Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентдаги фестивалда фильм намойиши тўхтатилганига расмий изоҳ берилди

Тошкентдаги фестивалда фильм намойиши тўхтатилганига расмий изоҳ берилди

Тошкентда ўтаётган ҳужжатли фильмлар фестивалида тақдим этилган фильм намойиши тўхтатилганига оид хабарлар тарқалди. Унда фестивалда Украинадаги уруш ҳақида Россия манфаатларига зид фильм намойиши ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тўхталгани айтилади.

Маданият вазирлиги матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдириб, қуйидагилар маълум қилди.

Қайд этилишича, 2021 йил 14 июлда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунининг 1-иловасига кўра, мамлакат ҳудудида фильмни оммавий намойиш этиш рухсатнома олиш талаб қилинадиган фаолият тури ҳисобланади. Мазкур қонун, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасинннг 2022 йил 2 февралдаги «Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 86-сонли қарорига асосан Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги фильмни оммавий намойиш этиш учун бир марталик рухсатнома беришга ваколатли орган этиб белгиланган.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, республика ҳудудида маҳаллий ва хорижий фильмларни намойиш этиш учун хусусий тадбиркорлар томонидан Кинематография агентлигига ариза билан мурожаат этади ҳамда агентлик томонидан ушбу мурожаат 10 иш кунида кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, фильмни оммавий намойиш этишда бир қатор талаб ва шартларга қатъий риоя этилиши белгиланган. Мазкур талаб ва шартларга амал қилинмаслиги фильмни оммавий намойиш этиш учун берилган рухсатноманинг бекор бўлишига олиб келиши кўзда тутилган.

«Бундан ташқари, юқоридаги ҳужжатларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оммавий тадбирларни ўтказиш учун Ички ишлар вазирлигидан рухсатнома олиши шарт экани белгиланган. 2–8 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган «Artdocfest/Asia» фестивали деб номланган оммавий тадбирни ўтказиш учун ташкилотчилар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда рухсатнома олишмаган.

Ҳуқуни муҳофаза қилувчи идораларнинг расмий равишда огоҳлантиришларига қарамай оммавий тадбир ва фильмлар намойишини ташкил этиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилишган.

Шу ўринда оммавий тадбирлар, жумладан, фестиваллар ва уларда фильмлар намойишини тўхтатиш Маданият вазирлигининг ваколатига кирмаслигини билдирамиз», дейилади вазирлик муносабатида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг