Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вазир ўқитувчиларни «Ташаббусли бюджет»да овоз йиғишга мажбурламасликка чақирди

Вазир ўқитувчиларни «Ташаббусли бюджет»да овоз йиғишга мажбурламасликка чақирди

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ўқитувчиларни жойларда «Ташаббусли бюджет» порталида овоз йиғишга мажбурланаётгани ҳолатлари ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.  

Вазирга кўра, бошқа лойиҳалар сингари мактабгача ва мактаб таълими муассасаларини таъмирлаш ишлари ҳам ушбу порталда етакчилик қилади. Табиийки, ушбу жараёнда ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўзлари меҳнат қилаётган, таълим олаётган ёки фарзандлари таҳсил олаётган таълим даргоҳини обод қилиш учун овоз беришда шахсий ташаббус кўрсатмоқда.

«Бироқ ижтимоий тармоқлар орқали жойларда баъзи ўқитувчиларга ушбу лойиҳада овоз йиғиш учун мажбурий топшириқ берилаётгани, топшириқни бажаришга беэътибор қараётган ўқитувчиларга керакли чора кўриш билан таҳдид қилинаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалиб, улар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан жиддий ўрганилмоқда», – дейди Умарова.

Шунингдек, у айни вақтда «Вазирга мурожаат» порталига ўқитувчилардан ушбу мазмундаги мурожаатлар келиб тушмаганини билдирди.

Ўқитувчилардан уларни ушбу лойиҳа доирасида мажбурий овоз йиғишга жалб этиш ҳолатлари кузатилса, вазирликнинг Ишонч телефони (71-202-09-09)га қўнғироқ қилиш сўралмоқда.

«Сизнинг мурожаатингиз асосида ушбу йўналишда қонун бузилиш ҳолати аниқланса, тегишли масъул ходимларга зарур таъсир чоралари кўрилади», – дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова.

Маълумот учун, Президентнинг 2018 йил 14 августдаги тегишли қарорига кўра, педагогларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг