Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жадидлар кечмиши ҳақида ҳикоя қилувчи янги фильм тақдим этилди

Жадидлар кечмиши ҳақида ҳикоя қилувчи янги фильм тақдим этилди

Юзлаб ижодкорлар иштирокида икки йил тайёрланган «Армон» фильми YouTube’га чиқарилди. Жадидчилик ҳаракатига қай тариқа асос солингани, унинг намоёндалари тақдири, 1917 йилги сиёсий воқеаларининг ислоҳотчилар ҳаракатига таъсири, шунингдек, жадидларнинг Ўзбекистон тарихида қолдирган изи ҳақида ҳақида ҳақида ҳикоя қилувчи фильмнинг режиссёри: Руслан Солиев, саунд-продюсер – Камрон Тўйчиев.

Фильмдан лавҳа

Кинокартинани суратга олиш ишлари Ўзбекистон, Россия ва Туркияда бўлиб ўтган. Фильмда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги маърифатпарварлик ҳаракатларига ҳам тўхталинган. Унда қаҳрамонларни ўзбекистонлик ижодкорлар (хусусан, актёр Эркин Бозоров ва жамоат фаоли Саид-Абдулазиз Юсупов) билан бир қаторда бошқа мамлакатларнинг санъаткорлари (жумладан, тожикистонлик Манижа, қозоғистонлик Асқар Илясов) ҳам гавдалантирган.

Фильмдан лавҳа

«Улкан жамоа бутун қалби билан киришган ушбу лойиҳани тугатиш учун икки йилдан ортиқ вақт кетди. Бу мураккаб ва дардга тўла фильм. 1,5 соат давомида ҳамма қаҳрамонлар ва барча воқеалар ҳақида тўлиқ ҳикоя қилиб бўлмайди, албатта. Лекин жадидчилик мавзуси трендда эканлиги мени чин дилдан қувонтиради. Маърифатпарварлар ҳақида қанча кўп ҳикоя қилинмасин — шунча оз, чунки жадидлар хотираси олдида жуда қарздормиз. Умуман, бугунги таҳликали замонда бу ўта муҳим мавзу», — дейди фильм режиссёри Руслан Солиев.

Фильмдан лавҳа

Таъкидлаш керакки, фильмда жадидчилик ҳаракатини ўрганувчи тадқиқотчилар, шунингдек, маърифатпарварларнинг авлодлари — Ҳамидулла Болтабоев, Қаҳрамон Ражабов, Дилором Алимова, Бахтиёр Ҳасанов, Тимур Хўжаўғли, муфтий Нуриддин Ҳолиқназаров, Сулаймон Иноятов, Хондамир Қодирий, Кристофер Жеймс Форт, Нигора Раҳимжонова, Азалшоҳ Ҳамроев, Мавлуда Раҳмонова, Рудольф Бархет, Шоҳруҳ ва Фаррух Беҳбудий, Гавҳар Зокирова, Шуҳрат Саиджонов, Фурқатбек Яквалҳожиев, Адиб Холид, Марианна Камп, Сергей Абашин, Марк Риз — фильм давомида XIX-XX асрларда рўй берган тарихий жараёнлар ҳақида ўз ҳикоялари билан бўлишган.

Жадидлар чиқарган нашрлардан бири

Жадидчилик – Ўзбекистон ҳудудида ХIX асрнинг охирида тарқалган ижтимоий-сиёсий маърифатпарвар ҳаракат ҳисобланади. Унинг намоёндалари, жадидлар диний фанлар қаторида дунёвий фанлар ҳам ўқитилган янги усулдаги мактабларни очишган. Жадидларнинг ўзлари ўқув қўлланмалар ёзган, шунингдек ўзбек тили ва шеърияти ривожига хизмат қилган, ўзбек театри ва драмаси асосларини яратган.

Жадидлар чиқарган нашрлардан бири

Миллат тараққийпарварлари дея ном олган жадидлар Туркистон сиёсий майдонида ўчмас из қолдирган. 1917 йилда улар Қўқон автономиясини тузган, бироқ автономия 1918 йилда совет ҳокимияти томонидан тор-мор этилган. 1920 йилларда айрим жадидлар раҳбар лавозимларда фаолият олиб борган. Шу орқали улар ўзбек интеллигенциясининг ривожланишида иштирок этишган. Жадидлар тарихи фожиали якун топади. Улар 1920–1930- йиллар охирида амир ва совет ҳокимияти томонидан таъқиб этилган.

Фильмдан лавҳа

15 ноябрь куни пойтахт кинотеатрларидан бирида «Армон» фильмининг ёпиқ тақдимоти ўтказилганди. Кинокартинанинг YouTube’даги премьераси 20 ноябрь куни бўлиб ўтди. Фильм 25 ноябрь куни марказий телеканалларда намойиш этилиши кутилмоқда.

2020 йили юртимиз кинотеатрларида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан «Киномания» студияси томонидан суратга олинган «Ибрат» бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтганди.

2022 йили Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов фонди буюртмасига асосан суратга олинган «Жадидлар. Туркистондаги ислоҳотларнинг тақдири» номли ҳужжатли-бадиий фильм томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг