Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бобур Наби

Фиқрачилар фирқасиданман!

Бош прокуратурага очиқ хат!

Бош прокуратурага очиқ хат!

Фото: «UzDaily.com»

Қизиқ даврда яшаяпмиз-да. Бу давр шуниси билан қизиқки, янги Президент шарофати билан эркинлик ва ошкоралик авж олмоқда. Бу замон шуниси билан ажабланарлики, ҳукумат эски қонун ва қарорларни ўзгартиряпти, қўшимча киритяпти. Булар ҳаммаси халқ манфаати учун ва яхшиликка, албатта.

Кечагина Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашиджон Қодировнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар бир зумда интернет оламини босиб кетди. Энг биринчи маълумот хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Уларда «Бош прокуратурадаги мулозимлардан бирининг маълум қилишича» дея манба кўрсатилган. Бу биринчи масала, қуйида қайтамиз бунга.

Биз ҳам ўз манбаларимиз орқали мазкур хабарга ойдинлик киритишга уриндик. Бироқ Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими билан боғланишга уринишларимиз зое кетди. Аммо бошқа манбалар бу маълумотни тасдиқлагани боис 22 февралдан 23 февралга ўтар кечаси собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳибсга олингани айтилаётгани, аммо унинг айни пайтда қаерда сақланаётгани ва нимада айбланаётгани расман маълум қилинмагани ҳақида хабар берган эдик.

23 февраль куни Ўзбекистон сайтлари Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими берган маълумотга асосан мазкур хабарни рад этишди. Табиийки, биз ҳам улар билан боғландик. Бўлим бошлиғи Гулноза Раҳимова маълумот беришни истамади шекилли, кун бўйи қилган қўнғироқларимиз жавобсиз қолди. Ниҳоят Бош прокуратурадаги хизмат телефонини бир эркак киши олди ва собиқ бош прокурор ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар мутлақо асоссиз эканини айтиб, хабарни қатъий рад этди. Бу иккинчи масала.

Энди биринчи масалага қайтсак. Ўша «Озодлик» радиоси биринчи бўлиб бу хабарни тарқатди. Нега? Унинг манбаси ким деган табиий савол туғилади. «Озодлик» ишонган «Бош прокуратурадаги мулозим» ким? Иккинчи савол: ўша мулозим Ўзбекистондаги ОАВ орқали шу хабарни тарқатса бўлмасмиди? У «мулозим» бор одамми ўзи ёки йўқ? Уёғига ўтмай қўя қолайлик...

Иккинчи масалага келсак. Нега биринчи куни Бош прокуратура томонидан қатъий рад этилган «асоссиз хабаримиз» иккинчи куни расман тасдиқланди?! Бош прокуратурадагилар нима иш қилиб қўйганини ўзлари билиб туришибдимикан ҳозир? Ўзбекистонни қўйинг, дунёга кулги бўлмаймизми ахир? Хабар тасдиқланар экан, «ҳозирча маълумот беролмаймиз, кутинглар» дейиш мумкин эди-ку! Битта брифинг ташкил қилиб, барча саволларга очиқ мулоқот тарзида жавоб бериш йўлига ўтиш пайти келмадимикан?

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг бир-бирига бўлган «ишончими» бу ёки ҳамкорликнинг янгича кўринишими?

Шу йилнинг 15 февраль куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Қарорга кўра «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунда белгиланган аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг самарали механизмлари ва усулларини жорий этишга, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга доир ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган нормалар ижросини сўзсиз ва сифатли таъминлаш барча даражалардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг энг устувор вазифаларидан бири бўлиб, давлат ва хўжалик бошқаруви органи раҳбари ушбу вазифалар амалга оширилиши учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилган.

Бу ерда яна бир масала очилиб қоляпти: ушбу қарорда матбуот хизматлари тўғридан-тўғри раҳбарга бўйсуниши белгиланган. Демак, Бош прокуратура раҳбарияти ҳам Рашиджон Қодиров ҳибсга олингани билан боғлиқ ҳолатни яширган бўлиб чиқиб қолмайдими?!

Шунингдек, юқоридаги қарорда «давлат ва хўжалик бошқаруви органининг фаолияти, унинг фаолият соҳасига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида кенг жамоатчиликни холисона, сифатли ва тезкор хабардор қилиш, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, ахборот хизмати билан доимий ҳамкорликда ишлайдиган журналистлар доирасини шакллантириш» каби бир қатор вазифалар белгиланган.

Қани холис ва тезкор ахборот? Қани ОАВ билан ҳамкорлик? Ёки Бош прокуратура матбуот хизмати Ўзбекистон ОАВни назарига илмайдими?

Дарвоқе, бу фақат Бош прокуратурага тегишли эмас. Бошқа органларнинг ахборотни тарқатишга масъул бошқарма(бўлим)лари ҳам шу тахлит иш кўради ҳамда кўпинча энг керакли ва муҳим ахборотни яширишади. Масалан, собиқ ички ишлар вазири Адҳам Аҳмедбоевнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни олайлик. Бу ҳақда ҳам ИИВ ҳеч кимга маълумот бермади, яширди. Лекин «Озодлик»нинг ИИВдаги «ишончли манбалари» аллақачон бу хабарни овоза қилиб улгурганди.

Бугун эса Аҳмедбоев ҳақида Ўзбекистон сайтларида ҳеч гап йўқ, қизиқ. Ундан ҳам қизиғи, Бош прокуратура нега кеча рад этиб, бугун тасдиқлаганини расман изоҳламаган. Ёки Рашиджон Қодиров ҳозир айнан қаердалигини ҳам айтмаяпти, яна яширишяпти! Уй қамоғидами, «подвал»дами, Тоштурмада, қаерда? Ҳар хил миш-мишларнинг олдини олиш учун расмий ахборот бериш мумкин-ку!

Хуллас, гап кўп. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунга асосан биз ҳам ўз фаолиятимизни ушбу қонунга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширамиз.

Айтганча, яқинда бу қонунга ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Мана, яхши ўзгаришлардан биттаси: «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, ахборотдан эркин фойдаланиш, мулкий ҳуқуқ, давлат органларининг ноқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланади. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади».

Бу мавзуга яна қайтармиз балки. Қайтгулик қилмасин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг