Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фанатлар қандай дардга йўлиқади? Футбол кўриш фойдалими ўзи?

Фанатлар қандай дардга йўлиқади? Футбол кўриш фойдалими ўзи?

Фото: «Onedio»

Футболга қизиқмайдиган одам камдан-кам топилади, жаҳон чемпионатлари пайтида-ку ҳатто спортга унчалик қизиқмайдиганлар ҳам ашаддий ишқибозга айланишади. Хўш, севимли жамоага мухлислик қилишнинг соғлиққа қандай таъсири бор? Фойдалими ёки зарарли?

Юрак

Плюс. Ёқтирган жамоангизга ишқибозлик қилганда юрак уриши тезлашади. Бу эса юрак мушаги ва қон томирларни шуғуллантиради. Олимлар футбол мусобақасини томоша қилаётган кўнгиллиларда тадқиқот ўтказишди. 22 дақиқалик томошадан сўнг тажриба иштирокчиларининг пульси худди тез юрган вақтдаги каби ура бошлаган.

Минус. Ўйин натижасига ҳаддан ташқари кўп куюнилса, пульс дақиқасига 160 мартагача уриши мумкин. Юрагида муаммоси борлар учун бу ҳалокатлидир. Улардаги юрак қисқариши инфарктга сабаб бўлиши мумкин.

Маслаҳат. Мусобақани томоша қилаётганда алкоголь ичманг ва сигарета чекманг. Спиртли ичимлик юракка ортиқча юклама берса, никотин томирларни торайтиради ва шу тариқа артериал босимни кўтаради.


Бу қизиқ

Спорт дастурларини томоша қилишни ёқтирадиган кексалар спортга майли йўқ кишиларга қараганда ўртача бир ярим йил кўпроқ яшашади. Бунинг сабабларидан бири — мухлисларга хос дилкашлик. Негаки, дўстларнинг борлиги умрни бир неча йилга узайтириши ҳеч кимга сир эмас.


Мия

Плюс. Буни қарангки, футбол кўриш — мияни ажойиб тарзда шуғуллантирар экан. Ўйинни кузатаётиб истар-истамас майдонда ғалабага олиб келиши мумкин бўлган стратегияни тузиб чиқасиз. Чикаго университетида ўтказилган тадқиқотларга кўра, ишқибозлар эътиборли, тактик ва стратегик вазифаларни тузишга кучли бўлишади, уларга, айниқса, тез қарор қабул қилиш хос.

Минус. Ёқтирган жамоангиз ўйинидан асабийлашганда стресс гормони — кортизол ажралади: у мия ҳужайраларини шикастлашга қодир. Тўғри, кортизол узоқ вақт таъсир қилгандагина салбий асоратларга олиб келиши мумкин.

Маслаҳат. Ўйиндан сўнг сайрга чиқинг ёки нафас машқини бажаринг. Стрессли вазият барҳам топса, одам чарчаб қолади — дам олиб, захираларни тиклаш лозим. Агар ушбу босқичдан тўғри ўтиладиган бўлса, стресс танага зарар етказмайди. Аксинча, ўзига хос машғулот вазифасини ўтайди.


Бу қизиқ

Мусобақани кўриш пайтида миянинг дофамин ишлаб чиқаришга масъул соҳалари фаоллашади — бу гормондан қониқиш ва хурсандчилик ҳиссини беради. Олимларнинг аниқлашича, дофамин миқдори севимли жамоангиз ютган ёки ютқазганига боғлиқ эмас.


Вазн

Плюс. Футбол мусобақасини томоша қилиш — озишнинг яхши усули. Бунга нафақат пульс ва нафас олишнинг тезлашиши, балки мушаклар зўриқиши ҳам ёрдам беради. Олимларнинг аниқлашича, ишқибозлар ғайриихтиёрий равишда спортчиларга тақлид қилишга уринишади. Худди тўпни тепмоқчи бўлаётган ўйинчилар каби оёқларини кўтариб қўйишади. Севимли жамоангизга уйда мухлислик қилсангиз, тана битта ўйинда тахминан 200 ккал. энергия ёқади. Борди-ю, ёқтирган жамоангизни майдонда қўллаб-қувватлаётган бўлсангиз, чамаси 350 ккал. йўқотасиз!

Минус. Футболни пиво ичиб, чипс еб томоша қилсангиз, қад-қоматга ижобий таъсирлари йўққа чиқади. Устига-устак, телевизор қаршисида ўтирганда керагидан ортиқ еб қўйиш эҳтимоли катта. Мия экрандаги воқеалар билан банд, шу боис тўқлик ҳисси ҳақидаги сигнални юборишга кечикади.

Маслаҳат. Телевизор қаршисига ўрнашишдан олдин овқатланинг. Дастурхонни қўшимча егуликлар билан тўлдирманг.


Бу қизиқ

Спорт ишқибозлари одатда спортга лоқайд кимсаларга қараганда фаолроқ турмуш тарзини олиб боришади. Олимларнинг фикрича, спортчиларнинг келишган, шуғулланилган танаси одамларни кундалик жисмоний юкламани оширишга мажбур қилади.


Кайфият

Плюс. Америкалик олим Пол Бернхардт мухлисларда гормонал фон ўзгаришини ўрганган. Буни қарангки, мусобақа пайтида трибунада ўтирганларнинг тестостерон даражаси ўртача 20 фоизга ошган. Бу гормон эса одамнинг ўзига бўлган баҳосини оширади ва хавотир ҳиссидан халос этади.

Минус. Юқори тестостерон даражаси тажовузкорликни кучайтириши мумкин. Бежизга спорт ишқибозлари ўртасида уриш-жанжаллар кўп кузатилмайди. Футбол мусобақалари вақтида уйдаги тўпалонлар сони эса ўртача 30 фоизга ортади.

Маслаҳат. Шовқин солиб мухлислик қилинг: бақиринг, ўйинчиларни қўллаб-қувватланг, ютқизиб қўйганда қичқириб аламингизни олишдан уялманг. Буларнинг бари тажовузкорликни камайтиради.


Бу қизиқ

1970 йили Мексика турмаларидан бирида ўлимга ҳукм қилинган маҳбус сўнгги тилагида – миллий терма жамоа ўйинини томоша қилишни сўрайди. Жамоа мағлуб бўлади, бахтиқаро ишқибоз эса ҳукм ижро этилишига бир неча соат қолганда инфаркт туфайли ҳаётдан кўз юмади.


Психолог фикри

Психология нуқтаи назаридан севимли жамоага ишқибозлик қилиш фойдали. Бизнинг ҳаётимизда кўпинча кучли ижобий ҳис-туйғулар етишмайди. Терма жамоага берилиб мухлислик қилганда эса ҳиссиётлар жўшади. Айниқса, ғалаба қозонганда. Ҳатто жамоанинг мағлубияти ҳам муайян даражада фойда келтиради. Негаки футбол майдонидаги муваффақиятсизлик аввал йиғилиб қолган салбий кечинмаларни йўқотиш имконини беради. Шундай экан, футбол кўришни депрессиянинг ўзига хос профилактикаси деб ҳисоблаш мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг