Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сен кучлисан болажон! Хайрия тадбири маблағлари ўз эгаларига етказилди

Сен кучлисан болажон! Хайрия тадбири маблағлари ўз эгаларига етказилди

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йилнинг 18 сентябрида пойтахтдаги Ёшлар ижод саройида «Сен кучлисан» ташаббускор гуруҳи томонидан бемор болалар ижодига мансуб санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Тақдим этилган ва ким ошди савдоларига қўйилган суратлардан тушган пуллар болаларни моддий ва маънавий қўллаб қувватлашга сарфланди.

Азиза Қурбонова, журналист:

«Мен танлаган сурат (суратни сотиб олишда Дилноза опанинг ҳам ҳиссалари бор) Оғабек исмли болага тегишли. Ўтган йили боланинг отаси вафот этган. Унинг ўзи эса 1 ҳафта аввал, 12 сентябрда фариштага айланган…

Оғабек яшашни жуда-жуда истаган. Бўлмаса, ҳаётни бунчалик ранг-баранг чизармиди?! Картиналар контексти учун бебаҳо. Ўлим олдидан, тўхтовсиз терапиялар, узлуксиз «капельница»лар, пулсизлик, отасизлик изтироблари ичида бошқа рангларни топа олгани учун танладим.

Тадбирда бир чеккада бемор болалар сурат чизиб ўтиришди. Оналар ҳамроҳ, уларнинг ўзи бемордек. Ҳар кўзим тушганда жиққа ёшга тўлаверади. Мен бу тақирбошлик, рангпарлик, каннула уланган қўллар нималигини тахминан биламан. Болаларга тикон кирмасин, гард юқмасин. Беморларга шифо берсин. Ҳеч ким касал бўлмасин!»

 

Ҳасан Тошхўжаев, Энергетика вазирлиги матбуот котиби:

«Энг асосий суратни энг қиммат нархга сотиб олдим. Бунда мени каналимдаги мухлислар ҳам қўллаб-қувватлашди. Очиғи, аукционда энг баланд нарх – 6 млн сўм таклиф билан харид қилган бўлсамда, бу тадбир ва мазкур асар учун кўпроқ беришга ҳам тайёр эдим. Кеча мен харид қилган суратлар пули бугун Ҳиндистонга учиб кетаётган болага асқатганини эшитиб, руҳимда бошқача енгиллик ҳис қилдим. Ташкилотчиларга раҳмат».

Ҳусан Эрматов, «Ишонч» газетаси бош муҳаррири:

«Илк суратни мен харид қилдим. Бу болалар хасталигидан эзилган бўлсам, кўзларидаги умидни кўриб кўнглим кўтарилди. Яна бир жиҳат – бу болаларга, айниқса мен харид қилган сурат муаллифига шунчаки ҳаваскор сифатида қараш тўғри бўлмайди. Уларда профессионал ёндошув бор. Тилагим, бу болажонларимиз тезроқ соғайиб кетишсин ва тасвирий санъат билан жиддий шуғулланишсин. Улар орасида суратлари Лувр музейидан жой оладиган иқтидор эгалари етишиб чиқишига ишонаман».

Дилфуза Собирова, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби:

«Сен кучлисан» лойиҳасининг навбатдаги тадбирида биз ҳам жамоамиз билан иштирок этдик. Кўргазмага кўплаб суратлар қўйилибди. Ҳар ким ўзига ёққан суратни сотиб оляпти. Ташкилотчилар суратларга нарх қўйишмаган «кўнглингиздан чиқариб бераверинг» дейишди.

Болажонларнинг суратлари ҳайратга солган бўлса,  ҳар бир сурат тарихи кўнгилларни зир титратди. Ҳар бир сурат ортида бир гўдак тақдири бор...

Ташкилотчилар шу гўдаклар тақдирига жамоатчиликнинг эътиборини қарата олишди. Бунинг учун уларга кўпдан- кўп раҳмат».

 Шерзодбек Умаралиев, ижтимоий тармоқ фаоли:

«Мана бу суратга эътибор беринг. Ҳеч қачон арғимчоқлар эгасиз, болаларсиз қолмасин!

«Сен кучлисан»  жамоаси томонидан ташкилланган кўргазмада шу расм юрагимни титратиб юборди, деярли ҳамма расмда нимадир бордек эди.

Эгасиз арғимчоқ...»

Маржона Нурмуҳаммедова, ғоя муаллифи ва ташкилотчи:

«Тадбирни якунладик, елкадан тоғлар ағдарилди. Лекин кейинги икки кун давомида ҳам жамоамиз тинмади. Барча пулларни чиройли тарзда эгаларига етказдик, узоқдагиларга ҳам жўнатяпмиз. Энг асосий мақсадимиз – болаларда ўзларига бўлган ишончни ўйғотиш, иродаларини мустаҳкамлаш ва шу орқали соғайишларига ёрдам бериш. Зеро уларнинг ҳар бири кучли!».

«Сен кучлисан» жамоаси масъулларининг Xabar.uzга маълум қилишича, айни пайтда нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтиш ишлари бошланган ва керакли ҳужжатлар тегишли ташкилотларга топширилган. Кейинги тадбирлар вилоятларда ҳам ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг