Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Марказий Осиёда ҳарорат 40 даражадан юқори бўлган кунлар давомийлиги ошиб бораётгани айтилди

Марказий Осиёда ҳарорат 40 даражадан юқори бўлган кунлар давомийлиги ошиб бораётгани айтилди

Жорий йил 4 декабр куни БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида бўлиб ўтган «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш: Ўзбекистон нигоҳи» мавзусидаги брифингда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Брифинг доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков «Ўзбекистоннинг иқлим муаммоларига қарши курашишда минтақа давлатларини бирлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлари» мавзусидаги маърузаси билан минтақанинг жиддий иқлим муаммолари ва Ўзбекистон томонидан БРМга эришиш йўлида кўрилаётган шошилинч чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.

Вазир ўринбосари ўз нутқида иштирокчилар эътиборини Марказий Осиёдаги иқлим муаммоларига қаратди. Хусусан, у минтақа иқлим ўзгаришига энг заиф ҳудуд эканлигини таъкидлади. Охирги йилларда Марказий Осиёда ҳаво ҳароратининг ошиши дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўпайди, шунинг учун музликлар майдони қарийб учдан бир қисмга қисқарди, бу эса 2050 йилга келиб асосий дарёлар, Амударё ва Сирдарёнинг сув билан таъминланиши 15-20 фоизга қисқаришига сабаб бўлади. Ж. Казбеков трансчегаравий сувларни бошқариш, тупроқ деградацияси, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигининг камайиши, биологик хилма-хилликни қисқартириш муаммоларини ҳам санаб ўтди ва айниқса, Орол денгизининг қуриши ва унинг чўлланиши чанг-қум бўронлари ҳамда тузнинг кўпайишига сабаб бўлаётганига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, ҳудудда ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлган кунлар частотаси ва давомийлиги ошиб бораётгани, совуқ кунлар минимал бўлган иссиқ қиш, ҳароратнинг кескин ўзгариши, баҳорги сел ва қуруқ даврлар кўпаяётгани қайд этилди.

Вазир ўринбосари ўз нутқида иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича илмий асосланган қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва атроф-муҳит муаммоларига комплекс минтақавий ёндашувлар ҳамда ечимларни топишда Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ҳамкорлиги муҳимлигини таъкидлади.

Ж. Казбеков йиғилганлар эътиборини Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббусларга, хусусан, 5 йил ичида 1 миллиард туп кўчат экишдан кўзланган «Яшил макон» миллий дастурига қаратди. Шунингдек, Орол денгизининг қуриб қолган тубини 2 миллион гектарга яқин майдонда кўкаламзорлаштириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. БМТ Бош Ассамблеяси Орол фожиасини замонамизнинг глобал экологик муаммоси сифатида тан олди, унинг оқибатларини юмшатиш мақсадида БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди ташкил этилди ва БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида махсус резолюция қабул қилинди, унга кўра Оролбўйи ҳудуди экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётнинг асосий тармоқларини ўзгарувчан иқлим шароитига мослаштиришни ўз олдига стратегик мақсад қилиб қўйгани таъкидланди. Шу билан бирга, мамлакат углерод нейтраллигига эришиш ва «яшил» энергия улушини оширишни мақсад қилган. Бу қадамлар барқарор ривожланишни таъминлаш, замонавий иқлим муаммолари шароитида глобал ва минтақавий барқарорликни фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Брифингдаги муҳокама глобал ва минтақавий барқарорлик билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш йўлларини кўриб чиқиш имконини берди. Бу масалаларга иқлим ўзгариши, атроф-муҳит деградациясига қарши курашиш ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш киради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг