Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Боаода «Шарқ давоси» форуми бўлиб ўтмоқда

Боаода «Шарқ давоси» форуми бўлиб ўтмоқда

Хитой жанубидаги Хайнан провинцияси йилдан-йилга кенг кўламли тадбирлар учун платформа бўлиб хизмат қилмоқда. 10 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуднинг Боао ороли мана 23 йилки, ўз номи билан юритиладиган Осиё форумига мезбонлик  қилади. Бу йил у «Осиё ва жаҳон: умумий муаммолар, умумий масъулият» шиори остида ўтказилмоқда. 26-29 март кунлари бўлиб ўтаётган форумга давлат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, йирик компаниялар вакиллари, экспертлар, олимлар ва журналистлардан иборат 5 мингга яқин киши ташриф буюрган. 

Боао Осиё форуми 29 аъзо давлат томонидан 2001 йилда биргаликда тузилган нодавлат халқаро ташкилотдир. Мақсад  Осиёда иқтисодий интеграцияни ривожлантиришдан иборат. Форумни «Шарқ Давоси» деб ҳам аташади, Бу бежизга эмас. У Осиё ва бошқа қитъалардаги сиёсий, бизнес ва академик етакчиларининг Осиё ва глобал муаммоларни муҳокама қилиши учун юқори даражадаги мулоқот майдонига айланиб улгурган. Боз устига, ишбилармон ва ҳукумат доиралари вакиллари ўртасида муҳим келишувларни имзолаш ва позицияларни мувофиқлаштириш учун катта платформадир. Хитой ҳукумати уни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади ва ушбу механизмни Пекиннинг халқаро алоқаларини фаоллаштириш ва мустаҳкамлашга ёрдам берадиган юмшоқ дипломатиянинг самарали воситаси деб билади.

Анъанага кўра, форумнинг биринчи кунида Осиё-Тинч океани минтақаси ва у билан ҳамкорлик алоқаларини давом эттираётган мамлакатлар ривожланишига оид маърузалар тингланди. Боао Осиё форумининг (БОФ) асосий мавзулари қаторида халқаро ҳамкорлик, молиявий ва сармоявий масалалар, инновациялар, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, экология ва муқобил энергия кабилар бор. Учрашув иштирокчилари, шунингдек, халқаро савдо тизимининг парчаланиш хавфи ва геосиёсий хатарларни, жумладан, Украина ва Фаластин-Исроил можаролари туфайли юзага келган хавфларни ҳам муҳокама қиляптилар. Тадқиқотларга кўра, қарама-қаршиликлар орқали савдога путур етиши ортидан кўрилган дунёнинг зарар миқдори 7 фоизгача бўлиши мумкин, бу тахминан Германия ва Япониянинг умумий йиллик ишлаб чиқаришига тенг. Афсуски, юқори даражада интеграциялашган минтақа сифатида зиддиятнинг кескин ўсишидан Осиё энг кўп зарар кўради. Сўнгги уч йил ичида, айниқса, кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож мамлакатлар, шунингдек, камбағал ва ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари қаттиқ қийинчиликка тушиб қолди.

Баоадаги муҳокамаларда ички ривожланиш масалаларга ҳам эътиборлироқ бўлиш ҳақида сўз бормоқда. Ҳукуматлар ўз мамлакатларидаги одамларнинг заиф гуруҳларини ҳимоя қилишлари керак. Бу бюджет сиёсати муҳтожларга ёки озиқ-овқат хавфсизлиги ёки яшаш нархи инқирозидан энг кўп зарар кўрган гуруҳларга мақсадли ёрдам кўрсатишни, айни пайтда кучлироқ мавқега эга бўлган давлатлар глобал ҳамжамиятнинг заиф аъзоларига ёрдам беришлари кераклигини англатади. Юқори фоиз ставкалари ва кўплаб валюта курсларининг қадрсизланиши фонида бу ёрдам, айниқса, оғир қарз шароитида бўлган мамлакатлар учун муҳим аҳамиятга эга.

Форумда зудлик билан камбағал мамлакатларнинг қарзларини ҳал қилиш учун тезроқ ва самаралироқ глобал механизмлар яратиш зарурлиги айтилди. Зеро, бундай механизмларнинг яратилиши қарздорларга ҳам, кредиторларга ҳам катта фойда келтирар эди. БОФ бош котиби Ли Баодонг фикрича, глобал ривожланиш ва хавфсизлик кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Унинг сўзларига кўра, мавжуд муаммоларга қарамай, Осиё жаҳон иқтисодиёти ривожига максимал ҳисса қўшишда давом этади, Хитой эса пандемиядан кейинги даврда барқарор глобал иқтисодий ривожланиш таянчига айланади.

Трансформация, декарбонизация ва эмиссияларни қисқартириш Осиё мамлакатлари учун умумий ривожланиш мақсадларидир ва яшил энергия ривожланишини рағбатлантириш Осиёда нол эмиссияга эришишнинг калитидир. Бу ҳақда Боао Осиё форуми 2024 якуний ҳисоботида айтилган. Демакки, яшил иқтисодиёт масаласи энг устувор мақсадга айланган. Ҳужжатда, шунингдек, 2060 йилга бориб Осиёнинг умумий ўрнатилган электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 2020 йилга нисбатан уч баравар ошиши, шамол ва қуёш энергиясининг умумий ўрнатилган қуввати 70 фоиздан ортиқ ўсиши кутилаётгани қайд этилган. Шундай қилиб, яшил энергия секторининг умумий ишлаб чиқарилиши 11 миллиард киловаттга етиши керак. Шу билан бирга, умумий трансконтинентал электр тармоқлари лойиҳасини янада мустаҳкамлаш мақсадида Шимолий-Шарқий, Жануби-Шарқий, Жанубий, Марказий ва Ғарбий Осиёдаги минтақавий тармоқларни ўзаро боғлаш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда иқлим ўзгариши ва сув танқислиги муаммолари ортиб бораётган экан, аҳоли зичлиги юқори Осиё мамлакатларининг яшил иқтисодиётга ўтиши, бу билан янгидан-янги иш ўринлари кўпайтириши мақсадга мувофиқ саналади. Мана шу жиҳатлари билан Жанубий Хитой денгизи соҳилидаги Боао ороли яна бир бор бутун дунё эътиборини тортди. Эътиборлиси, Осиё иқтисодиёти тахминан 4,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. 2024 йилда 2023 йилдаги кўрсаткичдан ошиб, Осиё глобал иқтисодий ўсишга дунёдаги энг катта ҳисса қўшувчи қитъага айланади.   

Хитой томони анжуманга қизғин тайёргарлик кўрган. Айниқса, Боао Осиё форуми олдидан энергия самарадорлиги ва атроф-муҳитга зарар етказмаслик даражаси сезиларли даражада яхшиланди. Айтиш жоизки, Боао Осиё форуми янги экологик платформада бўлиб ўтяпти. Форум аввалида Хайнан провинциясининг Боао қишлоғида деярли нолга тенг углерод чиқиндилари бўлган кўргазмали зона ишга туширилди. Кенг кўламли лойиҳа 1,9 квадрат метрдан ортиқ майдонда амалга оширилди. Икки йил давомида бу ерда бинолар ва бутун энергетика инфратузилмаси модернизация қилинди. Провинция ҳокимлиги маълумотларига кўра, намойиш зонаси йилига 32 миллион кВт/соатга яқин экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқаришга қодир.

Ушбу анжуманда Боао Осиё форуми билан ҳамкорлик қилаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари ҳам ўз делегациялари билан иштирок этади. Анжуман ўтадиган бино атрофига бошқа мамлакатлар қатори Ўзбекистон байроғи ҳам ўрнатилган. Яшил иқтисодиётга ўтиш, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, юқори технологиялар, транспорт, савдо-сотиқ алоқаларини ривожлантириш мавзулари Ўзбекистонимиз учун ҳам муҳим аҳамиятга молик масалалар. Бундан ташқари, Боао Осиё форуми ҳам Осиё минтақасида, ҳам жаҳон миқёсида савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш соҳасида билим ва илғор тажриба алмашиш учун ноёб платформа ҳисобланади. Қолаверса, БОФ нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда халқаро савдо-иқтисодий алоқаларни самарали мустаҳкамлаш имконини бериши билан ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Мавжудлиги давомида форум мамлакатлар ва турли минтақавий ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам берувчи нуфузли платформа сифатида ўзини намоён қилди. БОФ турли манфаатдор томонлар ўртасида консенсусга эришиш ва кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим рол ўйнади, умумий ривожланишга ҳисса қўшди ва ҳам минтақавий, ҳам глобал муаммоларни ҳал қилди. ШҲТ ва Боао форуми ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни изчил рағбатлантириш адолатли ва ўзаро манфаатли минтақавий молиявий, сармоявий, савдо-иқтисодий ландшафтни шакллантиришнинг муҳим омили ҳисобланади. БОФ сессиясининг кун тартиби глобал муаммоларга эътибор қаратиш ва уларни иқтисодий ва хавфсизлик соҳасида ҳам минтақавий, ҳам глобал контекстда енгиш учун ечим топиш имконини беради. Форум 23 йилдан бери халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг энг муҳим бўғинларидан бири бўлиб ишламоқда. Бу жиҳатлари билан БОФ сессияларида қатнашиш манфаатларимизга хизмат қилади. 

Тадбир иштирокчилари томонидан янги ғоя ва таклифларнинг илгари сурилиши умумий тараққиётга хизмат қилади. Бу Осиё консенсусига эришиш, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодий глобаллашув ва умумий келажакни барпо этишга ҳам тааллуқлидир.

                                                                          Абдували Сойибназаров,
Пекин

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг