Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Суд залида ўлган ота

Суд залида ўлган ота

Фото: storyfox.ru

Яқинда бир ҳамкасбимиз Тошкентдаги қариялар уйига бориб келди. Узоқ йиллар етакчи журналда ишлаган, айни дамда кексайиб қолган журналист шу масканда эди. Фахрий қаламкаш шахси ҳақида сир тутишимизни илтимос қилибди. Ўзини эмас, балки фарзандларининг шаънини ўйлабди.

Воажаб, зурриёдлари бўла туриб қариялар уйида яшаётган ота! Не гап бўлибдики, у фарзандлари бағрига сиғмай қолган? Улар қандай инсонларки, падари бузрукворини ўзларидан узоқлаштириб, «ҳузур-ҳаловат»да яшашмоқда! «Ота рози – Худо рози» деган мақол, унинг моҳиятию ҳақиқати қаёққа кетди?

Рўзаи рамазон кунларидаги ифторликда барчанинг диққат-эътибори бир бурчакда ўтирган ота-болада бўлди. Кексайиб қолган падар яхши овқатлана олмас, ёнидаги ўғли унга егуликлар едирарди. Сочиқ билан отасининг оғзини оҳиста артиб ҳам қўярди. Сўнг қулоғига секин шивирларди: «Отажон, нима олиб берайин?» Дунёдаги энг чиройли манзара, энг гўзал муносабат эди бу.

Яқинда танишим гапириб қолди:

– Ўртоғимни йўқлаб бордим. Қарасам, ёши саксондан ўтган отаси ҳовли ташқарисидаги ўриндиқда ўтирибди. Ҳол-аҳвол сўрадим. «Ўртоғингга айт, мени уйлантирсин», деди чол ҳасрат қилиб. Ичкарига киргач дўстимни койиган бўлдим. «Отамни бир эмас, икки марта уйлантирдим, – деди у маъюс тортиб. – Аммо... иккита синглимнинг турмуши бузилиб қайтиб келган. Отам уйланган аёлларни улар сиғдиришмаса мен нима қилай?»

Ҳа, биз билиб-билмаган сабаблар кўп. Шундай важлар бўладики, чора тополмай қийналиб кетасан. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам отанинг кўнглига йўл топмоқ керак. Узоқ йиллар муқаддам бир эркакнинг завжаси оғир хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмди. Орадан кўп ўтмай эркак уйга нотаниш аёлни бошлаб келди. Айнан шу жувоннинг гапига кириб, ёш ўғиллари ва қизини қишнинг айни қирчиллама чилласида кўчага ҳайдаб чиқарди. Маҳалла-кўй аралашиб, бу уйга уларнинг ҳаққи борлигини исботлаб беришди. Шунда ота чиқиб кетиб, ўша аёлнинг хонадонида яшай бошлади. Ўғиллар тоға, амакилари ёрдамида тетапоя бўлишди. Бири ўқишга кирди, бошқаси тадбиркорлик билан шуғулланиб, йирик бизнесменга айланди. Бу вақтда ҳалиги аёл аллақачон уларнинг отасини ҳайдаб юборган эди. Ўғиллар падарини уйларига олиб келишди. Аммо ота «отдан тушсаям эгардан тушмади». Ўзини уйлантириб қўйишларини талаб қиларди. Йигирма марталар уйлантиришди. Икки кун ўтар-ўтмас, хотинларини ҳайдаб юборарди қария. «Янги жувон топиб берасанлар», дейди ўғилларига. Уларнинг қўли кўксида. Вақти-соати етиб ота вафот этганида ҳурмат-иззат билан кўмишди.

Ўзбекнинг зўр актёри бор эди. Унинг бир-биридан бетакрор роллари олтин фондда, дубляждаги овози ҳозир ҳам радио, ТВда жаранглайди. Ҳаётининг охирги йилларида хотини ўлиб, сўққабош бўлиб қолди у. Келинларининг қутқуси билан икки фарзанди мерос талашишни бошлаб юборишди. Ғавғоли суд мажлисларидан бирида ота залда ўлиб қолди.

Оқибатни унутмайлик, азизлар!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг