Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Марказий Осиё мустақил экспертлар альянси тузилади

Марказий Осиё мустақил экспертлар альянси тузилади

Марказий Осиё экспертлари ўзаро ҳамкорлик учун ягона платформа яратишни кўзламоқда.

Бу ҳақда бугун, 15 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатларининг «ақл марказлари», фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва халқаро экспертлар иштирокидаги Марказий Осиё экспертлари форумида сўз борди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда кенг кўламли ўзгаришлар ва минтақа тараққиёти шароитида, умуман ўтиш даврида турли масалалар бўйича экспертлар таҳлилига зарурият туғилмоқда. Ҳукуматлар, парламентлар ва бошқа тузилмалар томонидан муайян тармоқни, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ва концепцияларни ишлаб чиқишда эса мутахассислар кўмаги талаб этилади. Бунда Марказий Осиёда фаолият юритаётган «ақл марказлари» салоҳиятидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Форум иштирокчиларнинг таъкидлашича, Марказий Осиёдаги вазиятни таҳлил қилишда минтақавий мустақил экспертлар вазирлик ва идоралар, давлат «ақл марказлари» томонидан илгари суриладиган «биринчи фикр (ёки қараш)»га «муқобил фикр (ёки қараш)»ни ҳам бериши мумкин.

Кўп ҳолларда айнан тадқиқот марказлари Марказий Осиё давлатлари билан C5+1 форматлари доирасида ҳамкорлик қилувчи АҚШ ва Япония ҳукуматларига, шунингдек, Марказий Осиё бўйича ўзининг янги Стратегиясини амалга ошираётган Европа Иттифоқига ғоя ва таклифларни етказиб беради.

Минтақадаги нодавлат экспертлар баҳосига ортиб бораётган эҳтиёжни қондириш мақсадида Форум иштирокчилари «Марказий Осиё мустақил экспертлар альянси» платформасида экспертлар тармоғини яратиш ташаббуси билан чиқди. Тармоқнинг ўзига хослиги Марказий Осиёдаги асосий жараёнларни умумминтақавий даражада ўрганиш бўлади.

– Собиқ иттифоқ давлатларида кузатилаётган сиёсий жараёнлар фонида Марказий Осиё минтақасидаги экспертларнинг муттасил алоқада бўлиши ва ҳамкорлик қилишига зарурат туғилмоқда. Бугунги кунда уларнинг олдида биргаликда минтақа муаммоларига ечим қидириш ҳамда жамоатчилик фикрларини шакллантириш каби муҳим вазифалар турибди. Яқин йилларга қадар минтақа давлатларининг бир-бирларидан иҳоталашуви бўлган бўлса, бугунги кунда глобаллашув жараёни кетяпти ва бунда коллектив ҳаракат доим устуворлик беради. Мазкур альянс доирасида келгусида Марказий Осиё давлатлари экспертларининг бирлашиши ҳамда минтақанинг ягона тақдир эканлигини англаши, буни жамиятга тушунтира олиши каби фаолликлар юзага чиқади, деб умид қилиняпти, – дейди мустақил эксперт Камолиддин Раббимов.

Шунингдек, форумда, доимий фаолият юритувчи мустақил экспертлар платформасининг ташкил этилиши минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини ишончли, конструктив ва очиқ мулоқот форматида муҳокама қилиш, Марказий Осиёдаги умумий муаммоларни ҳал этиш имконини бериши таъкидланди.

Тадбир якунида минтақавий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш ғояларини илгари сурувчи Марказий Осиё эксперт-таҳлилчилари тармоғини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг