Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тиббиёт ходимларининг бузилган ҳуқуқлари тикланди

Тиббиёт ходимларининг бузилган ҳуқуқлари тикланди

Фаолият самарадорлигида ишчиларга яратил берилган шароит бирламчи аҳамият касб этади. Шу маънода Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини ташкил этишга, жумладан, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, моддий манфаатдорлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда, дейилади вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Жумладан, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари қўпол равишда бузилган ҳолатлар вазирлик томонидан аниқланиб, бартараф этилмокда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 237-моддасига мувофиқ ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиниши мумкин эмас.  Бироқ И.Иргашев номли Тошкент шаҳар 4-сон клиник шифохонаси бош шифокори ушбу шифохонанинг болалар реанимация бўлими ўриндош шифокори С.О. билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 5-бандига кўра бекор қилган. Ходимнинг вазирликка мурожаатини ўрганиш жараёнида С.О.нинг ҳомиладор эканлиги факти ўз тасдиғини топди.

Шунга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига асосан И.Иргашев номли Тошкент шаҳар 4-сон клиник шифохонаси бош шифокорининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда чиқарилган буйруғи бекор қилиниб, врач С.О. аввалги ишига тикланди ҳамда мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаб берилиши белгиланди.

Бундан ташқари, ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини қўпол равишда бузган бош шифокорга нисбатан интизомий жазо чораси қўллаш масаласини  ҳал этиш Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи зиммасига юклатилди.

Яна бир ҳолат. Шаҳрисабз туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг 2019 йил 24 январдаги 7т-сонли буйруғига асосан туғруқхона бўлими мудири Б. Кучаров иш берувчининг ташаббуси билан вактинча шошилинч тез ёрдам бўлимига шифокор вазифасига ўтказилган. Бунда иш берувчи томонидан ходимдан розилик олинмаган. Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 93-моддасига кўра, вақтинча бошқа ишга ўтказишга ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўлган тақдирдагина йўқ қўйилади. Мазкур ҳолатда  Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Б.Кучаров аввалги ишига тикланиши таъминланиб,  ҳуқуқлари тўлиқ тикланди.

Шаҳрисабз туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғига нисбатан эса вазир буйруғи билан  ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўлланилди, дейилади вазирлик хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг