Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўрмон фонди ерлари ижарага берилади – лойиҳа

Ўрмон фонди ерлари ижарага берилади – лойиҳа

2023 йилнинг 1 январидан бошлаб ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерларини жисмоний ва юридик шахсларга электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш механизми жорий этилади.

Бу борадаги Президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Қайд этилишича, бундан тушган маблағлар келгусида мазкур ҳудудларда тўлиқ ўрмон барпо қилишга йўналтирилади.

Шунингдек, 2023-2025 йилларда ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган, сув билан таъминланмаган, ўрмон билан қопланмаган ерларини ижарага олган ижарачилар томонидан ўз хисобидан ўзлаштириб, суғориш тизимларини жорий қилганда қуйидаги шартларда ижара тўловининг «ноль» ставкасини қўллаш режалаштирилмоқда:

  • озиқ-овқат экинлари (дуккакли, мойли, бошоқли экинлар, сабзавот, полиз) ва доривор ўсимликлар плантациялари барпо этилганда — уч йил давомида;
  • янгидан боғ ва токзорлар ҳамда тез ўсувчи дарахтлар (павловния, терак) барпо этилган майдонларга — беш йил давомида;
  • ўрмон фондининг чўл ҳудудларида чўл ўсимликлари (саксовул, черкез, қандим, қорабуроқ) ва тоғ ва тоғолди ҳудудларида ёнғоқ мевали боғлар (писта, бодом, ёнғоқ) плантациялари барпо этилганда — ўн йил давомида.

Бундан ташқари ижарага олувчининг ерни аукционда сотиб олиш қиймати БҲМнинг 100 баробаридан 200 баробаригача бўлганда 1 йил, 200 баробаридан юқори бўлганда 3 йил давомида бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

Ўрмон фонди ерларидан унумли фойдаланиш мақсадида ижарага берилган майдонда капитал қурилиш ишларини олиб бориш, яъни турли бино ва иншоотлар қуриш, чорва молларини ҳайдаб боқиш таъқиқланади.

Мазкур майдондан фойдаланиш билан боғлиқ вақтинчалик фойдаланиш учун енгил конструкцияли ёки йиғма бинолар ўрнатишга рухсат берилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг