Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Олтин Ҳумо» миллий киномукофотининг тантанали маросими бўлиб ўтди

«Олтин Ҳумо» миллий киномукофотининг тантанали маросими бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси томонидан Киночилар уйида анъанавий «Олтин Ҳумо» миллий киномукофотининг тантанали маросими бўлиб ўтди. Аввал киноюлдузлар ва ижодкорлар анънавий қизил йўлакчадан ўтишди.

Тадбир бошида кино соҳасида йил давомида амалга оширилган ишлар акс этган махсус видеоролик тақдим этилди. Сўнгра, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов сўзга чиқишди. Барча байрам шукуҳи билан муборакбод этилди.

Тадбир давомида ўтганлар ёд этилиб, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Ўзбек киносининг дарғалари тадбир давомида яна бир бор эсланиб, сўнгра МДҲ давлатларидан ташриф буюрган меҳмонлар таништирилди.

Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров кинодаги фаолиятини ёдга олиб, «Темир хотин» фильмидаги саунтреки билан меҳмонларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Шунингдек, Маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков «Санъатдан бахтини топганлар» номли қўшиғини ижро этди.

«Олтин Ҳумо» миллий кинотақдимоти қуйидаги номинациялар бўйича ўз эгаларига топширилди:

Энг яхши ҳужжатли фильм: «Халқ жасорати» режиссёр Али Ҳамроев,

Энг яхши анимацион фильм: «Автосаргузаштлар 4» режиссёр Абдулатиф Ҳайдаров,

Энг яхши компьютер графикаси: «Ибрат» фильми учун Дилшод Латифхўжаев,

Энг яхши кино бастакор: «Рангсиз тушлар» фильми учун Убайдулла Каримов,

Энг яхши монтаж иши: «Тенгиз» фильми учун Хуршид Алихўжаев,

Энг яхши грим рассоми: «Илҳақ» фильми Зилола Собирова,

Энг яхши либос бўйича рассом иши: «Илҳақ» фильми Зуҳра Ғаниева,

Энг яхши рассом иши: «Қўқон шамоли» фильми учун Исобек Эгамбердиев,

Энг яхши овоз режиссёри: «Илҳақ» фильми Анвар Файзуллаев,

Энг яхши сценарий: «Рангсиз тушлар» фильми учун Умид Ҳамдамов,

Энг яхши операторлик иши: «Илҳақ» фильми учун Жаҳонгир Ибрагимов,

Энг яхши режиссёрлик иши: «Рангсиз тушлар» фильми Аюб Шаҳобиддиннов,

Энг яхши аёл роли: «Илҳак» фильми учун Дилором Каримова,

Энг яхши эркак роли: «Ибрат» фильми учун Карим Мирҳодиев,

Томошабин меҳрини қозонган фильм: «Қор ёғмоқда, оппоқ қор» режиссёр Рихсивой Муҳаммаджонов,

Йилнинг энг яхши фильми: «Илҳақ» фильми режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов.

«Олтин Ҳумо» миллий кинотақдимотига хорижий меҳмонлар, ижодкорлар, мутахассислар, блогерлар ва ёшлар ташриф буюришди.

Маълумот учун: бугун режиссёр Азамат Аҳроровнинг «Лолагулим» кинокартинасининг илк катта премьераси бўлиб ўтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг