Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Менинг дадам бор!”

“Менинг дадам бор!”

Ота(ли)сиз ўсган болалар ўзига бўлган ишонч, муносабатлар ўрнатиш, жамоатчилик орасида ўзини намоён қилиш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келишади.

Сиз фарзандингизни яқинларингиз қарамоғида қолдириб узоқ муддатли сафарга кетганмисиз?

Фарзандли бўлиш инсон ҳаётини маълум муддатга музлатиб қўймайди. Биз ҳали ҳам ишлашимиз, ривожланишимиз, пул топишимиз, яшаш шароитларимизни яхшилаш учун интилишимиз керак. Шунингдек, энди бу масъулиятлар қаторида бизнинг гарданимизда фарзандимизнинг моддий, маънавий ва руҳий эҳтиёжларини таъминлаш, қондириш ҳам бор.

Ҳар бир ота-она умри давомида бир маротаба бўлса ҳам фарзандини кимнингдир қарамоғида қолдириб, у ёки бу ҳудудга жўнаб кетиш вазиятига дуч келади. Бу одатда моддий қийинчиликлар натижасида юзага келувчи меҳнат миграцияси ҳам, интеллектуал мақсадлар, хизмат сафарларини қамраб олувчи ақлли миграция ҳам бўлиши мумкин.

Бу икки турдаги “ташлаб кетиш”нинг фарқини тушуниш муҳим. Гарчи бу ёндашув субектив бўлсада. “Ақлли мигрант” одатда фарзандини барча зарурий шароитлар билан таъминланган жойда қаровчилар уни яхши парвариш қилишига ишонч ҳосил қилган ҳолатда ташлаб кетади. Одатда “қора меҳнат” билан шуғулланувчи меҳнат мигранти эса фарзандини у қадар мукаммал бўлмаган шароитда (шу шароитни яхшилаш мақсадида) қолдиради ва унинг нафақат руҳий, балки ижтимоий-иқтисодий шароитларидан ҳам бехабар бўлади. Фейсбук тармоғидаги “Аёл” гуруҳида ўтказилган сўровнома натижалари мазкур субъектив фикрни маълум маънода исбот этади.

“Ўзбекистонда ота-оналардан бири ёки иккаласи ҳам чет элга миграция қилганда кўпинча болалар бошқа оила аъзоларининг васийлигида қолади. Бундай болалар ривожланиш, психосоциал ва ҳиссий муаммоларга дуч келиши мумкин, чунки ота-оналарнинг йўқлиги болага ғамхўрлик қилишда муаммоларни келтириб чиқаради. Айниқса, ота-оналарнинг миграцияси боланинг таълими, соғлиғи ва ижтимоий мавқеига салбий таъсир кўрсатади. Ота-оналарнинг йўқлиги уй ишлари ва бошқа масъулиятларни орттириши туфайли бундай болаларда эрта балоғатга етиш ҳолатлари кузатилиши мумкин, бу тўйиб овқатланиш, ўқув натижаларига таъсир қилиши ва депрессияга олиб келиши мумкин”.

ЮНИCЕФнинг “Миграциянинг Ўзбекистондаги болаларга таъсири” 
қисқа ҳисоботидан

Бошқа бир қанча халқаро ташкилотлар, тадқиқот институтлари ҳам меҳнат миграцияси ва ота-она (ёки улардан бири) ва фарзанд сепарациясининг психологик таъсирлариниг нақадар аҳамиятли эканлигини таъкидлайди.

“Чет элга ишлаш учун кетувчиларнинг катта қисмини эркаклар ташкил қилади. Улар оиланинг моддий таъминоти, эртанги кун учун хавотирсиз яшашини муҳим деб ҳисоблашса-да, фарзандларнинг отасиз улғайиши — бир қанча руҳий муаммоларга олиб келишини билиш лозим. Эр ва хотин ўртасида муносабатлар соғлом ва севгига асосланган бўлишига қарамай, фақатгина онаси билан улғаётган болалар — психикаси учун зарур нарсаларни ололмайди.

Ота-онанинг битта уйда қандай қилиб аҳил-иноқ яшаётгани, муаммоларни ва келишмовчиларини қандай ҳал қилаётгани, инқирозлардан қандай чиқаётганини кўриш — болалар учун жуда муҳим. Шу тариқа улар келажакдаги жуфти ёки турмуш ўртоғи билан, умуман одамлар билан муносабатда қандай бўлишни ўрганишади. Ота ва онасини камдан-кам бирга кўрадиган фарзандлар эса шундай муҳим тажрибани ўзлаштиролмаслиги ва шахслараро муносабатларда кўп муаммолардан қийналиши мумкин. Айниқса, қиз фарзандлар эркаклар билан қандай муносабатда бўлишни ўрганолмаслиги мумкин.

Отаси оилани боқиш учун чет элга кетган бўлса, болалар айбдорлик ҳисси билан улғайиши мумкин — “бизни деб отамиз меҳнатдан қийналяпти, онамиз ҳам ёлғиз” дея. Айбдорлик ҳисси эса боланинг хотиржам ўсишига имкон бермайди. Ота-онасини ортиқча қийнамаслик учун шахсий муаммоларини айтмаслик, истакларидан воз кечишдан тортиб “мен туғилмасам, яхшироқ бўлар эди” деган ўй қийнайдиган депрессия кузатилиши мумкин.

Ота чет элда экан, онасининг турли сабабларга кўра эътиборсизлиги ёки зўравон муносабатига дуч келадиган болалар ҳам бор. Улардаги ҳимоясизлик, ёлғизлик ҳисси катта психик травмага олиб келади. Болаларнинг руҳан соғлом бўлиши учун моддий фаровонликдан кўра, оилавий муносабатлардаги соғлом муҳит муҳимроқдир.

Шунинг учун оила қураётганда ёки фарзандли бўлишга тайёргарлик кўраётганда жуфтлик “Биз фарзандларимизни бирга ўстиришга тайёрмизми? Моддий таъминотимиз фарзанд дунёга келтириш ва уни улғайтириш учун қанчалик етарли? Чет элга кетиб ишлашга ва фарзандимни жуфтим ёки бошқа одамларга қолдиришга мажбур бўлмайманми?” дея ўзларига савол бериши жуда муҳим.

Сарвиноз Омонова (психолог)

   *    *    *   

“Турмуш ўртоғим ҳар беш йилда бир марта келар эди. Ҳар келганида ҳомиладор бўлганман…”

Ижтимоий тармоқларда ўтказган сўровларимиз натижасида мавзумизга мос қаҳрамон танлаб олдик. О. опанинг уч фарзанди бор. У бизга ўз тақдири ҳақида сўзлаб беришга розилик берди.

“Фарзандларимнинг отасига совчилар орқали турмушга чиқдим. Баъзи томонлардан ўзаро алоқаларимиз бўлганлиги боис яхши одамлар деган хаёлда узатишган. Турмуш ўртоғим шароитлари туфайли мактабни битирибоқ Россияда ишлаб оиласига моддий ёрдам берган. Шу сабабдан ҳам масъулиятли, ёш бўлсада оиласига ёрдам беришга тиришадиган, яқинларини қадрлайдиган йигит дея мени турмушга чиқишга рози қилишган. Ўша пайтлар энди университетни тамомлаган кезларим эди. Турмуш ўртоғим эса мактабни энди битирибоқ меҳнат билан машғул бўлган, балки унинг шу шу жиҳатларини, меҳнаткаш, яқинларига меҳрибон эканлигини қадрлаганман…

Тўйдан олдин икки марта учрашганмиз

Совчилар келишгач, турмуш ўртоғим билан бир марта кўришдик, шу билан яна ишлагани Россияга кетдилар. Бу орада ҳатто телефонда ҳам гаплашиб турмадик, орадан ўн ой ўтиб қайтдилар. Яна бир марта кўришдик ва шу билан тўйимиз бўлди. Бир-бирини деярли кўрмаган, танимаган одамлар бирга яшаб бошладик. Янги рўзғор, янги оила аъзолар, қийинчиликлар, ҳали ҳеч нарсага мослашиб улгурмасимдан турмуш ўртоғим орадан икки ой ўтиб яна Россияга отландилар. Мен ҳали ўзим мослашиб улгурмаган рўзғорда қолавердим. Улар кетгандан бир ойча ўтиб илк фарзандимга ҳомиладорлигимни билдим.

Ўша пайтлар қўл телефонлари саноқли одамдагина бўлар, маҳалла марказида телефон бўлиб, қишлоқдагилар Россияга кетган оила аъзолари билан шу телефон орқали гаплашишарди. Мен ёш бўлганим учунми, мени ҳам олиб бориб гаплаштиринглар, деёлмаганман. Эрим ҳам, балки уялгандир. Шундай қилиб, 9 ой ҳомиладорлигимда эрим ёнимда бўлмади, ёш келин-куёв ҳатто бирор марта телефонда ҳам гаплашмадик. Уйда турли муаммолар бўлар, менинг ҳам токсикозим оғир ўтар, бу уйда мен билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Ота уйимга кетиб қолгим келарди. Жуда кўп сиқилардим.

Қизим кўзида нуқсон билан туғилди

Ҳомиладорликни паталогиялар билан ўтказдим, туғишим арафасида эрим келди, шифокорга бордик, қоним “50” чиққанди. Даволандим, буларнинг ҳаммасини эримнинг оила аъзолари истеҳзо билан кузатишар, уларнинг фикрича, мен гўёки баҳона қилаётгандим. Уйда асосий боқувчи эрим ҳисобланиб, у топадиган пулга қараб қолган жуда кўп оилавий масалаларимиз бор эди. Табиийки, янги меҳмон келгач харажатлар кўлами ортди. Қизим жуда ҳам безовта, кечаси-ю кундузи йиғлаб чиқар, одамнинг кўзига қарамас эди. Уйдагиларни эса шифокорга боришга кўндира олмасдим, чақалоқ шундай бўлади дейишар, мен эса ҳавотирда ич-ичимдан зил кетардим. Чилласи чиққач эримни қизимизни шифокорга олиб боришга кўндирдим. Фарзандимиз туғма кўз босими баландлиги билан туғилганлигини, тезроқ операция қилдирмасак бутунлай кўр бўлиб қолиши мумкинлигини айтишди. Мен энди тамом бўлган эдим. Операцияни Тошкентда қилдиришни маслаҳат беришар, эрим уйда бўлганлиги сабаб қўлимизда пул йўқ эди. Болам уч ойлик бўлганда бир амаллаб пул тўплаб операция қилдирдик. Энди қизимга алоҳида парвариш, вақти-вақти билан қайта текширувлар зарур эди. Аммо буни на эрим, на унинг оиласидагилар тушунишни исташмасди. Уларнинг наздида гўёки операциядан кейин ҳаммаси зўр бўлиб кетиши керак эди.

Операциядан сўнг эрим яна Россияга жўнаб кетди. Кетишидан олдин илтимос пул тўплаб Тошкентдан бир хонали бўлса ҳам уй олиб қизимизни қаратйлик, ўзингиз ҳам кўрдингизку қанчалик азоб чекаётганини деб ялиндим. Турмуш ўртоғим кетгач яна шу оилада бемор қизим ва бегонадан фарқсиз одамлар билан қолиб кетдим. Улар эримнинг пулини совураётганимни айтиб тез-тез мени руҳан қийнашарди. Мен эса қизимнинг шундай туғилгани учун ўзимни айблаб, ҳомиладорликда ўзимни эҳтиёт қилмаганлигим учун ич этимни ердим. Қизимнинг имконияти чекланганлик нафақасини қайнона-қайнотам ишлатишар, на бу пулни, на эрим ишлаб топган пулни қўлимга ҳам ушламаган эдим.

Бу орада қизимни қайта текширувларга Тошкентга олиб бориш учун чеккан заҳматларим фақат ўзимга аён. Қизим икки ёшларга кирганда дадаси қайтиб келди. Лекин у ишлаб юборган пулларни уйдагилар аллақачон ишлатиб юборишганди. Эрим яна ҳеч вақосиз қолган эди. Орада укаси катта қарз бўлиб қолиб, эрим уни тўлашга ёрдамлашиш учун Грецияга кетмоқчи бўлди. Мен қаттиқ қаршилик қилдим, шу ерда қолинг, Тошкентга кетамиз, ижарада туриб бўлса ҳам бирга ишлаймиз, ҳаммасига бирга эришамиз деб қаттиқ илтимос қилдим. Чунки мен яна ҳомиладор бўлиб қолган эдим…

Яна кетди

Эрим яна мени алдаб, кўндириб, бир йилдан кейин қайтиб келаман, Тошкентдан уй олиб, бирга яшаймиз деганча яна кетди. Қўлимда бир бола, қорнимда бир бола, тинимсиз сиқилиш мени ҳолдан тойдирганди. Ҳомилам 8 ойликдан 9 ойликка ўтишига бироз вақт қолганда мазам бўлмай қолди. Қайнонам эскича қилдириш керакдир, дедилар-у, шу билан индамадилар. Майли, душанба куни дўхтирга бораман деб қарор қилгандим. Лекин бекор қилган эканман. Аҳволим тўсатдан оғирлашиб, зудлик билан шифохонага олиб келиб фарзандимни туғдириб олишди. Чиройлигина, соғлом, кўзлариям соппа-соғ ўғил бола туғилди, бироқ саккиз ойлик туғилгани учунми, 3 кун яшади…

Энди адо бўлгандим, ҳаммасида ўзимни айблардим. Ота-онамга ажрашиш ҳақида айтганимда, сабр қил дейишарди.

Сабр…

Бу орада қанча можаролар бўлди, лекин энди менга ҳеч нарса қизиқмас эди. Бор хаёлим турмуш ўртоғимга қизимизнинг тақдирига бефарқ бўлмасликни қандай уқтиришни ўйлаш билан банд эди. Кунлардан бир-кун қарор қилдим: эримга хоҳласангиз, келиб яшанг, бўлмаса, ажрашамиз деб қизимни олиб Тошкентга кетдим. Унинг тақдирига бефарқ бўлолмасдим.

Тошкентда укаларим, акамнинг қизи (улар ишлаётган ва талаба эдилар), биз - ҳаммамиз биргаликда яшай бошладик. Қизимни махсус боғчага бердим. Унинг ўксиниб катта бўлишини хоҳламас, барча шароитни қилиб беришга тиришардим. Ўзим ишлай бошладим. Қизим 4 ёшга кирганда отаси қайтиб келди. Бутунлайга қайтди деб ўйлагандим, адашган эканман. Қайтиш учун билетни ҳам сотиб олиб, бир ойлик таътилга келган экан.

Тошкентда яшамайсан деб қизим ва мени яна қишлоққа олиб кетди. Эрим келганида яна ҳомиладор бўлиб қолганимни билдим. Хўрлигим келди. Бир йилда қайтаман деб йўқолиб кетдингиз, Тошкентдан уй ҳам олмадик, ўзим кетгандим, қайтариб келдингиз, энди кетмайсиз деб қаттиқ йиғладим. Лекин эрим барибир яна кетди. Ҳозир шу кунларни ўйласам, бекор қилганман, асабийлашиб фақат ўзим ва фарзандларимга жабр қилган эканман дейман…

Орадан 8 ой ўтиб ўғлим туғилди. Қизимнинг касали унда ҳам бўлиши мумкинлигидан қўрқиб, шифокорга олиб бордим. Ўглимда ҳам худди шу касалликнинг енгилроқ формаси аниқланди. Операция қилдирдик. Эримга энди Тошкентда қоламан, болаларимни ортиқ қийнамайман, бизга ҳам пул юбориб туринг деб қатъий айтдим. Биз қолдик, эрим ҳар 3-4 ойда пул жўнатиб турадиган бўлди.

Қизим 7 ёшдан ўтиб мактабга чиққан, ўғлим 2 ёшдан ўтган пайтда дадаси уч йил деганда қайтиб келиб, ўғли билан танишди.

Ўғлим “анави одам ким, нега келди. Йўқолсин, кецин” деб, дадасини танимай, бегона қилиб узоқ вақт ундан қочиб юрди.

Турмуш ўртоғим яна қайтиш билети билан келганди. Бу сафар аввалгидан ҳам кучлироқ тўполон қилдим. Кетмайсиз ёки жавобимни беринг, бу нима аҳвол, на ўзингизни, на пулингизни кўрсам, яшамайман ортиқ бундай дедим. Қайнонам мени “ЭРСИРАБ ҚОЛГАН ХОТИН”га чиқарди, Тушуняпсизми? Шу билан эрим яна қайтиб кетди. Биз Тошкентда қолдик.

Қизим мактабга, ўғлим боғчага борар, ҳаётимиз бир маромга тушиб қолган эди. Энди эрим ҳақида унча ўйламасдим. Дам олиш кунлари қишлоққа бориб ота-онамникида туриб келардик, шунда одамларнинг гаплари мени бироз хафа қиларди. Менга бегона эркаклар ёмон кўз қараш қилишни бошлаганди. Эримга бу ҳақида айтгандим, кейинчалик шуни ҳам юзимга солиб ўзимни айбдор қилган пайтлари бўлган. Унинг ўрнида бўлганимда хотинимга шундай муносабат қилишга журъат қилган одамга нисбатан нима қилишни ўзим билардим. Эҳ…

Учинчи фарзандим…

Қизим 9 ёшдан, ўғлим 4 ёшдан ўтганда отаси яна қайтиш билетини олдиндан сотиб олиб бир ойга қайтиб келди.

Энди эримни у қадар қолинг ден қистамасдим, чунки болаларим катта бўлиб қолган, уларни яхши едириб ичириш, ўқитиш, даволатиш билан банд эди фикр-у хаёлим. Турмуш ўртоғимга энди асосан уй олиш масаласини тез-тез эслатардим.

Эрим Грецияга қайтиб кетганда учинчи фарзандимизга ҳомиладор эканлигимни билдим…

Икки фарзандимни даволатиш ва бошқа масалалар билан боғлиқ харажатлар, ижарада яшаётганимиз… Хуллас, учинчи фарзандимни дунёга келтирмоқчи эмасдим. Лекин яқинларим, ота-онамнинг маслаҳатлари билан бу фикримдан қайтдим.

Ҳамма нарса ниятга боғлиқ экан, қизимнинг кўзини текширтиргани СамПИга борганимда “қуён лаб”ли болачанинг онаси билан танишиб қолдим. У жуда тушкун ҳолатда эди. Мен ўз ҳаётимни бўлишдим ва “шукр қилмайсизми, кичик операция билан тузалиб кетади ва шу билан бу муаммо сизни бутун умрга тарк этади. Ахир бошқа жойлари соғ-ку, кўзлари соғ-ку, қанийди менинг ҳам фарзандларимнинг кўзи эмас, лаби бўлса…” дедим.

“Қуён лабли” бўлиб дунёга келди…

Қизим 10, ўртанча ўглим 5 ёш бўлганда кичик ўғлим “қуён лабли” бўлиб дунёга келди…

Бу муаммо ҳақида фарзандим туғилишидан олдинроқ билганим сабаби у дунёга келгунча бундай нуқсон билан дунёга келган болаларни қандай парваришлаш, қандай овқатлантириш, умуман, ҳамма-ҳаммаси ҳақида узоқ ўқиб, изландим. 4 ойликда биринчи, 1,5 ёшида иккинчи операцияни ўтказдик. Энди фақат гапиришини тўғирлаш қолганди. Логопед-дефектологлардан натижа кўрмаётган эдик.

Ўғлимнинг нутқини тўғрилаш учун ўзим иккинчи мутахассислик сифатида дефектологияда ўқидим. Дефектологияда дарслар 80% бола психологиясига йўналтирилар экан. Бу вақт мобайнида ўзим фарзандларим тарбиясида йўл қўйган хатоларни англаб бордим ва уларни тузатишга интилдим. Носоғлом муҳитда туғилган болалар қандайдир нуқсон билан туғилиши эҳтимоли юқори эканлигини билдим.

Болаларим ота меҳрисиз катта бўлишди. Кейинроқ видеоқўнғироқлар оммалаша бошлагач ҳам отаси деярли умуман фарзандларимиз билан гаплашмади. Келган пайтларида ҳам болаларим отаси билан худди бегона билан мулоқот қилгандек гаплашар, бу мени хафа қиларди. Болаларим ота меҳрига тўйиб катта бўлишини истагандим…

Отаси билан муносабатлар энг кўп қизимга таъсир қилди

Кўча кўйда ота-қиз муносбатларини кўриб қолса ҳам, қизимга қаттиқ таъсир қилади. Жуда таъсирчан, тез йиғлаб юборади. Ўтган йили гаплашиб турганимизда “Онанинг фарзандлари учун қилиши мумкин бўлган энг яхши иши уларга яхши ота танлаши экан, сиз бизга яхши ота танлолмагансиз” деди…

Қизим дунёга келганда жуда кучсиз эдим, муаммолар қаршисида букилиб қолгандим, ёш эдим. Унинг тарбиясида кўп хато қилдим. Уларни тузатишга ҳаракат қиляпман. Жуда ҳам кўнгли бўш, салга йиғлаб юборади. Лекин жуда ҳам меҳрибон, ақлли, мактабда яхши баҳоларга ўқиди, ҳаммага ёрдам бергиси келади, ўзидан ёш қизларга мотивация бериб юради.

Ўртанча ўғлимга ҳомиладорлигимда сиқилишлар, рацион билан боғлиқ муаммолар сабабли суякларида муаммолар бор, оёқлари қийшайди. Ўзи ҳам бироз асабийроқ, ичи тор. Лекин ўқиши кераклигини, яхши ўқиши кераклигини англайди, ўқийди. Кичкиналигида “Ая, дадам келмаса, нега бошқа дада олиб келмайсиз” дегани ҳеч ёдимдан чиқмайди.

Кичкина ўғлим тарбиясида анча ўзимни тиклаб олганим, кучли аёлга айланганим сезилади. Жуда ақлли, умуман асабий эмас, яхши ўқийди, шахматга қатнайди.

Агар отаси фарзандлари билан гаплашишни истаса, масофалар ҳалақит қилмасди. У, шунчаки, истамади. Йигирма йилга яқин вақт мобайнида нима топди, билмайман (уй ҳам олмади, яқинларим, ота-онам ва ака-укаларим ёрдами билан ўзим уй олдим), аммо оиласини, фарзандларини йўқотди. Бегона бўлди.

Лекин болаларим отасини ёмон кўрмайди, отаси томондан қариндошларникига тез-тез бориб турайлик дейди, отасини яхши кўради. Нафрат сезмаганман. Қизим кичкиналигида ҳамма тўсиқ ва тақиқларни енгиб Тошкентга келишга куч топганимга шукр қиламан. Фарзандлар биздан уларни дунёга келтиришимизни илтимос қилмаган. Бизнинг ҳаққимиз йўқ уларни бахтсиз қилишга. Мен фарзандларим учун, уларнинг бахти учун нима керак бўлса, қилишга ҳаракат қиляпман. Болаларимга “даданг ҳам шунақа бўлишини истамаган, тақдирда бу” деб айтаман. Болаларим кичкиналигида уларни ота-онамга ташлаб уй олиш учун ҳаракат қилиш фикри бор эди. Лекин болаларим ҳам онасиз, ҳам отасиз ўсишини истамадим. Худога шукр, улар ёнимда, ҳаммасига бирга эришдик.

Миграция масалаларини ёритганда уларнинг психологик аспектларини ҳам инобатга олиш муҳимки, эътиборсиз қолдирилганда бу жараён бевосита келажак авлоднинг тақдирига хавф солади. 

Дилбар Эламанова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг