Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хўжа Ориф ар-Ревгарий Моҳитобон зиёратгоҳини таъмирлаш учун 10 миллиард сўм ажратилди

Хўжа Ориф ар-Ревгарий Моҳитобон зиёратгоҳини таъмирлаш учун 10 миллиард сўм ажратилди

Бухоройи шарифнинг етти пирларидан бири – Хўжа Ориф ар-Ревгарий Моҳитобон зиёратгоҳининг қайта реконструкцияси учун 10 миллиард маблағ ажратилган. Бу ҳақда Шофиркон туман имом хатиби Жасур Латипов маълум қилди.

Билдирилишича, зиёратгоҳнинг умумий ер майдони 6 гектардан иборат. «Моҳитобон обод қурилиши» масъулияти чекланган жамияти бош пудратчилик қилмоқда. Объект атрофи 2  300 метр айланма узунликдаги ва 2,20 метр баландликдаги девор билан ўраб олинган. Миллий услубда қурилган 8 метрли айвон, 2,5 метр баландликдаги мақбара, 200 куб сув сиғимига эга 2,5 метр чуқурликдаги ҳовуз, тошқудуқ ва ошхоналар қурилиши якунланган.

Қадамжога яқин ҳудуд инфратузилмасини ҳам янгилашга эътибор қаратилган. Чунончи, 3000 квадрат метр асфальт ётқизилиб, пиёдалар қатнов йўлагига мармар ўрнатилган, гулбоғлар ташкил қилинган. 165 та енгил автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ фойдаланишга топширилган.

- Бундан ташқари, зиёратга келувчилар учун барча қулайликларга эга икки қаватли 76 кишига мўлжалланган «Poykent Bukhara» меҳмонхонаси ҳам қуриб, фойдаланишга топширилди. Умумий қиймати 4,5 млрд сўмга тенг янги мажмуа тадбиркор Комил Рўзиев ташаббуси билан бунёд этилган. 100 ўринли миллий чойхона ҳам зиёратчилар учун шай ҳолга келтирилган. Хўжа Ориф ар-Ревгарий Моҳитобон зиёратгоҳининг қурилиш-таъмирлаш ишлари учун жами 10 миллиард сўм маблағлар шундай хайрли ишларга сарфланмоқда. Хуллас, зиёратгоҳ энг кўркам қадамжолардан бирига айланиб бормоқда,-деди Шофиркон туман имом хатиби Жасур Латипов.



Маълумот ўрнида: Ислом дини қуввати сифатида мусулмон дунёсида эътироф этилган Бухоройи шарифда жаҳон маънавий тамаддунига бебаҳо ҳисса қўшган улуғ етти пир - Абдулхолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хўжа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳлари табаррук масканлар саналади. Соҳа мутахассисларининг маълумот беришича, ушбу етти зиёратгоҳнинг ҳар бири миллий ва замонавий архитектура талабларига тўла жавоб берадиган маҳобатли мажмуа сифатида барпо этиш режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг