Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилмоқда

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилмоқда

27 февраль куни «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

«Болалар руҳияти ва характерига таъсир этувчи бу каби салбий иллатлар - зўравонлик ва тазйиқ келажакда ревиктимизатсия (қайта шикастланиш) хавфини, хусусан кейинги авлодларда ҳам зўравонликнинг давом этишини сезиларли даражада оширади.

Болаларга алоҳида зўравонлик ҳолати ҳам ҳар бир бола учун катта фожиа бўлиб, унинг оқибатлари боланинг бутун ҳаёти давомида давом этади, унинг жисмоний, психологик, ижтимоий ва ахлоқий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, боланинг академик кўрсаткичларига таъсир қилади», деб ёзди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров X тармоғидаги саҳифасида.

Қонун лойиҳасида болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига таъриф берилиб, уларни содир этишни тақиқлаш, қонунга биноан таъқиб қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, болаларга нисбатан зўравонлик шакллари амалдаги учтадан (жисмоний, жинсий, руҳий) олтитага (ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг) оширилмоқда.

Мазкур ҳужжат билан илк бор янги институт жорий қилиняпти. Яъни, эндиликда болаларга ҳам ҳимоя ордери бериш таклиф этилмоқда. Ордер ваколатли орган томонидан зўравонликдан жабрланувчининг қонуний вакилига ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахсга ҳамда зўравонликдан жабрланувчининг ўзига берилади.

Бундан ташқари, лойиҳада болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг иштироки ва уларнинг мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда. Жумладан, ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши шартлиги, болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланиши назарда тутилмоқда.

Ҳужжатда таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмаслиги, таълим муассасаларида интизомий жазо чораси сифатида зўравонликнинг ҳар қандай шакли, шу жумладан жисмоний жазо ва бошқа шафқатсиз хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ёки қадр-қимматни камситувчи муомалани қўллашга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланмоқда.

Шу билан бирга, зўравонлик хавфи остида бўлган болалар тоифаларининг (етим, назоратсиз, ақлий ривожланишда нуқсони бор, фоҳишалик, тиланчилик билан шуғулланаётган болалар) қонун лойиҳасида аниқ белгилаб берилганлиги, соҳадаги ваколатли органларга зўравонликдан жабрланган, зўравонлик хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда зарур ҳолларда уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширишига ёрдам беради.

Шу сабабли ҳам мазкур ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши мамлакатимизда болалар ҳуқуқининг таъминланишини мустаҳкамлаш сари яна бир қадам бўлганини алоҳида таъкидлаш керак. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага кўра, қонун лойиҳаси бундан 4 ой муқаддам юқори даражадаги Давра суҳбати доирасида муҳокама қилинган, хусусан, болалар устидан зўравонликнинг ҳар қандай шаклига нисбатан якдил муросасиз муносабат шакллантирилган. Ўтган давр давомида ишчи гуруҳ томонидан сезиларли ишлар амалга оширилган.

«Қонуннинг жорий қилиниши профилактика ҳамда зўравонлик қурбонларига комплекс ёрдам кўрсатиш тизимини яратишга ёрдам беради. Бунда, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоялашда ҳар бир боланинг ҳуқуқларини таъминловчи ваколатли орган этиб белгиланди.

Биз билан биргаликда ушбу муҳим ҳужжат устида иш олиб борган барча кўнгилли одамлар, ҳамкорлар ва ҳамкасбларга миннатдорлик билдираман. Яна бир марта барчани болаларга нисбатан зўравонлик барҳам топиши учун кучларни бирлаштиришга ундаб қоламан!», дея таъкидлаган у Инстаграмдаги саҳифасида.

Лойиҳада, шунингдек, зўравонликдан жабрланган болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда уларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг умумий ва якка тартибдаги чора-тадбирлари белгиланмоқда. Хусусан, зўравонлик қурбонининг мурожаати, жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқлардаги хабарлар болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг якка тартибдаги чора-тадбирларини қўллаш учун асос бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг