Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда блокланган хорижий сайтлардан «қулф» ечилди

Ўзбекистонда блокланган хорижий сайтлардан «қулф» ечилди

Фото: «Лайфхакер»

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов Фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир томонидан эълон қилинган айрим хорижий ахборот веб-ресурсларига кириш имконияти чекланганлиги ҳақидаги маълумот ўрганиб чиқилган.

Ўрганиш натижасида кўрсатилган веб-ресурсларнинг Ўзбекистонда тўлақонли ишлашларига тўсиқ бўлган техник камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилди. Бугундан эътиборан «Voice of America», «Amerika ovozi», «BBC Uzbek», «Deutsche Welle», «Amnesty International», «Human Rights Watch», «Reporters sans frontieres», «Eurasianet.org», «AsiaTerra», «Fergana Agency», «Centre1», «Uzmetronom» каби веб-ресурслар ва бошқа хорижий веб-сайтлардан тўлиқ фойдаланиш имкони мавжуд бўлади.

Алоҳида эътироф этиш лозимки, давлатимиз раҳбари доимо Ўзбекистонда сўз ва ахборот эркинлиги зарурлигини таъкидлайдилар. Шунга кўра, Агентлик журналистлар мавқеини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик журналистикасини ривожлантириш, давлат органлари шаффофлигини оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида фаолиятини давом эттиради.

Шу билан бирга, биз хориж оммавий ахборот воситалари, умуман журналистлар жамоасини журналист этикаси тамойилларига риоя этишлари, тасдиқланмаган ва ёлғон ахборотлардан фойдаланмасликни, шунингдек, асосланмаган миш-миш ва гумонларни тарқатмасликларини сўраймиз, деб ёзади Комил Алламжонов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг