Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жавлон Тошхўжаев вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жавлон Тошхўжаев вафот этди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, устоз санъаткор, режиссёр Жавлон Тошхўжаев 76 ёшида вафот этди.

Жавлон Ҳамидович Тошхўжаев 1943 йилнинг 11 декабрида Тошкент шаҳрида туғилган. 1953 йили — 10 ёшлигидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг болалар таҳририятида ҳаваскор диктор, 1960 — 1974 йилларда олий тоифадаги телерадиорежиссёр лавозимларида ишлаган. Радио фонотекаси «Олтин фонд»ида 200 дан зиёд асарлари мавжуд. «Табассум» радиожурнали, «Дугонажонлар», «Ёшлик радиостанцияси», «Аланга» радиожурналлари асосчиси.

Жавлон Тошхўжаев 1974 йилда Маданият вазирлигининг буйруғига кўра, Фарғона ва Андижон вилоятларига юборилган. 4 йил Қўқон шаҳар театрида режиссёр, 32 йил мобайнида Андижон вилояти маданият бошқармасида масъул лавозимларда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилояти мусиқали драма театрида театр директори ва бош режиссёри лавозимларида ишлаган.

Жавлон Тошхўжаев меҳнат фаолияти даврида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Жаноза номози бугун, 10 июнь куни пешинда «Минор» қабристони олдидаги оқ масжидда ўқилади.

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали марҳумнинг яқинларига таъзия билдиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг