Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда массажчи ниқобидаги фоҳишалар қўлга олинди

Тошкентда массажчи ниқобидаги фоҳишалар қўлга олинди

Тошкент шаҳар ИИББ

11 март куни ИИББ ходимларига интернет сайтларидан бирида Севара исмли қиз массаж қилишни таклиф этиб, аслида мижозларга интим хизматлар кўрсатаётгани ҳақида маълумот келиб тушган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Ўтказилган тадбирда Севара исмли мазкур қиз қўлга олинган ва у аслида 27 ёшли Озода Ж. эканлиги аниқланган. Қиз интернетга ушбу эълонни жойлаштирганини тан олган.

Озода Ж.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддаси (Фоҳишалик билан шуғулланиш)га асосан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ва Шайхонтоҳур тумани ИИБга жўнатилган.

Худди шундай чоралар 30 ёшли Динара А.га нисбатан ҳам қўлланилган. Мазкур аёл ҳам интернетда массаж қилиш ниқоби остида интим хизматлар таклиф қилган.

Шунингдек, 11 март куни кечки пайт ўтказилган тадбирда Чилонзор тумани ҳудудида жойлашган гўзаллик салонида косметология ва оддий массаж хизматидан ташқари, ташриф буюрувчи эркакларга интим хизматлар ҳам кўрсатилиши аниқланган. Тадбир чоғида салонда массажчи бўлиб ишлаган 20 ёшли Одина Д. мазкур салонда кўрсатилган интим хизмат учун 100 минг сўм олаётганда ашёвий далил билан қўлга олинган.

Мазкур салонда Одина Д.дан ташқари, 30 ёшли Умида Б. раҳбарлигида ишлайдиган 20-32 ёш оралиғидаги яна беш нафар аёл борлиги ҳамда улар ҳам массажчи ниқобида аслида фоҳишалик билан шуғулланиши маълум бўлган.

Мазкур ҳолат бўйича тўпланган материаллар Чилонзор тумани ИИБга юборилган. Умида Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси (Қўшмачилик ёки фоҳишахона сақлаш)га асосан иш қўзғатилган. Бошқа массажчи аёлларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддаси (Фоҳишалик билан шуғуланиш)га асосан иш қўзғатилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг