Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Юксалиш» 10та таклиф билан чиқди

«Юксалиш» 10та таклиф билан чиқди

Фото: «Xabar.uz»

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Тошкентдаги ҳаво ифлосланиши бўйича эколог мутахассислар ўртасида сўров ўтказиб, ҳолатни яхшилаш юзасидан 10 та бирламчи чора-тадбир таклифларини ишлаб чиқди.

Сўровда 34 нафар мутахассис, жумладан, тегишли вазирлик ва қўмиталар, тадқиқотчилар, маҳаллий экофаоллар ва журналистлар иштирок этди.

  1. Респондентларнинг аксарияти (80,7 фоиз), биринчи галда, чанг кўтарилишини камайтириш учун барча очиқ майдонларга дарахтлар ва кўп йиллик ўтларни экиш орқали «яшил белбоғ» яратиш керак, деб ҳисоблайди. Бунга қўшимча сифатида экилган дарахтларни доимий парваришлаш, мониторинг қилиш, кесиш ҳолатларига жазони кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
  2. Сўралган экологларнинг 74,4 фоизи шаҳарсозлик Бош режалари тасдиқланмагунча янги, айниқса, кўп қаватли ва нотурар бинолар қурилишига мораторий жорий этиш, қурилишларга фақат «яшил» стандартлар доирасида рухсат бериш зарур, деб ҳисоблайди.
  3. Респондентларнинг 70,1 фоизи ҳавони ифлослантирувчи омиллар ҳақида аниқ тушунча ва маълумотларга эга бўлиш учун махсус ускуналар орқали ифлослантирувчи манбаларни (корхона, завод, иссиқхона ва бошқалар) мониторинг қилиш керак, деган фикрда. Бунда масъул идоралар ва ННТлар вакилалларидан иборат тезкор мониторинг гуруҳини тузиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.

Мониторингда асосий урғу қуйидагиларга қаратилиши тавсия этилади:

  • ифлосланиш даражаси, сабаблари ва таркибини ўрганиш, уни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш;
    натижаларини ОАВда эълон қилиб бориш;
  • ҳавони ифлослантиришга сабаб бўлган корхоналарга ижобий хулосалар ёки фаолият юритиш учун рухсатномалар берган шахсларни жавобгарликка тортиш;
  • қоидабузарларга жарима ва жазо чораларини қўллаш;
  • ҳаво сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
  1. Респондентлар, шунингдек, ҳавонинг ифлосланганлик ҳолати ҳақида аҳолини хабардор қилиш, зарур чораларни кўриш бўйича тавсиялар бериладиган кенг кўламли тарғибот ишларини ўтказишни айтган (57,3 фоизи). Ахборот билан таъминлаш тизимли, доимий ва эколог мутахассисларнинг маълумотларига таянилган бўлиши керак, дейилади баёнотда.
  2. Экспертлар барча транспорт воситаларини, жумладан, трактор ва техникаларни режадан ташқари техник кўрикдан ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлаган (53 фоиз). Шунингдек, улар носоз ускуналардан фойдаланишни тақиқлашни ёқлаган.
  3. Мутахассислар, шунингдек, ижтимоий-аҳамиятли объектларда (мактаб, боғча, шифохона ва бошқалар) ҳавони тозаловчи тизимларни ўрнатишни (50,6 фоиз) ҳамда иш берувчиларга бино ва офислар ичкарисида ҳавони тозалаш бўйича тезкор чоралар кўришни ҳам тавсия этган (42,1 фоиз).
  4. Респондентларга кўра, вақтинчалик чора сифатида намликни ошириш учун ерости сувларидан фойдаланган ҳолда фавворалар сонини кўпайтириш зарур (25 фоиз).
  5. Айримларининг фикрича, мўътадил микроиқлимни таъминлаш ва ҳаво сифатига ижобий таъсир кўрсатиш учун сунъий сув ҳавзаларини яратиш ҳам самарали чоралардан бири.
  6. Сўровда қатнашган экспертларнинг 19,3 фоизи ифлосланиш даражаси юқори бўлган кунларда аҳоли орасида тиббий ниқоб тақиш зарурлиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш керак, деб ҳисоблайди.
  7. Шунингдек, сўралганларнинг 18 фоизи қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, ишлаб чиқариш, омборларда ёнғиннинг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш кераклигини таъкидлаган. Чунки дала ва ўрмонларда, хавфли кимёвий моддалар сақланадиган омборларда содир бўладиган ёнғинлардан ҳаво сифатига ҳамда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи заҳарли тутун ва кул тарқалиши мумкин, деб таъкидланади хабарда.

Бундан ташқари, экспертлар ҳаво сифатини яхшилашга, унинг янада ифлосланишининг олдини олишга комплекс ёндашиш ва узоқ муддатли турли даражадаги стратегик чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлади. Улар қуйидагилар:

  • бетон ёки асфальт билан қопланган майдонлар яқинида кичик боғлар ташкил қилиш;
  • шаҳар ва аҳоли яшайдиган ҳудудларда кўмир ва мазутдан фойдаланишни тақиқлаш;
  • тиғиз вақтларда (соат 07:00 дан 10:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача) Н2 ва Н3 тоифали (оғирлиги 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ юк ортилган) транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш;
  • 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги автомобилларнинг ҳаракатланишини босқичма-босқич тақиқлаш, бунда замонавий транспортларга ўтиш бўйича имтиёзлар жорий этиш;
  • Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларининг марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи зоналар ташкил этиш;
  • Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва ифлосланишининг олдини олиш давлат дастурини ишлаб чиқиш;
  • Марказий Осиёда экологик вазиятни мониторинг қилишда давлатлараро муносабатлар соҳасида мақсадли ишларни амалга ошириш, муайян ваколатларга эга ишчи гуруҳларни тузиш;
  • корхона ва заводларда тозалаш ускуналари мавжудлиги устидан қатъий назорат ўрнатиш;
  • корхоналарнинг экологик аудитини ўтказиш, белгиланган стандартларга риоя этилишини жорий этиш ва назорат қилиш;
  • аҳоли учун экологик таълим дастурларини янада ривожлантириш;
  • хусусий ташкилотларга экологик муаммоларни ҳал қилишга сармоя киритиш имконини берувчи дастурларни ишлаб чиқиш;
  • атроф-муҳитга хайрия қилиш учун солиқ имтиёзларини бериш;
  • атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун шаҳар ҳокимлиги ҳузурида Экология, соғлиқни сақлаш, транспорт ва қурилиш вазирликлари вакилларидан иборат ишчи комиссия тузиш.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг