Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ИИБ формасини кийиб, беҳаё сўзларни айтган 17 ёшли қизнинг онаси жавобгарликка тортилди

ИИБ формасини кийиб, беҳаё сўзларни айтган 17 ёшли қизнинг онаси жавобгарликка тортилди

Ижтимоий тармоқларда бир қиз автомобилда ички ишлар ходими кийимида сигарет чекаётгани ва беҳаё сўзларни ишлатаётгани тасвирланган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ муносабат билдирди.

Аниқланишича, вояга етмаган 2006 йилда туғилган С.А. ички ишлар ходимининг формасини таниши 20 ёшли Ш.M.дан олиб, ўзига тегишли бўлган «Cobalt» русумли автомобилда ички ишлар ходимининг киймини кийиб, сигарет чекиб, беҳаё сўзларни ишлатган холда видео олган. Текширув жараёнида Ш.M. ушбу формани қонунга хилоф равишда сақлаганлиги аниқланган. Вояга етмаган қизнинг ота-онаси билан бирга профилактик суҳбат ўтказилган.

Мазкур ҳолат бўйича қизнинг онаси В.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси («Фарзандларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мажбуриятларни бажармаслик») билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, Ш.M.дан форма ўрнатилган тартибда олиб қўйилган. Ш.M. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 209 прим.1-моддаси («Вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимларининг кийим-кечакларини қонунга хилоф равишда кийиш») билан жавобгарликка тортилган, суд томонидан унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 209 прим.1-моддасига кўра, яъни формали кийим-бош кийиб юриши назарда тутилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш тақиқланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг