоқда. Япония ўта муҳофазакор мамлакат бўлгани ва бошқарувда хотин-қизлар кам эканига қарамай, Токио ҳокимлигига аёл киши сайланди. Эътибор берсангиз, булар бари юксак маърифатли мамлакатлардир. Демак, жамият маърифатли бўлса, фуқароларнинг шахсий фазилатлари қадрланса, давлат раиятнинг униб-ўсишини рағбатлантирса, инсон капитали шакллантирилса, таълим сифати юксалса... бундай ўлкада аёллар бемалол юксак раҳбарлик лавозимларини эгаллайди.

Аслида, маърифатли жамиятда давлатни ким идора этиши у қадар муҳим аҳамият касб этмайди. Фикримни ҳаётий мисол билан тушунтирсам: маълум белги, кўрсаткич ва светофор билан тартибга солинган ҳамда бирор белги ўрнатилмаган, қоидалар жорий этилмаган икки йўлни тасаввур қилинг. Биринчи йўлда ҳайдовчилар бири бирига халал бермай ҳаракатланади. Иккинчи турдаги йўл ҳар қанча кенгайтирилмасин, қоидалар белгиланмас ва уларга риоя этилмас экан, автоҳалокатлар рўй бераверади.

Давлатни идора этишда ҳам шундай: мукаммал бошқарув инс­титути шаклланар экан, раҳбарнинг хато қилиш эҳтимоли камаяди. Мукаммал бошқарув деганда ҳокимият тармоқларининг тўғри тақсимланиши, уларнинг бири бирини тийиб туришини назарда тутаётирман. Дейлик, ҳоким, божхоначи ёки судья ўз вазифасию ваколати нимадан иборат эканини аниқ билади ва шунга мувофиқ фаолият юритади. Бундай шароитда ёши, жинси, касби ва бош­қа мезонлардан қатъи назар, муносиб номзод юксак лавозимга сайлана олади.

– Аёл раҳбар кўпайса, сизнингча, жамиятда қандай ўзгаришлар юз беради?

Саволингизга Руанда давлати мисолида жавоб берсам. Шарқий Африкадаги ушбу мамлакат 1994 йилда мудҳиш қатлиомни бошдан кечирган. Ўшанда қарийб бир миллионга яқин инсон қурбон бўлган. Ҳозир Руанда қонунчилик идорасида фаолият юритаётган аёллар сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради (61%). Аёллар парламентга келгач, биринчи галда давлат бюджетидан оналар ва болаларни муҳофаза этишга ажратиладиган маблағ миқдори қайта кўриб чиқилди.

Менимча, аёл раҳбар кўпайса, жамият янада раҳм-шафқатли, инсонпарвар ва маърифатли бўлади. Чунки аёлга ваколат берилса, у аксар ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади, ғазна пулини кўпроқ мактабу шифохона қуришга йўналтиради. Эркакларнинг «уруш-уруш» ўйинлари ҳам андак тизгинланади. Аёлларни раҳбар сифатида тан олиш ҳам жамият нечоғли маърифатли эканини кўрсатувчи мезонлардан бири, аслида.

Бугун жамиятимизга аёлларнинг мослашувчанлиги, меҳри, зукколиги ва закийлиги етишмаётгандек. Биз охирги йилларда кўп қадриятларимиз қаторида «илғор аёл» сиймосини ҳам бой бердик. Ахир, бутун мамлакат бўйича бирорта аёл ҳоким йўқлигини бош­қа қандай изоҳлаш мумкин?! Яқинда Хоразмда таниқли арбоб аёл ­Шакаржон опа қазо қилдилар. У киши ҳоким вазифасида ишлаган саноқли аёлларимиздан бири эди. Хўш, энди уларнинг ўрнини эгаллайдиган аёллар борми? Наҳот, 196 туманда ҳокимликка ло­йиқ бирорта аёл бўлмаса?! Олий таълим муассасаларида нега ректор аёллар йўқ? Нега аёл вазир ва вазир ўринбосарлари бармоқ билан санарли? Кечагина толиблар ҳукми остида бўлган Афғонистонни хорижда беш нафар аёл дипломат тамсил этаётир, бизнинг элчилар орасида эса бирорта аёл киши йўқ.

Шўро даврида етишган уч нафар дирижёр аёлимиз бор эди, улардан бири вафот этди. Афсуски, катта саҳнада уларнинг муносиб ворис­лари кўринмаяпти. Умуман, кўплаб соҳаларда аёл кадрлар тақчил эканига қарамай, уларни тайёрлашга эътибор берилмаяпти. Аёл ижрочилар бор, аммо аёл раҳбарлар йўқ!

Назаримда, уддабурон ва илғор хотин-қизларимиз талайгина, аммо уларнинг иқтидоридан унумли фойдаланилмаяпти. Агар аёлларимиз кўпроқ раҳбарлик лавозимларини эгалласа, беш-олти йилда бунинг самарасини кўрамиз. Зарур бўлса, уларнинг малакасини оширайлик, қобилиятини тўлиқ юзага чиқаришга имкон берайлик.

Биз жамиятда муқаллидлар, лаббайгўйларнинг эмас, шахсларнинг қадрини кўтарсак, дадил одим отишдан қўрқмайдиган авлод шаклланади. Бу эса мамлакат равнақига кучли туртки беради.

– Аёл раҳбарлар кўпайсин деяпмиз, аммо бугун жамоатчилик нигоҳида бўлиш юкини унча-мунча эркаклар ҳам кўтара олмаяпти-да! Омма эътиборидаги арбобнинг ютуқлари, эҳтимол, кўп-да эътироф этилмас, аммо у бирор камчиликка йўл қўйса, балога қолиши тайин. Шахсан мен жамоатчилик хатога йўл қўйган эркак ва аёлга бирдек адолатли муносабатда бўлади дея олмайман. Шундай вазиятда етакчи аёл қандай йўл тутмоғи даркор?

Чиндан ҳам, жамиятимиз, кези келганда, аёлга нисбатан қаттиққўл ва шафқатсиз. Бу борада ёзилмаган, аммо қатъий амал қилинадиган қоидалар мавжуд. Аёл у ёки бу жабҳада ўз ўрнини топиши учун албатта оилали ва фарзандли бўлиши талаб этилади. Оила, таъбир жоиз бўлса, унга легитимлик беради. Турмуш ўртоғи ва фарзанди бўлмаган аёлнинг малакали мутахассис сифатида тан олиниши, юксак рутбага эришмоғи ва халқ меҳрини қозониши кам учрайди. Истаймизми-йўқми, Шарқ жамияти шундай барпо бўлган ва бу тартибот билан ҳисоб­лашишга мажбурмиз.

Яна бир хавотирли жиҳат: менга аёлларни обрўсизлантириш, унга енгилтаклик ёрлиғини ёпиштириш жуда осондек туюлади. Бирор масалада аёлни танқид қилиш бошланса, касбий сифатлари эмас, шахсий ҳаёти элга дастурхон қилинади. Демократик жамиятда инсонга фақат профессионал сифатларига кўра баҳо берилиши керак-ку! Аёлни фақат аёл бўлгани учун камситиш на қонунчиликка, на инсонийликка тўғри келади. Дейлик, оммавий ахборот воситаси вакили ишига баҳо бермоқчимисиз, фарзандини қандай тарбиялаётгани билан ишингиз бўлмасин, унинг ижодий маҳоратини муҳокама қилинг. Ижтимоий тармоқда тележурналист Мавжуда Мирзаева, масъул раҳбар Наргиза Саидова ҳақидаги муҳокамаларда шахсий ҳаёт дахлсизлиги тамойили бузилди.

«Буллинг» (инглизча bullying – муайян жамоага мансуб инсоннинг кўпчилик томонидан таҳқирланиши, сазойи қилиниши) ривожланган жамиятларда кескин қораланади. Афсуски, бизда хатога йўл қўйган инсонни бутун маҳалла, бутун жамият маломат қилишини меъёр деб биладиганлар йўқ эмас. Бу ҳол раҳбар аёллар етишиб чиқишига ғов бўлади.

– Гап айланиб аёллар таълимига тақалмоқда. Олий таълим муассасаларида ўқиётган ва эрта турмушга узатилаётган қизлар кўрсаткичини солиштирсангиз, ўртадаги фарқ хавотир уйғотади. Вилоятларда мактабни битирибоқ, касб-ҳунар таълимини олмай турмушга узатиб юборилаётган қизлар талайгина. Бу борадаги даққи қарашу стереотиплардан қутулушимиз осон бўлмайди чоғи?

Сиз қайд этган ҳолатни рад этиб бўлмас, лекин ҳозир аҳвол бирмунча яхшиланиб бораётганини таъкидлашни истардим. Давлат идоралари қизларни эрта турмушга бериш муаммоси билан жиддий шуғулланяпти. 11 йиллик таълим тизимига қайтиш ҳам шу йўлдаги қадамлардан бири. Айрим ота-оналарнинг қизини олисдаги лицей-коллежга юбориш учун имкон ёки хоҳиши бўлмагани маълум. Боз устига, айрим ҳудудларда «9 йиллик мактабни битирган қизни турмушга узатиш мумкин» деган янглиш қараш шаклланган, яъни қизлар учун турмуш қуриш ёши пасайиб қолгандек эди. 11 йиллик тизимга қайтилиши билан, назаримда, қизлар таълимига эътибор кучаяди.

Аммо асосий масала бошқа. Қизлар ўрта мактабни битирди дегани мурод ҳосил бўлди дегани эмас-да! Биз энди қизларимизнинг олий таълим олишини рағбатлантиришимиз керак. Бунинг учун илму маърифатнинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, янги университетлар очиш, билим олиш имконини кенгайтириш талаб этилади. Демак, хотин-қизларимизнинг ижтимоий мақомини кўтариш учун бугун биринчи галда олий таълимга эътибор қаратиш керак. Билимсиз аёл яратувчи, олға бошловчи, келажак авлодни тарбияловчи бўла олмайди, арзон ишчи кучидан бошқага ярамайди.

Кўпчилик «Ҳозир аксар олий маълумотлиларга ҳам иш йўқ-ку?» деб эътироз билдириши мумкин. Эҳтимол, иш дарров топилмас. Аммо ҳар не бўлганда ҳам, олий маълумотли инсоннинг дунёқараши ва имконият доираси кенгаяди. У вақти келганда ўзи иш ўрни яратади.

Олий маълумотли аёл фарзандини муносиб тарбиялайди. Ҳаёт синовларга тўла, аёл турмушдан ажраши, бева қолиши, тақдирнинг турфа зарбаларига дучор бўлиши мумкин, ана шундай вазиятларда ҳунарию илми жонига ора киради.

Хотин-қизларни олий таълимга жалб этиш давлатнинг ижтимоий юкини енгиллаштиради. Негаки, билимли аёл ижтимоий тўловларга кўз тикиб ўтирмайди, фарзандлари униб-ўсиши учун бор кучи билан мустақил ҳаракат қилади.

Пул топиш дардида БАА, Туркия каби давлатларга кетаётган аёлларимиз орасида олий маълумотлилар бормикан?.. Хўш, улар нега бу аҳволга тушмоқда? Маълумоти йўқлиги учун жамиятда ўз ўрнини топа олмагани сабаб! Ишонинг, тўрт йил академик таълим олган одам барибир муаммоларини ўзи ҳал қилишга интилади, оғирлигини давлатга cолмайди.

Жамият тараққий этса, мамлакат бой бўлса ва қизларга муносиб таълим берилса, оилада қиз фарзанд, жамиятда эса аёлларнинг камситилиши барҳам топади.

– Етакчи аёллар муаммосига фақат таълимни сабаб қилиб кўрсатиш тўғримикан? Балки бугунги раҳбарларнинг иш шароитини ҳам ўрганиш керакдир? Меъёрга солинмаган иш куни, залворли юкламалар, руҳий зўриқишлар... Ҳарқалай, эркакнинг уйида бир коса ош-овқат тутадиган, фарзандларини ювиб-тараб ўтирадиган рафиқаси бўлади. Аёл раҳбар эса қўш аравани тортиши керак...

Албатта, раҳбар лавозимларда хотин-қизларнинг камлиги давлат хизмати шарт-шароити билан ҳам боғлиқ. Афсуски, мамлакатимизда ҳали ҳам давлат хизмати тўғрисида қонун қабул қилинмади. Ҳанузга қадар айрим давлат идоралари хизматчиларининг ярим кечагача ишлаши кузатилмоқда. Давлат хизмати соҳасида кутилаётган ислоҳотлар амалга ошиб, шўро давридан қолган эскича ишлаш услубидан воз кечилса, раҳбарликни шахсий ҳаёт билан уйқаш олиб бориш имкони туғилади, масъул лавозимларда ишлаш истагидаги аёллар сафи ҳам кенгаяди.

Раҳбарликка кадрларни очиқ танлов асосида қабул қилиш амалиётига тўлиқ ўтиш – замон талабидир. Кадрлар ҳозиргидек маълумотнома ва тавсиянома асосида танланадиган бўлса, хотин-қизлар номзоди четга сурилиши мумкин. Қоғозда номзоднинг касбий малакаси тўлиқ намоён бўлмайди, ахир. Аксинча, ўша ҳужжатларда кўпинча номзоднинг туғилган жойи, қариндошлари каби маҳаллийчилик ва қариндош-уруғчиликка йўл очиб берадиган маълумотлар акс этади.

Жамият хотин-қизларга доир муаммоларни ҳар томонлама таҳлил-тафтиш этиб, тараққиёт даражасини ўлчаб бориши керак.

– Бугун давлат идоралари мушкул аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга кўмак бериш, оилавий зўравонликка қарши кураш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида анча самарали фаолият олиб бораётир. Сизнингча, хотин-қизларга давлатдан яна қандай кўмак ва қўллов керак?

Давлат аёлларга оғир паллада елка тутиши лозим. Мен бу ўринда фақат бир марталик ёрдам ёки камтарона ижтимоий тўловларни назарда тутаётганим йўқ. Тўғри, давлатнинг барча ижтимоий муаммоларни ҳал қилиши амримаҳол. Аммо у нодавлат ташкилотларни кўпайтириш орқали ёрдамга муҳтож қатлам ҳамда ўзининг оғирини енгил қилиши мумкин.

Юртимизда мушкул аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ёрдам кўрсатувчи марказ – «шелтер»лар у қадар кўп эмас. Ўтган асрнинг 90-йилларида Бухоро ва Самарқандда очилган кўмак муассасалари ҳамон фаолият кўрсатиб келмоқда, аммо улар саноқли. Шелтерларнинг биринчи шарти – анонимлик. Яъни ушбу муассасалар хавфсизлик нуқтаи назаридан манзилини ҳар кимга ошкор қилмаслиги, айни чоқда, мурожаат қилувчиларнинг ҳам шахси сир тутилиши лозим. Давлат шелтерлар ташкил қилса, анонимликни сақлаш имконсиз бўлиб қолади. Шу сабабли бу ишни мутараққий дунёдаги каби нодавлат-нотижорат ташкилотларга топшириш мақсадга мувофиқдир.

Биз нега хотин-қизлар масаласида бунчалик куйиб-ёнамиз? Чунки бир аёл ортида унинг болалари, турмуш ўртоғи, ота-онаси – ўнлаб инсонлар тақдири туради. Шу боис ҳам ривожланган давлатларда ижтимоий хизмат ходимлари биргина аёлнинг эмас, балки бутун оила муаммосини тадқиқ этади ва уларга кўмак беради.

– Ижтимоий соҳа вакилларининг масъулияти залворли экани маълум. Аммо бу тизимнинг муаммолари ҳам оз эмас-да. Дангал айтсак, бугун юртимизда ижтимоий соҳа жиддий оқсаётир. Сизнингча, бунинг сабаби нимаю чораси қаерда?

Амалдаги ижтимоий ҳимоя тизими боқимандалик кайфиятини рағбатлантиради. Дейлик, бошига ташвиш тушган юртдошимиз муаммосини халқ қабулхонаси ёки порталга ёзиб ҳал қилиб олади. Кейинги сафар яна ўша усулга мурожаат қилади, чунки у самара беряпти-да. Аста-секин бошқалар ҳам унга эргашади. Афсуски, битта-битта ҳал қилиш билан муаммоларнинг охирига етиб бўлмайди. Бу ўринда тизимли ёндашув зарурлигини таъкидлаш лозим. Жумладан, ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз қариялар, етимлар, эҳтиёжманд ва оилавий зўравонлик қурбонлари билан ишлашда муаммонинг илдизига қадар етиш талаб этилади.

Яқинда бир хушхабар ўқиб қолдим, мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя бўйича ягона давлат органи ташкил этилар экан. Давлат соҳадаги муаммоларни ҳал қилишга жиддий киришгани рост бўлсин, деймиз.

Ривожланган давлатларда ижтимоий хизмат ходими қийин аҳволга тушиб қолган кишининг уйига келади, турмуш шароитини ўрганади, психологик тест ва сўровнома ўтказади. Йиғилган маълумотлар асосида ўша оилага ёрдам кўрсатиш режаси тузилади, шу тариқа муаммо буткул ҳал бўлгунга қадар ишланади.

Хўш, бизда аҳвол қандай? Дейлик, оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёл «шелтер»га мурожаат қилди. Унга бир-икки кун бошпана берилади, «яралари боғланади», асаби бир оз тинчлантирилади ва... яна оиласи бағрига – муаммолар ўчоғига қайтариб юборилади. Оқибатда ижтимоий хизматдан ҳафсаласи пир бўлган аёл кейинги сафар қалтис чораларга бориши ҳеч гап эмас.

Ёки махсус марказда гиёҳвандлик бўйича даволаниб чиққан беморни олинг. Муолажа учун ғазнадан каттагина маблағ сарфланади. Аммо у даволаниб чиққач, унутиб юборилади. Тайинли иши борми, оиласи тинчми – бу масалалар эътибордан четда қолади. Оқибатда у яна ўша номаъқул ишга қўл уради. Тадқиқотларга кўра, махсус марказда даволаниб чиққанларнинг 50 фоизи ўша ерга қайтиб боради. Бундай юзаки ёндашув ҳам маблағни ҳавога совуриш, ҳам яранинг газаклашига олиб келади. Сирасини айтганда, биз иситмани тушириш билан чекланмай, дарднинг ўзини даволашни ўрганишимиз керак.

Ижтимоий хизматни шунчаки мажбурият деб билиш ҳам тўғри эмас. Масалан, ёлғиз қария ижтимоий ёрдамга муҳтож, унга фақат нафақа бериш билан иш битмайди. Қарияни кимдир парваришлаши, ҳеч бўлмаса ҳафтада икки марта уйига бориб юмушларига кўмак­лашмоғи, кунда бир маҳал бўлса ҳам унга иссиқ овқат етказиб бериши керак. У эртага вафот этса, квартираси ёки уйи, қонунга кўра, давлат ҳисобига ўтади. Шундай экан, қария тўлақонли ижтимоий ҳимояга олиниши адолат талабидир.

Демак, ижтимоий соҳанинг иш услуби ислоҳ этилса, ёпиқ ҳалқа, лабиринтдан чиқиш мумкин бўлади.

– Зиёли аҳлини ўйлантириб келаётган яна бир масала – юртимизда тил мавзуси турли фитна ва сиёсий мақсадлар учун қуролга айланиб қолаётгандек. Сизнингча, қутбланиш­ларга барҳам бериш, тиллараро муросага эришиш йўли нимада?

– Мамлакатимиздаги тил сиёсатини либерал деб ҳисоблайман. Рус тилининг мақом-мартабаси ҳам жойида. Тошкентда мактаб ўқувчиларининг 49 фоизи шу тилда таҳсил кўради. Яъни рус тили Ўзбекистонда расмий мақомсиз ҳам эмин-эркин нафас олмоқда. Аслида муаммога дуч келаётган тил – ўзбек тили!

«Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилингандан бир неча йил ўтиб лотин ёзувига ўтиш режалаштирилди. Бу стратегик жиҳатдан тўғри қарор эди, аммо уни амалга ошириш мушкул бўлиб чиқди. Катта миқдордаги китоб фондларини лотин алифбосида чоп этиш масаласи нақадар мураккаб эканини энди-энди англаётирмиз. Оқибатда, рус тили кўпроқ маълумот ва билим олиш воситасига айланди.

Кейинги йилларда ўзбек тилида илмий иш ёзиш гўё урфдан қолди. Гуманитар фанларда-ку аҳвол бир нави, аммо табиий фанлар тадқиқотчилари илмий ишни аввал рус тилида ёзиб, кейин имкон бўлса ўзбек тилига таржима қилдирмоқда. Таржима тили ўта чучмал экани – алоҳида масала.

Қонун қабул қилиш билан иш битмайди. Тил, алифбо сингари миллат келажагига дахлдор жиддий масалаларда, албатта, маблағ муаммосини аввалдан ҳал қилиб қўйиш керак. Бизнинг биринчи хатомиз шу эди. Қонун чиқди-ку, дея ўзимизга таскин-тасалли бера олмаймиз. Муҳими – қабул қилинган қарорни охиригача ижро этиш.

Ўзбек тили равнақ топсин десак, давлат тили ҳамда лотин ёзувига ўтиш ҳақидаги қонунларни тўлиқ амалга татбиқ этмоғимиз даркор. Бу нафақат миллат саводхонлиги, мамлакат ялпи тараққиёти учун ҳам муҳим.

Яна бир гап. Ҳозир рус тилида таълим олганларнинг олий ўқув муассасаларида текин ўқиш имкони кенгроқ. Масалан, Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Новосибирск университетлари ёки Қозоғистон олий таълим даргоҳлари грантлар таклиф этмоқда. Қолаверса, юртимизда олий таълим тизими коррупция балосидан буткул халос бўлмас экан, рус тилида таълим олишга иштиёқ кучайиб бораверади.

Боя Тошкентда кўп сонли болалар рус тилида таълим олаётганини таъкидладик. Аммо вилоятларда вазият бошқа. Демак, яқин келажакда яна бир муаммога рўбарў бўлсак ажаб эмас: ўн йилдан кейин нафақат кирилл ва лотинда ўқиганлар, балки ўзбек ва рус тилида таълим олганлар ўртасида кескин тафовут юзага келиши мумкин.

Она тилининг мақомини юксалтириш учун аввало таълим тизимидаги муаммоларни ҳал қилиш лозим. Ўзбек тилида таълим олиш имкони кенгайса, албатта, уни ўрганишга иштиёқ ҳам кучаяди. Бугунги шиддатли давр «Нажот – маорифда» дея бонг урган жадид боболаримиз нақадар ҳақ эканини яна бир карра тасдиқламоқда. Боболардан улги олиб, таълимни юксалтириш учун табиий ресурс­лар экспорти орқали тушаётган маблағдан «Бизнинг келажак» деган жамғарма ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ўзбек тилини ҳартомонлама ривожлантириш, жумладан, луғатлар тайёрлаш, ўзбек тилини норма ижодкорлигига фаол жорий этиш, тилимизни академик миқёсда кенг қўллашга ўтиш лозим.

Тил масаласининг сиёсийлашиб бораётгани бор гап. Аммо ҳар қандай ҳолатда давлат мустақиллиги тил мустақиллиги эканини унутмаслик керак.

Аслида, тил инқирози мафкуравий инқироз аломатидир. Юзага келган шу хил тангликни бартараф этишда жадид боболаримиз меросидан фойдаланмоқ даркор. Жадидлар мафкураси қадриятлар мафкураси эди, шу сабаб бир аср ўтса-да, аҳамиятини йўқотмади. 1990-йиллар охири – 2000-йиллар бошида жадид маърифатпарварларининг китоблари кўп нашр қилингани маълум. Аммо кейинги йилларда уларга эътибор бирмунча сусайди. Жадид ҳаракати илмий-бадиий меросини лотин алифбосида чоп этиш, уларни интернетга тўлиқ жойлаш лозим. Маърифатпарвар боболаримиз халқни қолоқлик ботқоғидан қутқариш ва ижтимоий меъёрларни ислоҳ қилишдек эзгу мақсад йўлида жонбозлик кўрсатган эди. Жадидлар мафкураси аҳамияти миллий либос, пазандалик ёки ҳунармандлигимиздан кам бўлмаган бебаҳо мерос, таъбир жоиз бўлса, ўзбеклигимизнинг асл моҳиятидир. Ёш авлод бу қимматли маънавий мерос­ни ўзлаштирмоғи шарт ва зарур!

«Тафаккур» журнали, 2019 йил 2-сон

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг